Ватанга муҳаббат

Ватан остонадан, инсоннинг киндик қони тўкилган тупроқдан бошланади. Кишининг туғилиб ўсган уйи, маҳалласи, қишлоғи, яқинлари – Ватан деган тушунчада мужассам. У кенг маънода бирор халқ вакиллари жамулжам яшаб турган, уларнинг аждодлари азал-азалдан истиқомат қилган ҳудудни англатади.

«Ватан» атамаси аслида арабча сўз бўлиб, она юрт маъносини англатади. Ватан меҳри аввало, инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр-муҳаббатидир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан экани кўп зикр этилади. Бу ҳақда: «Ватанни севмоқ имондандир» дейилган ҳикматни эсга олиш кифоя. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғу бўлгани учун ислом уни имоннинг бир бўлаги деб қарайди.

Улғайиб вояга етган заминга меҳрли бўлиш, унинг ҳар бир ҳовуч тупроғини муқаддас деб билиш, кўзга тўтиёдек суртиш, бир умр фарзандлик садоқати билан яшаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланади. Ватанни севиш ҳисси инсонда туғма бўлса ҳам, албатта уни ривожлантириш ва тарбия қилиш лозим. Яъни, ватанга бўлган муҳаббат тарбиялангандагина Ватанпарварлик деб аталган улкан туйғуга айланади. Шу боис ота-оналар фарзандлар қалбига ватанпарварлик туйғусини жойламоқлари лозим.

Бутун мусулмон оламига диний билимларни ўргатиб келган Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий, Қаффол Шоший каби буюк боболаримиз ҳам Ватанга бўлган кучли муҳаббатлари туфайли ўзларининг тахаллусларини киндик қонлари тўкилган юрт номи билан боғлаганлари ҳам ана шундай эътироф ва эътиборнинг ўзига хос амалий ифодаси ҳисобланади.

Буюк шоир ва саркарда, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ҳам Ватанни қадрини англашга ёрқин мисол бўла олади. Ўз даврининг йирик давлатларидан бирининг ҳукмдори бўла туриб, бир умр Андижонни, сўлим Фарғонани, бобокалонларидан мерос Самарқандни қўмсаб ўтади, ижодининг салмоқли қисмида Ватан соғинчи иси уфуриб туради.

Келтирилган ибратли мисоллардан маълум бўладики, Ватан инсон учун муқаддас, ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайдиган туйғу, у ўз-ўзидан севилишга, ардоқланишга ва қадрланишга лойиқдир.

Ватан – муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу тўғрида Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом ; «Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини», – деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 52-моддасида «Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар» деб таькидланган.

Юртимиз довруғини дунёга таратган буюк аждодларимиздан, кубравия таълимоти асосчиси Нажмиддин Кубро ҳақиқий Ватан ҳимоячиси қандай бўлишининг ёрқин мисоли бўла олади. Замонасининг йирик алломаларидан, минглаб муридларга эга бўлган бу тариқат пешвоси мўғуллар бостириб кирганлигидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукмдорлар Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади. Ватанни ўз жонидан устун билган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жангга киради ва туғ кўтариб, лашкарни олға чорлаб бораётган ҳолатда шаҳид бўлади. У зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, байроқни қўлларини кесибгина олишга муваффақ бўлишади. Тарихимиздан бунга ўхшаш мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб кириш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.
Ҳар бир инсон ўз ватани, оиласи ва халқини кўз қорачиғидек асраб-авайлаши лозим. Аксинча, ватанига хиёнат қилиш, ота-онаси, фарзандлари ва халқининг қадрига етмаслик, уларни ўйламаслик ёки уларга қарши қурол кўтариш исломдаги энг оғир гуноҳ ва жиноятдир. Бу нарса инсонийлик мезонига ҳам тўғри келмайди. Зеро, инсон ўз Ватанининг равнақи учун фидойилик кўрсатиши, бу йўлда керак бўлса, жонини ҳам бериши лозим бўлади.

Биз бугун Ўзбекистон ёшлари тинч ва фаровон юртда яшар эканмиз доимо ушбу тинчликнинг қадрига етмоғимиз, бизга берилган имкониятлардан оқилона фойдаланмоғимиз лозим. Чунки биз айни пайтда баҳраманд бўлиб турган неъматлар сон саноқсиздир. Оддий ичимлик сувини олайлик. Кўпчилик ҳар куни арзимаган сабаблар туфайли жўмракдан соатлаб сув оқизиб қўяди. Ана шу исроф қилинаётган сувнинг бир томчиси дунёнинг бошқа жойида яшайдиганлар учун топилмас хазина, тенгсиз неъмат. Демак биз дунёдаги сувсизликдан азобланиб яшаётган икки миллиард одамдан бахтли эканимизни англашимиз ва шукр қилишимиз лозим.

Аслида, биз буни билиш ва англаш имконига эгамиз. Чунки биз ўқий оламиз. Лекин бу ўқий олиш неъматини ҳам қадрламаймиз. Ҳолбуки мана шу ёзувларни ўқий олишимиз бизнинг ер юзидаги уч ярим миллиард саводсиз инсондан бахтиёрроқ эканимизни кўрсатади.

Ҳозир қанча қанча мамлакатлар аҳолиси нотинч вазият туфайли туғилган ерини ташлаб, ўзга юртларда сарсон бўлиб юрибди. Биз эса уйимизда, тинч осуда ҳаёт кечирмоқдамиз. Аллоҳ таоло бу неъматларга бизни лойиқ кўрди! Биз уларнинг шукрини адо этишимиз ва доимо ҳушёр бўлишимз лозим.

Иродахон Нодирова,
Хадичаи Кубро аёл-кизлар
ўрта махсус ислом билим юрти 2-курс талабаси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*