Бидъат ва унинг турлари

Бидъат сўзи луғатда “ўхшаши бўлмаган, янги пайдо қилинган нарса” деган маънони англатади.

Бидъатга берилган таърифлар турлича бўлиб, Изз ибн Абдуссаломнинг таърифи улариннг маъносини ўзида жамлаган: “Бидъат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсадир”.

Таърифга кўра ибодат ва одат масалаларида, яхши ва ёмон бўлган Қуръон ва суннатда йўқ, динда янги пайдо бўлган барча нарса бидъат ҳисобланади.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар». Имом Муслим ривояти.

Шунга биноан бидъат бир неча турларга бўлиниб кетади:

  1. Вожиб бидъат: Бунга наҳв илмини ўрганиш мисол бўлади.
  2. Ҳаром бидъат: Қадарийя, муржиъа, жабария каби фирқаларнинг пайдо бўлиши.
  3. Мандуб бидъат: таровеҳ намозини жамоъат билан ўқиш, мадрасалар ташкил қилиш
  4. Макруҳ бидъат: масжидларни нақшлар билан безаш.
  5. Мубоҳ бидъат: намоздан кейин қўл бериб кўришиш, еб-ичишда, кийинишда лаззатни ва чиройни ихтиёр қилиш каби амаллар мисол бўлади.

Уламолар мана шу турларни умумлаштирган ҳолда бидъатни икки турга: бидъати ҳасана ва бидъати саййиъага бўладилар. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Биддат икки хилдир: мақталган ва ёмонланган. Суннатга мувофиқ келгани мақталган, суннатга хилоф бўлгани эса мазаммат қилингандир”.

Бидъати ҳасаналар шариъатда асли бўлган ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин пайдо бўлган нарсалардир. Бунга Қуръоннинг жамланиши, наҳв фани қоидалари тузиб чиқилиб, ўрганила бошлагани, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг жума кунидаги азонга иккинчисини қўшганлари кабилар мисол бўлади.

Бошқа бир гуруҳ уламолар бидъатнинг барча кўринишини қоралайдилар. Имом Шотибийнинг қуйидаги таърифлари айни шу маънони ифода қилади: “Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юриш ила Аллоҳга ибодат қилишда муболаға қасд қилинади”. Уларнинг далиллари Оиша розияллоҳу анҳода ривоят қилинган ҳадисдир: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизнинг  бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у мардуддир”, дедилар”. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадис шарҳида бундай дейдилар: “Бу – динни сохталаштириб, бузишдан асровчи ҳадислар жумласидан бўлиб, муҳим қоидани ўз ичига олган. Яъни, динга зид ва диннинг далиллари, қоидаларига хилоф бўлган ҳар қандай бидъатни рад қилиш лозим эканлигини ифодалайди. Аммо динга зид бўлмаган, шу билан бирга, унинг асосларига таянган ҳолда кейинчалик динни ҳимоялаш учун жорий қилинган амаллар рад этилмайди” (“Фатҳул борий шарҳи саҳиҳил Бухорий” китоби).

Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида асли бор бўлган, ўзи эса кейин амалга кирган нарсалар бидъат ҳисобланмайди. Бунга намоздаги ва бошқа ибодатлардаги ниятни тил билан айтишни мисол қила оламиз. Баъзи уламолар ибодатлардаги ниятни хоҳ жаҳрий хоҳ махфий бўлсин тил билан айтишни бидъат санайдилар. Имом Абу Ҳанифа, Шофеъий, Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳимларнинг кўплаб асҳоблари ниятни талаффуз қилиш мустаҳаб амал деб айтадилар. Ибодатлардаги ниятни тил билан талаффуз қилиш мустаҳаблигига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умра ва ҳажлари учун талбия айтганлари далил бўлади. Бошқа ибодатларни ҳам мана шунга қиёс қиладилар. Ниятни талаффуз қилиш мустаҳаблигига “Ибодатда икки аъзо: қалб ва тилнинг жамланиши бир аъзонинг амалидан кўра авлодир”, деб ақлий далил ҳам келтирадилар.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

ўқитувчиси Нигматова Моҳира

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*