Ҳофизи Каламуллоҳ бўлиш шарафи…

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Қуръон – Аллоҳ таоло, Ўзининг сўнгги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Жаброил алайҳиссалом воситасида, ваҳий орқали нозил қилган, муқаддас азалий каломидир. Шунинг учун, Қуръон сўзига, уни улуғлигига далолат қилувчи Карийм, Шарийф каби сўзларни қўшиб ишлатилади.

Қуръони Карим, Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан, бизгача, Аллоҳ таолонинг, солиҳ бандалари воситасида, мутавотир орқали етиб келган.

Қуръони Каримни ёдлаш, илмларнинг боши бўлиб, Аллоҳ таолога маҳбуб бўлган, Ўз неъмати ила хослаган бандаларига ана шу илмдан юқтиради. Бу улуғ ибодат, энг савобли, даражаси улуғлиги жиҳатидан ниҳоятда маҳбуб бўлиши билан бирга, ўта машаққатли, бандадан сабр талаб қилувчи амалдир. Аллоҳ таолонинг каломига ҳофиз, ҳомил бўлган бандалар, шунинг учун ҳам, икки дунёда улуғланган, шарафланган бандалардир.

Ҳақиқий ислом руҳи ила камол топган, ҳофизи Қуръон бўлган ота-боболаримиз, динимизга қаттиқ қаршиликлар кўрсатилган, унга амал қилинмаслиги учун барча имкониятлар ишга солинган мустабид тузум даврида ҳам, ўз авлодларига Аллоҳ таолонинг каломи омонатини гўзал адо этганлар. Бунга ёрқин далил бўлган, «Совет даврида, бир болакайнинг қандай Қуръон ёдлагани ҳақида»ги ҳикояни билмаганлар кам бўлса керак?!

«Агар инсон бир нарсани чин дилдан хоҳласа, иншаАллоҳ, унга албатта эришади», – деб бошланади ҳикоя. Дубайдаги Қуръон ёдлаш курси раисининг муовини, Саид Хаариб ҳикоя қилиб айтади: «Дубайдаги Қуръон мусобақаларининг бирида, собиқ Совет иттифоқи ҳудудудан келган бир болакай 1-ўринни эгаллади. Унинг ёши ўн иккида бўлиб, ҳақиқатдан ҳам бу ҳолат, диққатга сазовор эди. Биз ундан Қуръони Каримни қандай ёд олгани ҳақида сўрадик:
– Ким сенга Қуръонни бундай тажвидли ва чиройли қилиб ёдлатган?.
– Отам,- деб жавоб берди у.
– Отангга ким ўргатган?
– Бобом,- деди у. Биз унинг жавобидан ажабландик ва сўрадик:
– Отангга бобонг атеист Совет даврида қандай қилиб ўргатган? У пайтда динига амал қилган мусулмолар тўғридан-тўғри ўлдириб юборилган-ку.
– Отам менга айтиб берганларки: бобом уларни эшакка мингаштириб, қишлоқ ташқарисига олиб чиқар эканлар. Сўнг кўзларини боғлаб, яна эшакка мингаштириб, бир тоғ бағридаги ғорга олиб борар эканлар. Кўзларини ечиб ўша жойда беркитилган Қуръонни олиб берар эканлар. Отам кун бўйи Қуръондан ёдлай олганича ёдлар эканлар. Сўнг яна кўзларини боғлаб, ортга қайтишар экан. Шу аснода Қуръонни ёдлаган экан,- деди болакай. Биз жуда ҳайратда қолдик ва дедик:
– Нега бобонг Отангнинг кўзини боғлаган экан? Борган жойларини кўрсатмасликнинг сабаби нима? У дедики:
– Биз ҳам бу ҳақида қизиқиб, отамдан сўраганимизда, отам бундай деганлар: Бобонг бу ишни мен учун қўрққанлари туфайли қилгам эканлар, яъни Совет ҳукумати мени ушлаб олиб қийнаганида, заифлик қилиб, ғордаги Қуръон ўргатиладиган мадрасани айтиб қўйишимдан қўрққан эканлар. Чунки у мадраса ўшанда мусулмон болалари Қуръондан ажраб қолмасликлари учун хизмат қилар эди».

Эй Аллоҳ, ота-боболаримиз нима ишлар қилган-у, бизлар нима ишлар қилмоқдамиз?! Гарчи Аллоҳ Таоло ўз каломида рост сўзлагандир: «Қуръонни Биз нозил қилдик ва уни Ўзимиз сақлаймиз.» Бу ҳикоя Қуръонни ёдлаш у ёқда турсин, масжиднинг ёнида яшаб туриб намозга чиқмайдиганларга нақадар чиройли ибрат! Субҳаналлоҳ! Дунёнинг ҳар тарафида Қуръон ёдлашга ҳақлари бўлсаю, эрта Роббисига ёълиққанда фойда берадиган Қуръон ҳақида, уни ёдлаш ҳақида фикр юритмаса? Аллоҳим бизларни тўғри ёълдан адаштирмасин» деб, ҳикоясини тугатди.

Бу ҳикоя қалбида Аллоҳга, Унинг муборак каломига муҳаббат бўлган ҳар бир банданинг Қуръони Каримни ёдлашга, уни фарзандларига ёдлатишга бўлган иштиёқи янада зиёда бўлишига ёрдам беради.

Бугунги кунда, Юртимизда Қуръони Каримни ёдлаш учун жуда кенг имкониятлар яратилган. Аллоҳ Каломи илмини ўрганмоқчи бўлган ҳар бир инсон учун ушбу муборак ишга ходим бўлган Устозлар тиним билмай хизмат қилмоқдалар. Фақатгина илм талаб қилувчилардан ихлос, илм ва унга яраша амал ҳамда тақво талаб қилинади.
Аллоҳ таоло барчамизни Ҳофизи каламуллоҳ бўлиш бахтини насиб этсин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом
билим юрти 3-курс талабаси
Собиржонова Муслима

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*