Молнинг закотдан бошқа ҳақлари

Аллоҳ таоло мусулмонларга ўз динини мукаммал қилиб берди. Бу дин беш устун устига қурилган бўлиб, улардан бири закотдир. Закот шундай ибодатдирки, у билан мол ва руҳ покланади. Закот Мадинаи мунавварада иккинчи ҳижрий санада Рамазон ойидан олдин фарз қилинган. Закот Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан фарз бўлган.
Исломда молиявий ибодат фақат закот билан чегараланиб қолган эмас. Садақаи фитр ва бошҳа садақалар ҳамда кўнгилли равишда қилинадиган хайрли эҳсонлар ҳам бор. Ана шу нарсаларни яхшилаб ўрганиб олсак ва уларни амалда қўллаб, ҳаётимизга жорий қилсак мулк эгаларига ҳам, муҳтожларга ҳам яхши бўлади. Муборак ҳадиси шарифда:
.

Фотима бинт Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта молда закотдан бошқа ҳақ ҳам бор”дедилар ва “Яхшилик юзингизни машриқ ва мағриб томонга буришингиз змас”оятини тиловат қилдилар. Термизий, Ибн Можа ва Доримий ривояти
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда закотни ҳарбир мусулмон устида ҳақ эканини тушунтириб беряптилар. Шу билан бирга, закотдан бошқа ҳақ борлигини, бошқа мусулмонларга ҳам буни борлигини айтиб оят тиловат қилдилар, яъни шу оятда Аллоҳ закотдан бошқа ҳақ нималигини, уни кимларга берилишини билиб оламиз. Ояти каримада шундай дейилади : “Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингиз эмас. Лекин яхшилик – ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва молни яхши кўра туриб қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул(озод қилиш)га берган… ” (Бақара сураси).
Бу ҳадисни олимлар шарҳлаб: “Соил (сўровчи) ва қарз сўраб келган инсон ҳеч ҳам қайтарилмайди. Бундан ташқари, уй-рўзғор буюмларини ҳам биров сўраса берилмай қолмайди. Сув, туз, олов кабилар ҳам шулар жумласидандир. Мана шулар закотдан бошқа ҳақлар жумласига киради” дейдилар. Яна баъзи олимлар: “Бу ҳадисда келган “закотдан бошқа ҳақ” бу- силаи раҳм қилаш, етим, мискин, мусофир, соилларга яхши лик қилишдир. Бунга тиловат қилинган оят далил бўлади ” дейдилар.
Ат-Тийбий раҳматуллоҳу алайҳ: “Аллоҳ таолони оятида силаи раҳм қилиш, етимларга, мискинларга, мусофирларга, соилларга, қулларга қилинадиган яхшилик, яъни мол бериш закотдан аввалроқ келиши, мусулмон кишига молиявий жиҳатдан закотдан бошқа ҳақ борлиги, банда ўзи яхши кўриб шу ҳақларни ҳам тўлиқ адо қилиш, бу ҳақлар Аллоҳга қурбат ҳосил қилишга, кейинчалик қилинадиган закотни енгиллик билан қилиниб, қалб оғринмаслигига, жамиятни ўзаро якдиллашишига олиб келади ва бандада хеч қандай “бахиллик” сифати қолмайди” деб ёзади.
Бундан кўриниб турибдики, мусулмонлар ўзаро фақат закот билан эмас, балки бошқа яхши амаллар билан ҳам жипслаша оладилар. Буни натижасида инсонлар меҳр-муҳаббатли бўлиб, жамият яна ҳам ривожланади.

И.Нурмухамедова – Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*