ХУШУЪЛИ НАМОЗ, ҚАЛБ РОҲАТИДИР

Ҳақиқий мўмин банда намозда ўзини Рабби ҳузурида тургандек сезади, У Зотга муножот этади, илтижолар, дуолар қилади. Бу билан кишининг дили чексиз ҳузур-ҳаловатга тўлади, руҳи енгиллашади, қалбини ўртаётган ғам-андуҳлари ортга чекинади.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай амр қилган:
“Шак-шубҳасиз, Биз улар (масхара қилиб) айтаётган сўзларидан дилингиз сиқилишини биламиз. Шундай экан, Сиз Парвардигорингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг, сажда қилувчилардан бўлинг. (Шунда Аллоҳ қалбингиздаги ғам-андуҳни кетказади! Шунингдек,) Сизга аниқ нарса (яъни, ўлим вақти) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!” (Ҳижр сураси, 97-99-оятлар).
Яъни: эй Муҳаммад, мушриклар Сизни инкор этаётганлари учун дилингиз сиёҳлигини биламиз. Сиз бундан асло сиқилманг, Парвардигорингизни зикр қилинг, намоз ўқиб У Зотдан ёрдам сўранг! Зеро, Раббингизга ибодат қилсангиз, ғам-ташвишларингиз арийди.
Агар сизга тўсатдан хавф-хатар келса, бошингиз ғамдан чиқмаса ёки қалбингизни тушкунлик иллати қамраб олса, намоз ўқинг. Агар ишларингиз қийинлашиб, макр-ҳийла кўпайиб кетса, намоз ўқишга ошиқинг. Шунда руҳингиз ором олади, нафсингиз хотиржам бўлади, тушкун кайфият сизни тарк этади. Намоз ғамларимиз муолажаси, дардларимиз давосидир. У дилимизни ишонч туйғусига, розилик ҳисларига тўлдиради.
Аллоҳ таоло бандаларига шундай хитоб қилган:
“Сабр ва намоз ўқиш билан мадад сўранглар! Албатта (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар Парвардигорларига рўбарў бўлишларини, Унинг ҳузурига қайтувчи эканларини биладиган шикастанафс зотларга (оғир эмас)” (Бақара сураси, 45-46-оятлар).
Муаммолар кўпайиб, қатъият сусайган бир пайтда намоз бандага куч бағишлайди, уни сабрли бўлишга ундайди. Намоз тоатни янгилаб турувчи восита, қалбни озиқлантирувчи илоҳий кучдир. У сабр арқонини мустаҳкамлайди, узилиб кетишидан асрайди. Зеро, қуввати чекланган инсон доим мадад олиб туришга, ёмонликларга қарши курашиш учун ёрдамга муҳтождир. Шаҳватлар, эҳтирослар туғён урганда, йўл узайиб, қисқа умрида машаққатлар кўпайиб кетганида инсонга далда, хотиржамлик берувчи воситага – намозга эҳтиёжи янаям ортади. Мана шунда намознинг ҳақиқий қиймати билинади. Чиндан ҳам, намоз қуримас булоқ, жазирама кундаги ёқимли шаббода, ҳолдан тойган қалб учун юпанч, меҳрибон овутувчидир. Намоз бандани Аллоҳга боғлайди, Унга яқинлаштиради, раҳматига ноил қилади. Шунинг учун улуғ пайғамбарлар бирон муаммога дуч келишса, намоз ўқишган. Жумладан, анбиёлар саййиди Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушкул вазиятда қолсалар, ибодат қилиб Аллоҳдан мадад сўрардилар.

عَنْ حُذَيْفَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا حَزَبَهُ أَمْرٌ صَلَّى. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларига бирон юмуш тушса, намоз ўқишга чоғланардилар (Абу Довуд, Аҳмад ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон нарсага муҳтож бўлсалар, танг аҳволда қолсалар оила аъзоларига мурожаат қилиб: “Эй аҳлим! Намоз ўқинглар, намоз ўқинглар!” деб айтардилар.
Расулуллоҳ кўз қувончини намозда деб билганлар. Намоз ўқиб роҳатланар, Аллоҳга юкиниб ўзларини енгил ҳис этардилар, қалбларини намоз билан сайқаллаб олардилар. Шу сабаб бўлса керак, нажот сари чорловчи муаззин Билолга қараб: “Эй Билол! Намозга иқомат айт, бизни роҳатлантир!” дердилар.

عَنْ سَالِمِ بْنِ أَبِي الْجَعْدِ قَالَ: قَالَ رَجُلٌ قَالَ مِسْعَرٌ أُرَاهُ مِنْ خُزَاعَةَ: لَيْتَنِي صَلَّيْتُ فَاسْتَرَحْتُ فَكَأَنَّهُمْ عَابُوا عَلَيْهِ ذَلِكَ فَقَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: يَا بِلاَلُ أَقِمْ الصَّلاَةَ أَرِحْنَا بِهَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ.
Солим ибн Абу Жаъддан ривоят қилинади: “Бир киши (Мисъарга кўра, у Хузоа қабиласидан эди) шундай деди: “Қани энди намоз ўқиб, бир истироҳат қилсам!” деди. Одамлар уни(нг гапини нотўғри тушуниб,) айблашди. Шунда ҳалиги киши: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Билол, намозга иқомат айт, у билан бизни роҳатлантир”, деганларини эшитганман”, деди” (Абу Довуд, Аҳмад, Табароний ривоят қилган).
Арабча “истироҳат” сўзи “ҳордиқ чиқариш”, “ҳузурланиш”, “роҳатланиш” маъноларини англатади. Баъзилар хузоалик кишининг “Қани энди намоз ўқиб, бир истироҳат қилсам!” деган гапини нотўғри тушунишган, намозни оғир иш деб биляпти, деб ўйлашган. Лекин ҳалиги киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳуга айтган ҳадисларини мисол қилиб келтирганида жим бўлиб қолишган.
Намозни тўкис адо этадиган, қалби ва юзи ила Парвардигорига иқбол қиладиган банда гуноҳлари кечирилади. У намоздан чиқар экан, ўзини енгил сезади, қалбида ғайрат-шижоат, руҳида тиниқлик пайдо бўлади. Намознинг мазасини тотиб кўрган инсон намоздан чиққиси келмайди, такрор-такрор Аллоҳга юкиниш, тазарруъ қилиш пайида бўлади. Ҳақиқатан, намоз банда учун роҳат манбаи, қалбига илоҳий ҳузур бағишловчи неъматдир. Мўмин банда намозга кирса, ғамларини унутиб маза қилади, дунёнинг чеки йўқ муаммоларидан бироз бўлса-да узоқлашади, фикру хаёли Яратган Эгаси – Улуғ Аллоҳ зикри ила банд бўлади. Дунё ҳақида ўйлаш, унга қаттиқ боғланиб қолиш руҳ учун азоб. Аллоҳни эслаш, Унга хушуъ-ла юкиниш, ёлвориб илтижолар қилиш эса роҳатдир.
Яратганга бевосита илтижо этиш шунчалар лаззатлики, агар подшоҳлар унинг мазасини билиб қолганларини ўша лаззатни тортиб олиш учун мўминнинг қалбига лашкар тортган бўларди, дейишади машойихлар. Мўмин ўша лаззат учун бор-йўғини фидо этишга рози. Қолаверса, унга ўрганиб қолган қалб ҳеч қачон уни тарк этолмайди.
Бу – имтиҳон дунёси. Имони заиф ёки эътиқодсиз кимсалар бирон муаммо қаршисида эсанкираб, нима қилишларини билмай қолади, кўзёш тўкиб, тушкунликка тушади, ҳолатидан нолийди, ҳатто баъзилар ароқ ичишга муккадан кетади. Бундай қуруқ шикоятлар, ҳасратлар киши аҳволини енгиллаштирмайди. Чунки қалбда имон бўлмаганидан кейин оғир дамларда Аллоҳдан мадад сўраш, Парвардигорига янада маҳкамроқ боғланиш ўрнига ҳиссиётга берилади, оқилона қарор чиқариш йўлларини топиш ўрнига бор аламини ҳаром-ҳариш ичимликлардан олади. Оқибатда аҳволи янада оғирлашади. Мўмин банда бундай вазиятда Аллоҳга юкинади, ўтинади, илтижо этади, намоз-ла У Зотдан кўмак сўрайди, кўнгил тубидаги дарду ҳасратларини Яратганга арз қилади, илоҳий марҳаматга дохил бўлиш умидида зикр-тасбеҳларни, салавотни, истиғфорни янада кўпайтиради, ибодатга қаттиқроқ киришади. Натижада боши узра тўпланган қора булутлар арийди, Аллоҳнинг ёрдами ила мушкул вазиятдан эсон-омон чиқиб кетади.
Ҳис-туйғуларини жиловлай олмайдиган, ҳаяжонга берилувчан киши кутилмаганда машаққатга йўлиқса, дарров ҳолдан тояди, қайғуравериб уйқусизликка дучор бўлади. Ғазабланган кишининг туйғулари кўпиради, ичида яшириниб ётган иллатлар юзага чиқади. Хурсандчилик пайтида ҳаяжони ичига сиғмаган шахс енгилтак бўлиб, шодлик гирдобида ўзини унутиб қўяди, қадрини туширади. Ҳиссиётларини бошқара оладиган, ҳар нарсани тарозига солиб, ўлчаб кўрадиган инсон ҳақни кўра билади, тўғри йўлни танлай олади.
Аллоҳ таоло инсонни мағрур, мақтончоқ деб сифатлаган. Қачон унга камбағаллик келса, бирон ёмонлик етса, сабрсизлик қилади. Агар яхшилик – бойлик ёки саломатликка эришса, бахиллик тўнини кияди. Фақат намозхонларгина кулфат чоғида ҳам, шодлик пайтида ҳам ўртача ҳолатда қолишади: фаровонликка шукр, мусибатга сабр қилишади. Демак, хушуъли намоз инсон ҳаёти бир маромда кечишини ҳам таъминлайди.Анас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Менга дунёдан аёллар, хушбўйлик севимли этилди. Кўзимнинг қувончи эса намозда қилинди” (Насоий, Аҳмад, Ҳоким ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).
Намозда зикрнинг барча турлари мужассам. Унда қироат, дуо, тасбеҳ, ҳамд, такбир, салавот, истиғфор бор. Намозни маромига етказиб ўқиган инсон ҳаловат топади. Бу лаззатни моддий неъматлар бера олмайди. Чунки улар фақат тана аъзоларимизни ҳузурлантиради. Намоз эса қалбимизга ҳам, танамизга ҳам ором бағишлайди. Бироқ намоз ҳаммага ҳам бирдек роҳатбахш ибодат эмас. У ҳақиқий ошиқ, обид бандаларгагина кўз қувончини ҳадя этади. Қалби Аллоҳ зикридан йироқ, охират ташвишидан ғофил банда намозга дангасалик қилади, ўқиса ҳам эриниб туради. Нега? Чунки унда ихлос йўқ, хушуъ йўқ, Аллоҳнинг азобидан қўрқмайди, раҳматидан умид қилмайди. Шунинг учун намозни пала-партиш ўқиб, яна бошқа ишларга шўнғиб кетади.
Тарих китобларида ёзилишича, мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга бирон масала мушкул келса, шогирдларига: “Қилган гуноҳларим туфайли шундай бўляпти”, деб таҳорат қилар, икки ракат намоз ўқирди, истиғфор айтарди. Шундан кейин қийин масала ўз ечимини топарди.
Мусибатга учраган одам яхшилаб таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқисин, хаёлини бир ерга жамлаб, ихлос билан ибодат қилсин, қалб тўридаги дил розларини Аллоҳга тўкиб солсин, Буюк Парвардигоридан мадад сўрасин. Ана шунда Аллоҳ унга кўмак беради, қийин вазиятдан чиқаради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга тавсия этган нажот йўли шу.
Қизиғи шундаки, ҳатто бирон жойимиз оғриганида ҳам намоз ўқисак, танамиз яйрайди, мушкулимиз осон бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Куннинг қоқ ўртасида, қуёш айни қиздирган маҳалда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга юрдим. Кейин туриб намоз ўқиб, жойимга келиб ўтирдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга разм солиб туриб: “Қорнинг оғрияптими?” деб сўрадилар. Мен: “Ҳа, эй Расулуллоҳ!” дедим. Шунда у зот: “Ўрнингдан тургин-да, намоз ўқи! Чунки намозда шифо бор”, деб марҳамат қилдилар” (Ибн Можа, Аҳмад ривоят қилган. Ривоят санади заиф).
Намоз ризқни баракали қилади, соғлиқни тиклайди, азиятни кетказади, касалликни ҳайдайди, юракни бақувват қилади, кўнгилга шодлик бағишлайди, дангасаликни аритади, танани тетиклаштиради, куч-қувватни оширади, дилни равшан қилади, руҳни озиқлантиради, юзни нурли қилади, азобни қайтаради, барака келтиради, шайтонни узоқлаштиради, Аллоҳга яқинлаштиради. Бир сўз билан айтганда, қалбни, танани касалликлардан сақлашда намознинг ўрни беқиёс.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*