ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА ВАҚТ ИСРОФИ

Эрталаб уйқудан уйғонган заҳотимиз у биз билан бўлгани каби, уйқуга ётишимиздан олдин ҳам унга бир қараб қўймасак кўнглимиз тўлмайди…
Ҳа, кечагина бошқача ҳаёт тарзида яшаган инсонлар бугунда худди эртаклардаги бир айланиб бошқа шаклга кирганлар каби ўзгариб қолгандек? Жуда қисқа муддатда ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас бир қисмига айланиб улгурди. Аксар инсонлар ҳам уни ўзига мослаштириш ўрнига, унга ўзларини мослаштирдилар ва натижада жуда кўп хатоликларга йўл қўйдилар. Энди инсонга 24 соатлик вақт камлик қиляпти, вақт бебаракалигидан нолияпмиз. Ўзимизнинг шахсий ҳаётимиз иккинчи даражали ҳаёт бўлиб, умуман танимайдиган ва кўрмаган инсонларнинг икир-чикирларигача кириб боряпмиз. Бировлардан келган тўғрилиги текширилмаган ёлғон хабарларни ким ўзарга ўйин ўйнагандек тезроқ имкон қадар кўпроқ гуруҳларга тарқатишга иштиёқманд бўлиб қолдик. Бизга зарил бўлмаган хабар, расм, аудио ва видеоларни ўқиб, эшитиб, кузатиш билан кунимизнинг (қайтарилмас умримизнинг) аксар қисмини беҳудага сарфлаб юборяпмиз. Ортиқча трафикларга пул тўлаяпмиз, шу пулни хайрли ишларга сарф қилмаяпмиз. Оила аъзоларимиз бееътиборлигидан нолияпмиз, аммо ўзимиз атрофимиздаги ҳақдорлар ҳақларини адо этмаяпмиз, натижада жуфтларимиз билан кераклича мулоқот қилмаяпмиз, фарзандларимиз тарбиясига етарлича вақт ажратмаяпмиз, ўқишлари билан қизиқмаяпмиз, ота-оналаримиз билан тўйиб-тўйиб суҳбатлашмаяпмиз. Ҳаммани қўлида смартфон, оила аъзолари ҳеч ким уларни безовта қилмаётганидан хурсанд: бола ота-онаси унинг телефонини олиб қўймаётганидан, она эса боласи жим ўтириб, уни ҳар хил саволлар ва уй вазифалари билан вақтини олиб, унга ҳалақит қилмаётганидан, ота эса хотини унинг бошини қотириб, керакли-кераксиз нарсаларга ундан пул сорамаётганидан ва ҳоказо. Ҳатто, ижтимоий тармоқларда совчилик деб ном олган, танимаган қиз-жувонларни мақтаб-мақтаб йигит-киши томон сўраганларга пул эвазига манзилини олиб бериб фаолият кўрсатаётганлар ҳам бор. Ундан ҳам аянчлиси, чиройли ном бериб, “ислом дини”ни тарқатаётган турли оқимлар каналларига билмаган ҳолда кириб қолиб, уларнинг фикр ва ғоялари билан с уғорилаётганлар бор…

Биз эътибор қаратишимиз керак бўлган қуйидаги асосий жиҳатлар:
• умрни беҳуда сарф бўлиши;
• ҳақдорлар ҳақини бермаслик;
• намозларни вақтида адо этмасдан ортга суриш;
• ёлғончи бўлиб қолиш эҳтимоли жуда катта, хусусан, динда ёлғон хабар тарқатиш;
• ғайридинларга ислом устидан кулишга ёки ислом динининг софлигига путур етказишда ёрдам бериш;
• эътиқодда адашиш;
• атрофимиздагиларга эътибор бермаслик;
• риё қилиш;
• беҳаё ва фаҳш ишлар кўпайиши;
• номаҳрамларнинг ўзаро номақбул ёзишма ва суҳбатлари, унинг ортидан келадиган хатарлар;
• бировларни устидан кулиш;
• бировга туҳмат қилиб қўйиш;
• кимнингдир ғийбатини қилиш ёки шерик бўлиш;
• пулни беҳудага сарфлаш.

Буларни ўқиб, жуда ошириб юборди энди, деб хулоса чиқаришга шошилманг, биродарим. Албатта, санаб ўтилганлар умумий маънода ёзилган, ҳар бир инсон худди шундай, дегани эмас. Лекин диққат қилсак, қайсидирини ўзимиз, бошқасини яқинимиз, яна бирини бошқа танишимиз англаб-англамай қилаётган бўлиши мумкин.
Албатта, ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас бир қисмидир. Ҳа, бир қисмигина холос! Унга умримизни сарф қилсак тўғри иш қилган бўлмаймиз. Зеро, унда ёзганларимизга бармоқларимиз, унда кўрганларимизга кўзларимиз, эшитганларимизга қулоқларимиз, кимларнингдир устидан кулганимизга ва беихтиёр у ҳақида ёмон сўз гапирганимизга тилларимиз, ниҳоят, бизни кузатиб турган фаришталар ҳам гувоҳлик беришини эсдан чиқармаслигимиз керак.
Аллоҳ таоло бандаларини огоҳлантириб, Каҳв сураси 58-оятида шундай дейди: “Раббингиз мағфиратли ва раҳм (шафқат) соҳибидир. Агар уларни қилган гуноҳлари сабабли тутганида, уларга азобни нақд қилган бўлур эди. Йўқ, улар учун ваъда қилинган бир вақт (Қиёмат) борки, Ундан ўзга бирор паноҳ топа олмаслар .
Демак, ижтимоий тармоқдан фойдаланаётганимизда ҳам Аллоҳни эслаб туришимиз, Қиёмат кунида юзимиз ёруғ бўлишини умид қилиб, юқорида санаб ўтилганлардан сақланишимиз лозимдир.
Бир кишидан: «Одам боласининг қанча айби бор экан?» деб сўрашган эди, у: «Санаб саноғига етиб бўлмайди. Мен ўзим санаганман, саккиз мингта айб бўлди. Бироқ бир хислат борки, у барча айбларни беркитиб туради. У – тилни тийиш», дея жавоб берди .
Англашимиз керакки, ижтимоий тармоқларда ёзганларимиз тил билан гапиргандек бўлур, ваҳоланки, ижтимоий тармоқларда тил билан айтганларимизни аудио шаклида юбориш ҳам ҳозирда янгилик эмас. Демак, ҳар бир ёзганимиз ва аудио жўнатмаларимизга диққат қилишимиз керак экан.
Шунга кўра, ижтимоий тармоқлардан зарурат юзасидангина фойдаланишимиз, ортиқча турли канал ва гуруҳларга аъзо бўлмаслигимиз, айниқса, мақсади ўзига оғдириб, адаштириш бўлган, лекин чиройли номлар билан номланган оқимларнинг гуруҳ ва каналларига аъзо бўлмаслигимиз, шунингдек, вақтичоғлик қилиш ёки ҳордиқ чиқариш учун ҳам кирмаслигимиз керак. Ижтимоий тармоқлар узоқдаги яқинимизнинг ҳолидан хабардор бўлишга, фойдали имлар олишга, янгиликлардан бохабар бўлишга, фойдали савдо қилишга сарфланса, шунда ҳам кун тартибимизни тўғри ташкиллаштириб, куннинг аниқ бир вақтини шу ишларга ажратиш учун белгилаб қўйилса ва ундан четга чиқиб кетилмаса, мақсадга мувофиқ бўлади, иншаАллоҳ.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
мударрисаси Зухра Ходжимуратова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*