Даврнинг энг яхши аёли

Хадийжа бинти хувайлида

Вафотига қадар пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ягона ва биринчи аёлларидир. Пайғамбаримиз қолган аёларига Хадийжа онамиздан кейин уйланганлар. Бадавлат бева аёл (бойлик уларга вафот қилган иккинчи эрлариидан қолган), баланд бўйли, ақлли, оқтанли, жуда гўзал ва қатъиятли. То пайғамбаримиз билан учрашгунларига қадар, ҳеч кимга ўзларининг бойлик ва тақдирини боғламоқликка йўл қўймаганлар. Хадийжа онамизнинг вафотларидан сўнг пайғамбаримизнинг ҳеч бир аёллари у зотнинг қалбларида Хадийжадек жой эгалламаганлар.

Дунё аёлларининг энг яхшиси ўз даврида Имрон қизи Марям эди, бу даврнинг энг яхши аёли эса Хадийжадир (Са-хих ал-Бухорий). Пайғамбармизга турмушга чиққунларига қадар Хадийжа (розияллоҳу анҳо) Бану Усайд қабиласидан бўлган Абу Хала ибн Маликнинг никохида эди. Ундан Ҳинд исмли ўғил ва Зайнаб исмли қиз фарзанд кўрганлар. Абу Халага қадар эса Усаййик ибн Абид билан турмуш қурган эдилар ва ундан ҳам Абдуллоҳ исмли ўғилари ва Жария исмли қизлари бор эди. Хадийжа онамиз ҳар доим ўз қариндошларига, камбағалларга, шунингдек, оила қуришга қийналганларга ёрдам қўлини чўзар эдилар. Хадийжа онамизга Араб ярим оролининг бой зодагонлари, обрўли кишилари совчи қўйганларида, рад жавобини берганлар. Ҳаётлик даврларида Хадийжа онамиз Қурайшликлар маликаси, Ат-Тоҳира, Ал-Кубро деган номга эга бўлганлар. Хадийжа онамиз савдогарларга маблағ бериб, савдолари учун мол олиб келтирар эдилар. Пайғамбаримизнинг тўғри сўз ва ишончли эканликлари ҳақида ҳабар топгач, уларга тижорат учун катта маблағни ишониб топшириб, Шомга жўнатдилар. Пайғамбаримиз Шомга Хадийжанинг қули Майсара билан жўнаб кетдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайтгач, Хадийжа (розияллоҳу анҳо) катта даромадга эга бўлдилар.

Бундан ҳам афзаллари Майсара кўрган мўжизалар бўлди (Айрим уламоларнинг айтишларича бу мўжиза икки фариштанинг қуёш нурларидан пайғамбаримизни тўсганликларидир). Хадийжа (розияллоҳу анҳо) дугонаси Нафиса бинт Манияни пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига улар билан турмуш қуриш истаклари борлигини билдириш учун юбордилар ва улар турмуш қурдилар. Бу вақтда Хадийжа (розияллоҳу анҳо)нинг ёшлари ўттиз тўққиз пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёшлари эса йигирма бешда эди. Хадийжа (розияллоҳу анҳо) вафотларига қадар пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни қўллаб-қувватладилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларни исломга даъват қилганларида душманлардан ҳимоя қилдилар, энг қийин вазиятларда ёнларида бўлдилар. Исломни биринчи қабул қилган инсон бўлдилар, маблағларини ислом манфаати учун сарфладилар. Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан рашқ қилмадим. Фақатгина Хадийжадан рашқ қилдим. Мен уни кўрмадим ҳам. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қачон қўй сўйсалар, Хадийжанинг дугоналарига юборинглар, дер эдилар. Бир куни у зотнинг ғазабларини чиқариб: «Хадийжа!»дедим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Албатта, менга унинг муҳаббати берилган», дедилар» (Икки шайх ва Термизий ривояти).

Хадийжа (розияллоҳу анҳо) пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Иброҳим исмли ўғилларидан ташқари барча фарзандларининг онасидир ва пайғамбаримизга Қосим, Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум, Фотима, Абдуллоҳ исмли фарзандлар ҳадя қилганлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўғил фарзандлари ёшлик чоғларида вафот этган. Қиз фарзандлари эса, пайғамбарлик даврларида исломни қабул қилиб, Маккадан Мадинага хижрат қилганлар. Фотима онамиздан бошқалари пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётлик давриларида вафот этганлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амакилари Абу Толибнинг вафотларидан сўнг, Хадийжа (розияллоҳу анҳо) ҳам вафот қилганлар.

Аллоҳ таоло Хадийжа бинти Хувайлид (розияллоҳу анҳо)дан рози бўлсин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 4-курс талабаси
Саидханбалова Робия

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*