Аёлларнинг никоҳлари учун валий шартми?

Никоҳ шариатимизда кўп тарғиб қилинадиган суннат амаллардандир. Бу иш икки никоҳланувчининг ўзаро розилиги  билан амалга ошади. Лекин аёл киши ўзининг валийсининг рухсати билан никоҳ қуриши мақсадга мувофиқ. Шундай бўлсада никоҳда валийнинг шарт ёки шарт эмаслиги, валийнинг рухсатисиз никоҳ боғланиши ёки боғланмаслиги ҳақидаги шаръий ҳукмни билиб олиш лозим ва унинг аксини айтишга ҳаққимиз йўқ.

 

Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай дейди:

Бас, агар яна талоқ қилса, бундан кейин у аёл токи бошқа эрга тегиб чиқмагунча унга ҳалол бўлмас. Агар у ҳам талоқ қилса, гар Аллоҳнинг чегараларида туришга ишонсалар, бир-бирларига қайтсалар, гуноҳ бўлмас. (Бақара 230)

 

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло  “у аёл токи бошқа эрга тегиб чиқмагунча” деди, “Валийи тарафидан никоҳланмагунича” демади.

“Қайси бир аёл ўзини валийидан ижозатсиз никоҳласа, унинг никоҳи ботилдир, ботилдир, ботилдир” ҳадиси оҳод хабар ҳисобланади. Бу оҳод хабарга амал қилинадиган бўлса, Қуръони каримда келган хоснинг ҳукми кўтарилиб кетади. Шунинг учун Қуръонда келган ҳукмга  амал қилган ҳолда  балоғатга етган қиз эрга тегишда ўзининг мустақил ҳуқуқига эга деб ҳукм қилинади.

Ушбу масалада ҳанафийларга шофеъийларнинг мутааххир уламолари ҳам мувофиқдирлар.

Балоғатга етган қизнинг ўз валийсининг изнисиз никоҳланиши жоизлигига яна бир далил сифатида ҳанафий олимлар қуйидаги оятни келитирадилар:

“Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари охирига етганда, яхшилик билан ўзаро рози бўлишиб, эрларига қайта никоҳланишларини ман қилиб, қийинлаштирманг”. (Бақара 232)

Ушбу оятда ҳам Аллоҳ таоло “эрларига қайта никоҳланишларини ман қилиб, қийинлаштирманг”

деган. “Валийлари тарафидан қайта никоҳланишлари” демаган. Ушбу оятни ҳам оҳод ҳабар билан хослашнинг имкони йўқ. Яъни валий тарафидан никоҳланишлари сўзини билан хослаб бўлмайди. Оятнинг умумийлигига кўра амал қилинади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, никоҳ валийнинг изни билан бўлиши бизнинг мазҳабимизга кўра никоҳнинг шартларига кирмайди. Валийнинг рухсатисиз никоҳ боғланаверади.

 

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар

ўрта махсус ислом таълим

муассасаси катта ўқитувчиси

Сурайё Ибрагимова 

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*