Қобил ва Ҳобил ҳақидаги қисса

Одам болалари қиссаси Қуръони каримнинг Моида сурасида келган. Унда Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларга Одамнинг икки ўғли ҳақидаги хабарни ҳақрост тиловат қилинг, ўшанда у иккови қурбонлик қилганларида бировларидан қабул қилинган, иккинчиларидан қабул қилинмаган эди. Шунда у: «Қасамки, сени ўлдирурман» деганида биродари айтди: «Аллоҳ фақат тақводорлардангина қабул қилур». Қасамки, агар сен мени ўлдириш учун қўл чўзсанг, мен се­ни ўлдириш учун қўл чўзгувчи эмасман. Чунки мен бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ таолодан қўрқаман. Мен сени менинг гуноҳим ҳамда ўзингнинг гуноҳинг билан қайтиб, дўзах эгаларидан бўлиб қолишини истайман. Золимларнинг жазоси шудир. Бас, нафси унга биродарини ўлдиришни чиройли кўрсатиб (Қобил) уни ўлдирди ва зиён кўргувчилардан бўлиб қолди. Сўнгра Аллоҳ унга биродарининг мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ер титадиган бир қарға юборди. У (қарғанинг қилаётган ишини кўриб): «Менга ўлим бўлсин, мана шу қарғачалик бўла олмадимми – биродаримнинг мурдасини ўзим кўма олмадим­ми?!», деб надомат қилгувчилардан бўлиб қолди. Ана ўша (қотиллик) сабабли Биз бани Исроил зиммасига (шундай фармонни) битдик: Кимки бирон жонни (ўлдирмаган) ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган бир одамни ўлдирса, демак, у гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, демак, у гўё барча одамларга ҳаёт берибди. Дарҳақиқат, Бизнинг пайғамбарларимиз уларга (бани Исроилга) мана шундай ҳужжатлар келтирдилар. Шундан кейин ҳам уларнинг кўплари ер юзида (қон тўкиш билан) ҳаддан ошиб юргувчидирлар» (Моида, 27–32).
Ушбу ояти карималар Мусо (алайҳиссалом) қавмининг разилликлари ҳақидаги узун ҳикоядан сўнг келтириб ўтилади. Қавм у кишига эргашмади, балки хилоф иш тутиб, манманлик ва одобсизлик билан «Бас, боргин (Эй Мусо), сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб (кутурмиз)», дедилар (Моида, 24).
Ушбу оятни келтиришдан мақсад, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ўз қавмларидан етган жабр-зулм ва азиятларни енгиллатиш ва Пайғамбарга эргашмай, унга адоватда бўлиш, худди Қобилнинг ўз биродари Ҳобилга бўлган ҳасади ва душманлиги каби эканлигини баён қилиш эди.
Яъни, эй Муҳаммад, одамларга ҳақиқат билан ибрат ва насиҳат олишлари учун Одамнинг икки ўғли Қобил ва Ҳобил қиссасини тиловат қилинг. Улардан ҳар бири қурбонлик, яъни у билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш учун ўз молларидан садақа қилдилар. Аллоҳ Ҳобилнинг садақасини содиқ ва ихлосли бўлганлиги учун қабул қилди. Қобилнинг садақаси эса унинг нияти ёмонлиги ва тақвоси йўқлиги сабабли қабул қилинмади. Шунда у ўз биродари Ҳобилга ҳасад ва зулм билан шундай деди: “Сенинг садақанг қабул қилиниб, меники рад этилганлиги сабабли, энди сени аниқ ўлдираман”.
Бунга жавобан тақво ва ихлос соҳиби бўлмиш Ҳобил золим ва ҳасадгўй Қобилга шундай жавоб берди: «Аллоҳ фақат тақ­водорлардангина қабул қилур».
Яъни, тоат-ибодат ва садақаларни Аллоҳ таоло фақатгина ундан ошкора ва махфий тарзда қўрқувчи муттақий бандаларидан қабул қилади, Аллоҳ берган неъматга ҳасад қилгувчи золим бандалардан эса қабул килмас, сен ҳам Аллоҳ таоло садақангни қабул қилиши учун тақводорлардан бўл! Ҳобилнинг Қобилга берган жавоби энг юксак панд-насиҳат ва иршодлардан иборатдир. Яъники, у садақани қабул қилинишида тақво ва нафсини Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган нарсалардан тийиб юриш васила эканлигини таъкидламоқда.
Сўнгра Ҳобил ваъз-насиҳат қилишдан, ўз қалбини поклиги ва сахий, бағрикенглигини намоён этувчи сўзларга ўтади: «Қасамки, агар сен мени ўлдириш учун қўл чўзсанг, мен сени ўлдириш учун қўл чўзгувчи эмасман. Чунки мен бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқаман».
Яъни, Ҳобил Қобилга ўзаро биродарлик ҳақларини эслатиб шундай деди: “Агар сен мени зулм ва ҳасад қилиб ўлдирмоқчи бўлсанг, мен сени ўлдиришга қодир бўлсам-да, бундай қилмайман, чунки мен оламлар Раббиси бўлмиш Аллоҳ таолодан қўрқаман ва У мени сенга қарши қўл чўзганимни кўриб қолишидан чўчий­ман. Зеро, бировни ноҳақ ўлдириш катта гуноҳдир, хусусан агар бу ик­ки ака-ука ўртасида содир бўлса…” Қобил: «Сени ўлдирурман», дея қасам ичди ва Ҳобил ҳам бировни ўлдиришдан тийилиши учун қасам ичди. Шу ерда икки ака-ука ўртасида ахлоқ-одоб ва табиат жиҳатидан катта фарқ борлиги кўзга ташланади.
Шундан сўнг Ҳобил насиҳат қилишда бошқа услубга ўтди, яъни ноҳақ қотиллик қилгувчиларнинг тақдири ёмон бўлиши­ни айтиб ўтди: «Мен сени менинг гуноҳим ҳамда ўзингнинг гуноҳинг билан қайтиб, дўзах эгаларидан бўлиб қолишингни истайман. Золимларнинг жазоси шудир».
Яъни, Ҳобил Қобилга огоҳлантириб деди: Аллоҳ таоло сенга фақат тақводор бандаларидангина қабул қилишини баён қилди, сен улардан бўлгин, мен сенга биродарлик ҳақларини эслатдим, сени ўлдиришдан мени тўсаётган нарса Аллоҳ таолодан қўрқу­вим эканлигини ҳам айтиб ўтдим. Охири сенга айтаманки: Мен сени Аллоҳ таолога зулм ва ҳасад туфайли қотиллик гуноҳингни кўтарган ҳолатингда Аллоҳ таолога қайтишингни хоҳлайман. Ва шу гуноҳинг туфайли охиратда жаҳаннам эгаларидан бўласан, бу адолатли ҳукм ҳамда ўз нафсларига ва ўзгаларга зулм қилгувчи кимсаларнинг жазосидир.
Ҳикоянинг шу еригача Ҳобил ўз акасига бир қанча ҳикматли насиҳатлар қилиб ўтди, баъзида тарғиб билан, баъзида эса тарҳиб (қўрқитиш) билан.
Лекин Қобил ушбу насиҳатларга қулоқ солмай, энг жирканч ва қабиҳ жиноятга қўл урди. Келаси оятда у ҳақида айтиб ўтилади: «Бас, нафси унга ўз биродарини ўлдиришни чиройли кўр­са­тиб (Қобил) уни ўлдирди ва зиён кўргувчилардан бўлиб қолди».
Қуртубий «Бас, нафси унга чиройли кўрсатиб…» жумласини қуйидагича тафсир қиладилар: «Нафси бу ишни қилишга уни васваса қилди, руҳлантирди ва ўз биродарини ўлдиришни осон қилиб кўрсатди ва Қобил бу ишни қилди».
Яъни, Қобил эшитган насиҳатларни унутди, нафси унга ўша оғир жиноятни зийнатлаб қўйди, уни ўлдирди ҳамда дунё ва Охиратда ҳасрат қилгувчилардан, зиён кўргувчилардан бўлиб қолди. Унинг дунёда ҳасрат қилгувчилардан бўлиб қолишига сабаб, у ўз укасини ўлдирди, ака-ука бир-бирига суянчиқ, ёрдамчи, у ана ўша нарсадан айрилган эди. Охиратда ҳасрат қилгувчилардан бўлиб қолишига сабаб эса, у оғир жиноят, яъни одам ўлдиришдек манфур бир гуноҳ ишга қўл урганди.
Кейинги оятда ака ўз укасини ўлдирганидан сўнг нима содир бўлганлиги айтилади: «Сўнгра Аллоҳ унга биродарининг мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ер титадиган бир қарға юборди. У (қарғанинг қилаётган ишини кўриб): «Менга ўлим бўлсин, мана шу қарғачалик бўла олмадимми – биродаримнинг мурдасини ўзим кўма олмадимми?!», деб надомат қилгувчилардан бўлиб қолди».
Яъни, Қобил энг жирканч жиноятни содир этгач, қаршисида бир мурда ётганини кўриб, уни нима қилиш ҳақида боши қотиб қолди – ҳайрон бўлди.
«Сўнгра Аллоҳ унга ер титадиган бир қарға юборди», Яъни, Аллоҳ таоло тумшуғи ва оёқлари билан ер ковлайдиган бир қарғани осмондан туширди, мақсад, ушбу қотилга мурдани қандай кўмишни ўргатиш эди.
Яъни, Ҳобил жасадининг ҳиди бузилмаслиги ёки ҳайвон ва қушларга емиш бўлмаслиги учун унинг жасадини тупроққа кўмиш кўрсатилди.
Шу ерда Қобил қилиб қўйган оғир гуноҳи учун ҳасрат ва на­доматлар айтади: «Менга ўлим бўлсин, мана шу қарғачалик бўла олмадимми – биродаримнинг мурдасини ўзим кўма ол­мадимми?!»
Яъни, менинг айёрлигим шу қарғачалик бўлиб, ўз укамнинг жасадини тупроққа кўмишимга қодир қилмадими? У қушлар­нинг энг паст табақасидан, мен эса ақлли одамман-ку?! У ўзига ушбу саволларни бериб, ўша қарғачалик бўла олмагани учун «Надомат қилгувчилардан бўлиб қолди».
Бу Қуръони каримда ҳикоя қилинган Одамнинг икки ўғли: Қобил ва Ҳобил қиссасидир. Тадаббур қилиб кўрган одам унда кўпгина ҳикмат ва ибратларни кўриши мумкин. Улардан энг асосийлари:
1. Ушбу қисса Қуръони карим Аллоҳ таолонинг даргоҳидан нозил қилинганига далиллардан бири, чунки бу ва шунга ўх­шаш қиссаларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аввал билмас эдилар, Аллоҳ таоло у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ўта балоғат, фасоҳат ва таъсирли услубда ҳикоя қилмоқда, токи ақл эгалари ундан ибрат олсинлар: «Албатта, бу ҳақрост қиссадир. Ва ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Аллоҳнинг Ўзи бор. Ва албатта, Аллоҳнинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат эгасидир» (Оли Имрон, 62).
2. Аллоҳ таолога тақво қилиш, ихлосли ва яхши ниятли бўлиш ибодатларнинг қабул бўлиши учун васила эканлиги. Аллоҳ таоло айтади:
«Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда (риёкорлик билан) бирон кимсани (Унга) шерик қилмасин!» (Қаҳф, 110).
«Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурмат­ли­ро­ғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир» (Ҳужурот, 13).
«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Айтилдики: Эй Расулуллоҳ, инсонларнинг энг ҳур­матлиси ким? У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Тақводорроғингиздир».
Шунингдек, Аллоҳ таоло Ҳобил тилидан бизга ҳикоя қилади, у ўз акаси Қобилга насиҳат қилар экан, шундай деди: «Аллоҳ фақат тақводорлардангина қабул қилур».
3. Ҳар бир замон ва маконда одамлар ичида Аллоҳ улардан рози ва улар ҳам Аллоҳдан рози бўладиган яхшилар ва тўғри йўлни кўрсалар, уни четлаб ўтувчи, залолат йўлини тутувчи ёмон тоифадаги кишиларнинг бўлиши. Яхши кишиларни Қуръон ҳикоя қилганидек Ҳобил мисолида кўришимиз мумкин. У ўз акасига ҳикматли насиҳатлар қилди. Аввало, амали қабул бўлиши учун Аллоҳга тақво қилишга чақирди, иккинчидан, биродарлик ҳақлари ва у тақозо этадиган нарсаларга риоя этишга ва учинчидан, одам ўлдиришдек бир манфур жиноятни содир этмасликка даъват қилди. Аммо ёмон тоифадаги кишиларни Қобил мисолида кўриш мумкин. У золим, ҳасадгўй, нафратчи инсон эди ва укасининг насиҳатларига қулоқ илмади, балки унда жоҳиллиги устун келиб, ўз ҳасади ва ғиллу ғашларини «йўқотиш» мақсадида уни ўлдирди.
4. Агар инсон ҳасад иллатига гирифтор бўлса, нафси уни ҳа­локат сари етаклайди, адоват, гуноҳ, туғён ва залолатни унга зийнатлаб кўрсатади…
Ушбу қиссадан очиқ-ойдин кўришимиз мумкинки, Қобил­нинг Ҳобилга бўлган ҳасади, уни ўз укасини ўлдиришга ундаган энг асосий сабаблардан бири бўлди. Ушбу қотиллик ер юзидаги илк маротаба содир этилган жиноят эди. Алусий айтадилар: Имом Муслим ва Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «( Ер юзида) илк бор Одам фарзанди (Ҳобил) зулм билан ўлдирилди, шунинг учун бу нарса қотилликни бошлаб берди».
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар: «Биз (Қиёматда) Одам фарзанди, қотил бўлмиш (Қобил)ни жаҳаннам аҳлининг азоблари унга бўлиб берилаётганини кўрамиз, уларнинг ярим азоби унга бўлади» (Байҳақий ва Ибн Жарир ривояти).
Ушбу қиссанинг сўнгида Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ана ўша сабабли Биз бани Исроил зиммасига (шундай фармонни) битдик: Кимки бирон жонни (ўлдирмаган) ва ерда бузғун­чилик қилиб юрмаган бир одамни ўлдирса, демак, у гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, демак, у гўё барча одамларга ҳаёт берибди».
Яъни, Қобил укаси Ҳобилни зулм ва ҳасад билан ноҳақ ўл­диргани учун, Биз: «Ким одамлар орасидан бир жонни ноҳақ ўлдирса, гўё у барча инсонларни ўлдирибди, кимки уларни ўлимдан қутулишига сабаб бўлса, гўёки у барча инсонларни тирилтирибди (қутқарибди), деб ёзиб қўйдик.
5. Инсон бирон хато қилиб қўйгач, надомат, пушаймон қилиши ундан ўша гуноҳни кетказмайди, чунки бу ҳар бир одамга хос бўлган хислатдир, ҳар ким бир қабиҳ ишни қилиб қўйгач, сўнгра афсусланиши табиий. Лекин кимки бирон гуноҳ содир қилиб, ке­йин Аллоҳни эсласа, Унга чин дилдан – насуҳ тавба қилса ва ўша гуноҳлардан қайтса, Аллоҳ у бандани кечиради. Бунинг учун, яна такрорлаб ўтамиз, чин қалбдан истиғфор ва тавба айтиш лозим.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*