РОСТГЎЙЛИК

“Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўз сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглайди, гуноҳларингизни кечиради. Ким Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига итоат этса, буюк саодатга эришибди” (“Аҳзоб” сураси, 70-71-оятлар).
Яъни: эй, Аллоҳга, Расулига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) имон келтирганлар! Раббингиз буюрган ишларни бажаринг, қайтарганларидан тийилинг, ҳар қандай ҳолатда рост сўзланг, ҳақни гапиринг. Шунда Аллоҳ ишларингизни ўнглайди, сизларни солиҳ амалларга йўллайди, уларни ҳусни қабул этади, гуноҳларингизни кечиради. Ким Аллоҳга, Унинг Расулига бўйсунса, дунёда ҳам, охиратда ҳам улуғ бахт-саодатни қўлга киритибди!

عَنْ حَكِيمِ بْنِ حِزَامٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْبَيِّعَانِ بِالْخِيَارِ مَا لَمْ يَتَفَرَّقَا أَوْ قَالَ حَتَّى يَتَفَرَّقَا فَإِنْ صَدَقَا وَبَيَّنَا بُورِكَ لَهُمَا فِي بَيْعِهِمَا وَإِنْ كَتَمَا وَكَذَبَا مُحِقَتْ بَرَكَةُ بَيْعِهِمَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.
Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Сотувчи билан харидор магар (келишув жойидан) йироқлашишмаса, (савдони бузиш) ихтиёри ўзларида (бўлади). Агар улар (молнинг сифатини, баҳосини айтишда) тўғри гапирса, (молидаги нуқсон-камчиликни рўй-рост) айтса, иккисига савдода барака берилади. Агар (маҳсулот камчилигини) беркитса, алдаса, иккиси савдосидан барака кетади” (Бухорий, Муслим ривояти).
Ростгўйлик барака келтиради. Ёлғон-яшиқ сўзлаш, айбни яшириш, алдов бало-офат олиб келади, баракани учиради. Воқелик сўзимиз исботидир. Ростгўй киши одамлар тарафидан ҳурмат қилинишига, мақтов айтилишига, касб-корида барака борлигига, ўзгалар билан яхши муомала қилишига гувоҳ бўласиз. Бундай одамнинг қалби хотиржам, топиш-тутишида барака бўлади. Жумладан, инсон савдо-сотиқда ҳалол бўлса, молининг айбини айтиб сотса, ўйламаган томонидан ризқлантирилади, Аллоҳ унинг ишидан рози бўлади, касбига ривож беради. Ёлғончи кимса эса биринчи навбатда ўзига жавр қилади, қаттиқ гуноҳга ботади. Оқибатда қадр-қиймати, ҳурмати пасаяди, одамлар эътиборидан қолади. Ёлғончининг қилмишидан кишилар азият чекади, айниқса, савдо-сотиқда сифатсиз, ўтмас матоҳни олиб чув тушиб қолади. Бир-икки марта алданади. Кейин маккор савдогар кимлигини яхши билиб, ундан нарса сотиб олмайди. Мана шу ва бошқа омиллар сабаб алдоқчи савдогар касбидан қут-барака кўтарилади. Аллоҳ таоло ёлғон аралашган мол-дунёга барака бермайди.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*