ҚУРЪОННИНГ ҲАҚЛАРИ

Қуръони карим биз мўминларнинг илоҳий дастури бў­либ, икки дунё саодатимиз манбаидир. Уламоларимиз ай­тишича, Қуръоннинг мў­мин устида бешта ҳақи бор: уни тиловат қилиш, эшитиш, қодир бўл­га­нича ёдлаш, тушуниш ва амал қилиш.

Қуръоннинг биринчи ҳақи тиловатдир. Бу тўғрида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

فَاقْرَؤُوا مَا تَيَسَّرَ مِنَ الْقُرْآنِ

“Бас, (қийналмай Қуръондан) осон бўлган миқдорда ўқийверинг!”(Муззаммил, 20).

Зеро, ҳақиқий Қуръон ўқувчиси унинг ҳарфлари ва ҳақини адо этиб, уни қалбида жойлаб, хулқлари билан хулқланган кишидир.

Аллоҳ таоло:

وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلًا

“…ва Қуръонни “тартил” билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!” деб марҳамат қилган(Муззаммил, 4).

Тартил билан ўқиш дейилганда, ҳарфларни махражидан чи­қа­риб, тажвид қоидаларига амал қилган ҳолда, хушуъ билан ўқиш тушунилади. Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган илоҳий фар­мон барча мўмин-мусулмон­лар­га умумийдир. Маълумки, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни шу тарзда тартил билан ўқиб бер­ган­­лар. Ўз навбатида, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) ҳам уни умматларига тартил билан ўқиб етказганлар. Мусул­мон­­лар эса уни Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай эшитган бўлса­лар, авлоддан-авлодга шундай етказибкелмоқдалар. Қироат илми уламолари Қуръони каримдаги тажвид қоидаларини тартибга солиб, китоб­лар ёзиш­ган. Бу қоидаларни ҳар бир мусулмон билиши зарур. Шунинг учун тажвид қоидаларига тегишли бирорта китобни ўқиши ва Қуръон тиловатини буилмга эга устозлардан ўрганиши лозим. Қуръон фазилати ҳақида кўпгина ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Биз қуйида баъзиларини ўрганамиз.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қили­нади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): «Қиёмат куни аҳли Қуръон жаннатга кирган фур­сатда унга: “Сен дунёда Қуръонни қандай тартил (қироат) ила ўқиган бўлсанг, бу ерда ҳам ўшандай дона-до­на қилиб қироат билан ўқи ва юқорига кўтарил. Ёд бил­ган оятларинг қайси зина устида тамом бўлса, сенга атал­ган мақом ўшадир”, дейила­ди», деб айтдилар (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

Қуръон  тиловати ибодатдир. Абу Умома (розиял­лоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллал­ло­ҳу алайҳи ва саллам): “Қуръон ўқинглар. Чунки у (Қу­р­ъон) қиёмат кунида ўқигувчиларига шафеъ бўлади”, де­ганлар (Имом Муслим ривояти).

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда эса Ра­су­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуръонни моҳирлик ила, яъни лафз­ларини ўз ўрнидан чиқариб тиловат қилувчи киши улуғ итоаткор мир­залар, яъни фаришталар билан бирга бўлади. Энди ким Қуръонни тутилиб-тутилиб машаққат ила ўқиса, унга икки ажр бордир”, дедилар  (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ҳар бир мўмин-мусулмон киши Қуръон тиловати билан кўпроқ машғул бўлиши ва унга муайян вақтини ажратиши лозим. Қуръони карим Аллоҳнинг каломи бўлгани учун уни қироат қилишнинг ўзига хос қоида ва одоблари бор, уларга риоя этиш ҳар бир мусулмон зиммасидаги муқаддас бурч ҳисобланади. Жумладан, Қуръони каримни тиловат қилиш ниятидаги одам, аввало, таҳорат олиб, оғиз ва тишларни яхши­лаб ювиб, имкони бўлса, оқ  ва пок кийимларни кийиб, Қиблага юзла­ганича қироат­габерилиши афзал ҳисобланади. Ёддан ўқигандан кўра Мусҳафга қараб ўқишнинг савоби кўпроқдир. Зеро, қироат бир ибодат бўлса, Мусҳафга қараш ҳам бир ибодатдир. Қурон тиловатидан олдин “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” деб бир марта айтилса кифоя. У ҳар бир сура бошида айтилмайди. Барча сурани “Бисмиллаҳ” биланбошлаш суннатдир.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) айтган эканлар: “Кимки Қуръони ка­рим­ни намозда тик туриб ўқиса, унга ҳар бир ҳарфига юзта савоб, намоз­да ўтириб ўқиса, эллик савоб, намоздан ташқарида таҳоратли бўлиб ўқиса, йигирма беш савоб, таҳоратсиз ўқиса, ўнта савоб ёзилур”.

Жунуб ҳолатда Қуръонни қироат қилиш ёки ушлаш мутлақо ножо­издир. Шунингдек, унинг устига бирор нарсани қўйиш ҳам мумкин эмас. Қироатни тунлари, тинч ва сукунат пайтида ўқишни одат қилган афзал. Бунинг фойдалари кўпдир. Ҳожатхона, ҳаммом ва ахлатхона каби нопок жойларда Қуръон ўқилмайди.

Қуръон ўқилганда қулоқ солиш унингиккинчи ҳақ­идир.

Аллоҳ таоло бундай амр қилади:

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآنُفَاسْتَمِعُواْ لَهُ وَأَنصِتُواْ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

“Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақ­лангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!”(Аъроф,204).

Қуръонга қулоқ солиб эшитувчи киши уни тиловат қилувчи киши каби савобга эга бўлади. Суҳбатдошимизнинг сўзларига қулоқ тутиб, уни тинглай билиш, уламолар назарида, ниҳоятда муҳим масаладир. Муҳаммад ибн Алий Бокир: “Тинглаш тириклар учун, ўликлар учун эмас”, деб ушбу оятни келтиради:

إِنَّكَ لَا تُسْمِعُ الْمَوْتَى

“Аниқки, Сиз (ўз даъватингизни) “ўликлар”га уқтира олмассиз(Намл,80).

Абу Нажиб Сухравардий ўзининг “Аворифул маориф” китобида тинг­лай билишни барча яхшиликларнинг асоси деб таъкидлар экан, фикрини “ҳуснул истимоъ” деган ис­ти­лоҳ билан изоҳлайди. “Ҳусн” сўзи “кўрк, чирой” маъносини анг­латса, “истимоъ” “эшитиш, қулоқ тутиш, тинглаш”ни билдиради. Демак, “ҳуснул истимоъ” бирикмасини “тинглаш одоби” дейиш мумкин.

Тинглаш одоби – сўзловчига то сўзини тугатгунча фурсат бериш, атрофга чалғимасдан унга юзланиш ва унинг фикрларини англашдир. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган:

وَلَا تَعْجَلْ بِالْقُرْآنِ مِن قَبْلِ أَنيُقْضَى إِلَيْكَ وَحْيُهُ وَقُل رَّبِّ زِدْنِي عِلْمًا

(Эй, Муҳаммад!) Сизга (Қуръон) ваҳийси тугамай туриб, қироат қилишга шошманг” (Тоҳо,114).

Бошқа оятда эса:

لَا تُحَرِّكْ بِهِ لِسَانَكَ لِتَعْجَلَبِهِ

(Эй, Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан (кўп) ҳаракатлантираверманг”, дейилган (Қиёмат,16).

Булар Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га билдираётган тинглаш одоби таълимидир. Ваҳий нозил бўлаётган пайтда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръон­ни унутиб қўйиш ва ундан ажралиб қолишдан хавфсираб, тиловатдан тўхта­мас эдилар. Аллоҳ таоло пайғамбаримизни бундай қилишдан қай­тарди. Яъ­­ни, Жаброил (алайҳиссалом) Расулуллоҳ (соллал­лоҳу алайҳи ва сал­лам)ни қалбларига Қуръонни жойлаб бўлмагунларича қиро­ат­га шошил­мас­ликка, балки жим туриб тинглашга буюрди.

Қуръоннинг учинчи ҳақи уни имкон қадар тушунишга ҳаракат қилиш­дир. Бу борада саҳобийлардан ўрнак олишимиз даркор. Улар Қуръондан бирор сура ёки оятнинг маъносини яхши тушунишмаса, дарров бир-бирларидан сўраб билиб олишар эди. Қуръонни тушуниш асосан тафсир илми китобларини мутолаа қилиш орқали ҳосил бўлади. Қироатдан асл мақсад тадаббур, яъни тафаккур қилиш воситасида ту­шу­ниш­дир. Шунинг учун ҳам тафаккур эт­иш суннат қилинган. Қола­вер­са, унда зоҳи­рий тартил бўлиб, бу ботин билан тадаббур қилиш учундир. Али (розияллоҳу анҳу) айтдилар: “Фиқҳ (тушуниш) бўлмаган ибодатда ва тадаббур бўлмаган қироатда яхшилик йўқдир”.

Дарҳақиқат, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг маъно­ларини тадаббур қилиш учун такрорлаганлар. Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича: “Кечаларнинг бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз билан қойим бўлиб, бир оятни такрор­лай­вердилар”. Молик ибн Динор айтар эдилар: “Эй Қуръон аҳли, Қуръон қалбла-рингиз­га нимани экди? Дарҳақиқат, ернинг баҳори ёмғир бўлганидек, мўмин­нинг баҳори Қуръондир”. Вуҳайб ибн Вирд: “Биз мана бу ҳадислар ва панд-насиҳатларга қарадик. Шунда Қуръон қироати, уни фаҳмлаш ва тадаб­бур қилишдан кўра қалбни мулойимлаштирувчи ва (кишига) маҳзун­лик­ни жалб қилувчироқ нарсани топмадик”, дедилар.

Қуръоннинг тўртинчи ҳақи уни ёдлашдир. Ҳар бир мусулмоннинг намоз ўқиш учун лозим бўлган сураларни ёддан билиши фарзи айндир. Қуръон ти­ло­ва­­ти­сиз намоз бўлмайди. Қуръонни тўлалигича ёдлаш фар­­зи кифоя, яъни айрим кишилар ёдласа, бошқалар зиммасидан соқит­дир. Қуръонни ўрганиш ва уни ёдлаш тўғрисида кўпгина ҳадислар ворид бўлган. Бухо­рий­дан келтирилган ривоятда Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, бошқа­лар­га ўргатган кишидир”, дейдилар. Ибн Можадан қилинган ривоятда эса: “Эй Абу Зарр! Эрталаб туриб Аллоҳнинг Китобидан бир оят ўрганишинг сен учун юз ракат нафл намозидан афзалдир”, дея марҳамат қиладилар.

Ёши кичик фарзандларимизга Қуръонни ёдлатиш хайр-барака белги­си­дир. Аввало, бу иш уларнинг хотиралари кучайишига сабаб бўлади. Қо­ла­верса, бошқа илмларни ўзлаштиришга ҳам ёрдам беради. Ҳар бир фар­занд соф фитратда, яъни пок ҳолда, барча ҳақиқатга мойил бўлиб дунёга келади. “Фарзандни ҳар кўйга солувчи ота-онасидир”, деб Расулул­лоҳ (сол­­­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар. Ёдда сақлаш қобилияти ҳар бир фарзандда мавжуд туғма неъматлардандир. Акс ҳолда, у ота-онаси­нинг ти­ли­ни ҳам билмаган бўлур эди.

Қуръондан қисқа сураларни ёд олдириш нодир ҳолларда уч ёшдан бошланади. Ўрта ҳолда беш ёшдан, етти ёшдан эса бемалолдир. Етти ёшда мукаммал “қори” бўлганлар жуда кўп. “Ёшлик чоғида ўрганилган илм тошга ўйилган нақшдек мустаҳкам бўлади”, деб донишмандлар бежиз айтмаганлар.

Қуръонга амал қилиш унингбешинчи ҳақидир. Яъни, Қуръонда буюрилган амалларни бажариш, қайтарилганлардан қайтиш ва Қуръон хул­қи билан хулқланишдир. Аллоҳ таоло бундай  хабар беради:

إِنَّ هَـذَا الْقُرْآنَ يِهْدِي لِلَّتِي هِيَ أَقْوَمُ وَيُبَشِّرُالْمُؤْمِنِينَ الَّذِينَ يَعْمَلُونَ الصَّالِحَاتِ أَنَّ لَهُمْ أَجْرًا كَبِيرًا

“Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берур” (Исро, 9).

Биз, мўмин-мусулмонлар бахтли инсонлармиз. Аллоҳтаоло Қуръон билан бизларга бу дунёда бахтли, саодатли ва чиройли ҳаёт кечириш ҳамда охиратда нажот топиб, жаннатга дохил бўлишимизнинг хушхаба­рини бермоқда. Бунинг учун биз Аллоҳнинг Каломигаоғишмай ихлос билан амалқилишимиз лозим.

Саҳобийлардан бири Қуръон таълим олиш учун келиб, Аллоҳ таолонинг:

فَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًايَرَهُ

وَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَرَهُ

“Бас, ким (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиё­мат куни) уни кўрар.Ким зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар” (Залзала, 7-8) дейилганоятларини эшитганида: “Мана шунинг ўзи менга кифоя қилади”, деб ўрнидан қўзғалди. Шунда Аллоҳ­нинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу киши фақиҳ бўлган ҳолда кетди”, дедилар. Дарҳақиқат, иззатлан­ган киши шу ҳолатда бўлади.

Аллоҳ амалдан юз ўгириб, тил билангина тиловат килувчиларга қарата бундай хитоб қилган:

وَمَنْ أَعْرَضَ عَنذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنكًا وَنَحْشُرُهُ يَوْمَالْقِيَامَةِ أَعْمَى

“Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз”(Тоҳо,124). Кейинги оятда эса:

قَالَ كَذَلِكَ أَتَتْكَ آيَاتُنَا فَنَسِيتَهَا وَكَذَلِكَ الْيَوْمَ تُنسَى

(Аллоҳ) айтур: “Шундай. (Лекин) сенга Бизнинг оятларимиз келганида, уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай “унутилурсан” (Тоҳо,126), деган.

Ушбу оятларда ҳам “Сен унга назар ҳам, парво ҳам қилмасдан, уни тарк этдинг”, дейилди.Зеро, ишни нуқсонли қилган киши ҳақида “у ишни унутибди”, дейилади. Тил, ақл ва қалб муштарак бўлиши Қуръоннинг ҳақи­қий тиловатидир. Тилнинг насибаси ҳарфларни тартил билан (тажвид билан) тўғрилаш, ақлнинг насибаси (унинг) маънола­рини англаш, қалбнинг наси­баси эса ундан насиҳат олиб роҳатланишдир.

Хулоса қилиб айтганда, тил тартил қилади, ақл тафаккур-тадаббур қила­ди, қалб эса панд-у-насиҳат олади.

 

Хадичаи Кубро аёл қизлар ислом билим юрти

мударрисаси Гулобод Қурбонова

 

 

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*