Фиқҳ илми тарихи

Фиқҳ илмининг тарихига назар соладиган бўлсак, Исломнинг аввалги даврида тафсир, ҳадис, усулул фиқҳ ва бошқа илмлар каби фиқҳ илми ҳам алоҳида илм шаклида ажралиб чиқмаганлигини кўрамиз.
Дастлаб, Маккаи Мукаррамада ўн уч йил давомида асосан ақийдага боғлиқ оятлар тушди. Кейинроқ, айниқса, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилингандан сўнг, шаръий ҳукмларга тегишли оятлар ҳам туша бошлади. Уларнинг ҳаммасини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва¬саллам ҳали унча кўпаймаган мусулмонлар жамоасига ўқиб, тушунтириб берар эдилар.
У вақтдаги мусулмонларнинг деярли барчаси араблар бўлиб, араб тилини нозик жойларигача яхши тушунишар, Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ҳеч қийналмай англашар ва уларга амал қилишар эдилар. Мабодо, баъзи тушунмовчликлар бўлса, дарров Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васал¬ламнинг ўзларидан сўраб олишар эди. Уша вақтда саҳобаларнинг содда ҳаётларидаги асосий ишлари ҳам шундан иборат эди. Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг охирига келиб, Қуръон Карим оятлари тушиши ниҳоясига етиб келди. Кейинги босқичдаги оятларнинг аксари шаръий ҳукмларга тегишли эди. Турли қабила ва юрт одамлари Исломни қабул қилишди. Янги мусулмонлар қаршисида деярли йигирма уч йил давомида тушиб тўпланган оятларни ўқиб-ўрганиш, уларга амал қилиш, шариат аҳкомларини ўз ҳаётларида татбиқ қилиш вазифаси турар эди.
Табиийки, ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар аввалгиларидан шаръий масалаларни сўрай бошлашди. Бу ишларда баъзи саҳобалар ўз илмлари, топқирликлари билан бошқалардан ажралиб чиқдилар.
Уламоларимиз фиқҳ билан машҳур бўлган саҳобаларга тўрт ҳалифани, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Зайд ибн Собит, Оиша онамиз розияллоҳу анҳум ва бошқаларни мисол қилиб келтирадилар.
Шунингдек, Пайгамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳолиси мусулмон бўлган узоқроқ юртларга ўша ердагиларга шариат аҳкомларини ўргатиш, уларнинг ҳаётида ориз бўладиган масалаларни ҳал этиш учун ўз вакилларини юбора бошладилар.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Яманга юбораётиб:
«У ерда сенга бир масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?» – дедилар.
«Аллоҳнинг китоби ила», – дедим.
«Аллоҳнинг китобида бўлмаса-чи?» дедилар.
«Аллоҳнинг Пайғамбари суннати ила», – дедим.
«Аллоҳнинг Пайғамбари суннатида ҳам бўлмасачи?» дедилар.
«Фикрим билан ижтиҳод қиламан», – дедим.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўксимга урдилар ва:
«Аллоҳ Расулининг вакилини Аллоҳ ва Унинг Расулини рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин», – дедилар».
Барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръон Карим оятлари, бошқа ҳадислар билан бир қаторда фиқҳ илмига ҳужжат ва далил ҳам бўлиб келмоқда.
Биринчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи ҳижрий асрда Ислом дини дунё бўйлаб кенг тарқалди. Араб бўлмаган турли халқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, улар ўзларига Қуръон Карим оят¬лари ва Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмасдилар. Бир тарафдан, тил билмайдилар, қолаверса, илмлари йўқ.
Шундай қилиб, аста-секин, кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажраб чиқа бошлади.
Кейинчалик, шароит бутун бошли китоблар таълиф қилиш, масалаларни жамлаб баён қилишни ҳам тақозо қилиб қолди.
Бу ҳақиқатни халийфа Жаъфар Мансур ва имом Молик ораларида бўлиб ўтган ҳодисадан ҳам билиб олсак бўлади. Имом Молик ибн Анас ёшликларида Жаъфар Ман¬сур билан бирга ўқиган эканлар. Катта бўлганларида йўллари турлича бўлиб, имом Молик илмда, айниқса, фиқҳда улкан алломалик даражасига етиб, ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлдилар. Оғайнилари ва ҳамдарслари бўлмиш халийфа Жаъфар Мансур имом Молик билан мажлис қурди ва у кишига, яқин орада мен билан сендан билимлироқ одам йўқ, ўзинг кўриб турибсан, мен манови иш (яъни халифалик) ила машғул бўлиб қолдим. Сен одамларга диний ишларни енгиллаштириб берсанг, деди. Имом Молик рози бўлдилар ва «Муватто» китобини таълиф қилдилар. Янги ҳаж мавсумида «Муватто» китоби билан танишган халифа Жаъфар Мансур қойил қолди ва имом Моликка: «Жуда яхши қилибсан, агар хоҳласанг, ҳамма одамларни шу китобга жамлайман», деди.
Имом Молик: «Йўқ, бундай қилма, Расулуллоҳнинг саҳобалари ҳамма ёққа тарқалиб кетишди, уларнинг ҳар бири ўзи билан яхшиликни олиб кетди», дедилар. Ушбу қиссадан кўриниб турибдики, ўша даврда ҳатто давлат бошлиғи ҳам кишиларга фиқҳий кўрсатмалар мажмуаси лозимлигини англаб етган. Уламолар, жумладан, имом Моликдек забардаст олим ҳам бу заруратни тушуниб етганлар.
Шунинг учун ҳам, Ислом оламининг турли жойларида фақиҳ уламолар етишиб чиқа бошладилар.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*