“Ҳикояларда акс этган 40 оят” рукни “Ёмонликни яхшилик билан даф қилиш”

Баҳорнинг сўнгги кунлари. Замин остонасида ёз кутиб турганига қарамай ҳаво салқин. Шишадек тиниқ осмоннинг у ер бу ерида кўриниб турган оппоқ пардек булутлар табиат ҳуснига янаям кўрк бағишлайди. Зич жойлашганидан тўқ қорамтир яшил рангида кўринаётган дарахтлар ортида чўққисида кумушранг қорлари товланган азим тоғлар ястаниб ётибди.  Майин эсаётган шамол димоғларга турфа хил гуллар ва ям-яшил дарахтларнинг, эндигина пишаётган кўм-кўк олмаларнинг   ифорини олиб келади.  Бугун ушбу гўзал манзарали табиат қўйнида жойлашган мўжазгина қишлоқ мактабида сўнгги қўнғироқ бўлди. Мактабдаги охирги кунларини кўзда ёш ва алланечук ҳислар билан тамомлаган битирувчи ўқувчилар гуруҳ-гуруҳ бўлиб кетиб борар, синфдошларнинг суҳбатлари ҳеч тугамайдигандек эди. Тошларга урилиб шарқираб оқаётган сойнинг чуқур қисми устидаги кўприкда эса Аҳмад унинг энг яқин дўсти Зайд ва безорилиги билан танилган Халил турибди. Халил ўн бир йил давомида Аҳмадни бирор марта фикрини маъқулламаган. Уни доим ўзига душман билган. Ҳозир ҳам у Аҳмадга: сен жуда кибрлисан, шунча йил давомида ҳаммани фақат ўзингга қаратишга ҳаракат қилиб келдинг. Фақат сени гапинг тўғри гўёки! деди пичинг қилиб. Зайд унга жавобан энди гапирмоқчи эди ҳамки Аҳмад унга жим бўл ишорасини қилди ва Халилга: балки сени гапинг ҳам тўғридир дўстим. Аммо мен сени бирор марта ҳам ёмон кўрмаганман, фикрингни ҳурмат қиламан. Яхши қол, сенга омад тилайман деди. Зайд ва Аҳмаднинг кетидан қўллари мушт бўлиб тугилган Халил қараб қолди ва жаҳл билан тепсиниб олди ортига қарамай эҳтиётсизлик билан юришга чоғланди шу онда унинг оёғи кўприкдан сирғалиб кесилган дарахтдек гурсиллаб тез оқаётган сойга қулади. Шовқиндан ортига ўгирилган Аҳмад ва Зайд шу томонга югурдилар. Халилни суза олмаслигини ҳамма яхши биларди. Аҳмад ҳеч нарсага қарамасдан ўзини сувга отди. Сойнинг оқими бўйича бир кўриниб бир кўринмай чўкиб бораётган Халилга тезда етиб олиб уни кийимидан маҳкам тутганича қирғоққа олиб чиқди. Халилнинг оёғи шикастланган экан. Аҳмад ва Зайд уни суяб Аҳмадларнинг уйига олиб бордилар. Аҳмаднинг отаси табиб эди. У шифобахш малҳамлар билан Халилнинг шикастланган оёғини боғлаб қўйди. Зайд Аҳмадга қараб: сен ўзингга душман бўлган болага шундай яхшилик қилиб қаҳрамонлик қилдинг, деди. Аҳмад унга жавобан: мен фақатгина онам ёшлигимда миямга сингдирган оятга амал қилдим халос деди. Зайд қизиқиб менга ҳам ўргатчи ўша оятни деди. Аҳмад виқор билан ўтириб Фуссилат сураси 34-оятини қироат қилди:

وَلَا تَسْتَوِي الْحَسَنَةُ وَلَا السَّيِّئَةُ ۚ ادْفَعْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ فَإِذَا الَّذِي بَيْنَكَ وَبَيْنَهُ عَدَاوَةٌ كَأَنَّهُ وَلِيٌّ حَمِيمٌ

“Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарида адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур.[1]

Шу пайт ичкари хонадан оқсоқланганича чиқиб келган Халил Аҳмадни олдига юриб келиб уни бағрига босди ва мени кечир Аҳмад шунча йилдан буён қалбимда сенга ҳасад ва адоватдан бошқа нарса йўқ эди. Аммо сен мени ҳаётимни сақлаб қолдинг. Бугундан бошлаб биз учаламиз қиёматли дўстлармиз деди. Ҳатто улар битта олийгоҳга киришга келишиб олдилар…

Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм

[1]Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*