Абул Баракот ан-Насафийнинг ҳаёти ва илмий саёҳатлари

Имом Насафийнинг ҳаёти Насафдан етишиб чиққан забардаст олимлардан бири Абул Баракот ан-Насафий ўзининг чуқур билими, тафсир, ақида ва фиқҳ соҳаларидаги етук илми билан машҳур бўлди. У туғилиб, яшаган давр илмий, маданий ва иқтисодий муҳити анчагина ачинарли аҳволда эди. Чунки ўша пайтларда мўғуллар Мовароуннаҳрни Чиғатой улуси таркибида тўла бошқараётган ва илм-фан, маданият ҳамда иқтисод сўнган эди. Шу сабаб манбаларда Абул Баракот ан-Насафий яшаган давр, ижтимоий-маданий ҳаёт ҳақидаги маълумотлар деярли учрамайди. У пайтда Шарқ таназзулга юз тутган, мўғуллар кўзга кўринган зиёлилар, илм пешволари ва дин аҳлини ўлдирганлар, омон қолганлари ҳам бошқа юртларга кўчиб кетганлар. Масалан, тафсир китобини ёзган ва «қозиларнинг пешвоси» номига мушарраф бўлган Абу-Сано Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Маҳмуд аз-Зинжоний 656/1258 йилда Бағдодда қатл этилган. Буюк сўфий олим Нажм ад-дин Кубро эса 618/1221 йилда Хоразм жангида ҳалок бўлган. Ибн ал-Асирнинг маълумот беришига қараганда, мўғуллар давлатларни эгаллаганда одамларни тиғдан ўтказиб, уй ва биноларга ўт қўяр эдилар. Фақат қочиб, таслим бўлиб ёки ўликлар орасида ўзини ўликка солганларигина тирик қолар эди. Абул Баракот ан-Насафий ҳақида кўплаб араб биографик манбаларида қисқа ва бир-бирини такрорлайдиган маълумотлар берилган. У адабиётларда қуйидагича тавсифланган:

الشيخ الإمام المعظم، والحبر الهمام المقدم، وأستاذ أهل الأرض، محيى السنة والفرض، وكشاف حقائق أسرار التنزيل، مفتاح دقائق أسرار التأويل، ترجمان كلام الرحمن، صاحب العلم المعاني والبيان، الجامع بين الأصول والفروع، المرجوع إليه في المعقول والمسموع، حافظ الملة والدين، شيخ الإسلام والمسلمين، وارث علوم الأنبياء والمرسلين، أكمل فحول المجتهدين، قدوة قدوم المحققين.

«Шайх, улуғ имом, пешқадам аллома, Ер аҳлининг устози, суннат ва фарзнинг жонлантирувчиси, Қуръон маъноларини кашф қилувчи, таъвилнинг нозик жиҳатларини билувчи, Илоҳий калом таржимони, маъони ва баён илмлари соҳиби, фиқҳ ва усул ал-фиқҳнинг билимдони, ақлий ва нақлий масалаларнинг таянчи, дин ва миллат ҳимоячиси, ислом ва мусулмонлар етакчиси, пайғамбарлар илмлари меросхўри, етук мужтаҳид, муҳаққиқ олимларнинг машҳури». У Насафда туғилган бўлса-да, Бухорода таълим олган, ёшлик даври диний-илмий муҳитда ўсган, илм талабида кўплаб мамлакатларга борган ва катта обрў-эътибор топган. Илмга берилиб, сиёсий жараёнлардан узоқда бўлган ва илмий доираларда катта шуҳрат қозонган. Унинг номи жуда кўп жойларга тарқалган. Тахминан 1280 йилларда Кирмон шаҳридаги «ал-Қутбия ас-султония» мадрасасида мударрислик қилган. Сўнг, Бағдодга келиб, у ерда талабаларга таълим берган. Ан-Насафий жуда тақводор ва диёнатли бўлган. Араб ва форс тилларини мукаммал билган.

Абдулҳай ал-Лакнавий уни «замонасида тенги йўқ комил имом, фиқҳ ва усул ал-фиқҳ олимларининг етакчиси, ҳадис ва унинг маъноларида ўткир олим бўлган» Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (773/1372-852/1449) эса «алломаи дунё», деб таърифлаганлар.

Абдулҳай ал-Лакнавийнинг «ал-Фаваид ал-баҳия» асарида Ибн Камол Бошонинг ан-Насафий ҳақида «Кучли билан заифни ажрата оладиган, асарларида мардуд сўзлар ва кучсиз ривоятларни келтирмайдиган муқаллид, фақиҳ олимлар жамоасидандир. У билан ижтиҳод даври тугаган, ундан кейин мазҳабда ижтиҳод қиладиган мужтаҳид қолмаган», – деб айтган гапи келтирилади. Мазкур асарда яна айтилишича, «Ҳофиз ад-дин», яъни «динни ҳимоя қилувчи» деган шарафли номга фақат икки киши – Абул Баракот ан-Насафий ва Ҳофиз ад-дин Абул-Фадл Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Наср ал-Кабир ал-Бухорийлар муяссар бўлганлар холос . Бу икки аллома ҳам ўша даврнинг етук олими Шамс ал-аимма ал-Кардарийдан таълим олганлар .

Бундан ташқари, «Абул Баракот» кунясига эга Шайх Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Саид ат-Тикритий ҳам ўз замонасининг адиб ва шоир бўлган. Дастлаб, у ҳанбалий, сўнгра ҳанафий ва кейинроқ шофиий мазҳабига ўтган. Бундай кунялик яна бир файласуф ва физик олим Абул Баракот Ҳибатуллоҳ ал-Бағдодий ал-Баладий (470/1077-560/1164-6) ҳам бўлиб, у «Авҳод аз-замон» («Замонининг ёлғиз олими») шарафига муяссар бўлган.

Носир Муҳаммад ўзининг «Насаф ва Кеш алломалари» асарида яна бир ХИВ асрда яшаган «Ҳофиз ад-дин» номига сазовор бўлган Насафлик алломани келтиради. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида 4834/2208 рақами остида унинг «Манзумот ал-кавокиб» («Юлдузлар достони») номли асари сақланмоқда. Унинг тўлиқ исми – «Ҳофизуд-дин Абул Баракот Абдуллоҳ ибн ан-Насафий» деб ёзилади. Бу олимнинг кимлигини аниқ ўрганиш лозим. Чунки «Абдуллоҳ ибн ан-Насафий» деб отасининг исми ўрнига унинг нисбатини бериш бу шахснинг ўрганилиши лозимлигини кўрсатади.

Абдулҳай ал-Лакнавийнинг «ал-Жаваҳир » асарида Абул Баракот ан-Насафий Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Аттобийдан «зиёдот» ривоят қилгани айтилади. Лекин олимлар буни инкор этиб, у икки олим яшаган давр бошқа экани, ал-Аттобий 586/1190 йилда, ан-Насафий эса 710/1310 йилда вафот этганини далил қиладилар.

Абул Баракот ан-Насафийнинг асарлари қуийдаги илмларни ўз ичига қамраб олади:
– тафсир;
– ақида;
– фиқҳ;
– усул ал-фиқҳ;

Эҳтимол, олимнинг ўз асарларида динга оид бу илмларни қамраб олишига асосий сабаб мўғуллар даврида ушбу илмларни қайта жонлаштиришга эҳтиёжнинг пайдо бўлганидадир.

Имом Насафийнинг тўлиқ исми Абул Барокат Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд бўлиб, Мовароуннаҳр юртидан чиққан мутааххир уламоларнинг зоҳидларидан(тақводорларидан)ҳисобланади. Имом Насафий ўз замонасининг зиддиятлари, сиёсат оламидаги қаттиқ-қўллик, ҳар тарафлама ҳужум қилаётган истилочиларнинг зулмларига қара-масдан ўз асрининг фиқҳ ва усул илмларида етук олим, ҳадислар ва уларнинг маъноларини билимдони, Аллоҳ таолонинг китобини яхши англовчи – муфассир эдиларки, ҳозиргача уламолар ва илми толиблар ўртасида олимнинг китобларидан кенг ва самарали фойдаланилади.

Абдулҳай Лакнавий ўзининг “Фавоудул баҳил фи тарожумил ҳанафия” китобида имом ан-Насафий ҳақида шундай дейди:“Абдуллоҳ бин Аҳмад бин Маҳмуд Абул Барокат ан-Насафий Мовароуннаҳрдаги Сўғд юртларидаги Насаф деган жойда туғилган. У замонасининг тенги йўқ комил имоми, фиқҳ ва усулда етакчи, ҳадис ва унинг маъноларини жуда яхши билувчи олим эди”.

 

Хадичаи Кубро аёл-кизлар ўрта махсус
ислом билим юртининг 4-курс талабаси

Саидхонбалова Робия

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*