17.06.2022
515

Алишер Навоий асаларида-Тасаввуф

 

Алишер Навоий асарларидаги юксак бадиият, балки фалсафий-ахлоқий қарашлар ҳам ҳанузгача ўз қадрини йўқотган эмас. Маълумки, Навоий шеърлари ва достонларида илгари сурилган ахлоқий тамойиллар ҳамда ижобий қаҳрамонлар қиёфаларида тажассум топган адолат, садоқат, бурч, муҳаббат, раҳм-шафқат, мардлик, камтарлик сингари фазилатлар ҳақида кўп ёзилган. Айни пайтда, Навоий сўфийликнинг нақшбандия сулукига мансуб йирик шахс - мутасаввиф сифатида ҳам ахлоқшунослик назарияси ва амалиёти тараққиётига улкан ҳисса қўшган мутафаккирдир. У «Қаноат нақшининг ифшоси ва нақшбандия тариқатининг адоси» деган шеърида ушбу тариқатнинг тўрт тамойилини тушунтириб беради.

Алишер Навоий нақшбандия тариқатининг умумфалсафий аҳамиятга эга бўлган дастлабки тамойилларини ўзига хос шарҳлар экан, уларни мазкур тариқат бошловчиси Юсуф Ҳамадоний соликларнинг асосий қоидалари тарзида муомалага киритган:

1. Ҳуш дар дам (ҳар нафасда эс-ҳуш жойида бўлиши, ҳушёрлик билан яшаш, ғофилликдан чекиниш). 

2. Назар дар қадам (ўзгалар қадамини муҳокама қилишдан кўра ўз қадамининг пок, ҳаром-харишдан йироқ бўлишини кузатиб бориш, қадам-бақадам маънавий юксакликка эришиш).

3. Сафар дар Ватан (Ватанни кезмоқ, кезиб риёзат чекмоқ, уни севмоқ, Ватанда яшаш ҳам бир сафар эканини англамоқ).

4. Хилват дар анжуман (одамлар йиғилган жойларда, халқ орасида ички танҳоликка эришмоқ, гуноҳкорлар анжуманидан фориғ ва Тангри билан бирга бўлмоқ, ўзлигини топмоқ).

Бундан ташқари нақшбандияда Абдулхолиқ Ғиждувоний киритган - ёд кард (ёд этмоқ), бозгашт (ортга қайтмоқ), нигоҳдошт (нигоҳ олмоқ), ёддошт (ёдда сақламоқ) ва Баҳоуддин Нақшбанд қўшган - вуқуфи замоний (замондан воқифлик), вуқуфи абадий (абаддан воқифлик), вужуди қалбий (қалбдан воқифлик) тамойиллари мавжуд. Уларнинг дастлабки тўрттаси кўпроқ соф зикрга тааллуқли бўлса, кейинги учтаси, Ҳамадоний қоидалари каби, кўпроқ фалсафий хусусиятга эга. Умуман олиб қаралганда, мазкур ўн бир тамойилнинг ҳаммасида ҳам у ёки бу даражада ахлоқий талаблар устувордир.

Хуллас, нақшбандия тариқатининг икки томони бор. Биринчиси ахлоқий жиҳати: у заминдан, халқдан, меҳнатдан узилиб қолмасликка, маърифатлиликка эришишга, жаҳолатга, зулмга қарши курашишга, бирор-бир касбнинг бошини тутишга, ўзгаларга ахлоқий намуна бўлиб яшашга чақиради. Иккинчиси маънавий жиҳати: у ахлоқий қисмига ҳамоҳанг - покликка, Ватанни билишга, ватанпарварликка даъват этади.

Бу тариқатнинг яна «Хилватда - шуҳрат, шуҳратда офат» деган ақидаси ҳам диққатга сазовор. Хилватда фақат ўзини ўйлаб, эртадан кечгача ибодат қилишда ҳам ғараз бор: бу, биринчидан, кишининг жаннатдан энг аввало ўзи ўрин олиши учун тиришиб-тирмашиши бўлса, иккинчидан, Худога худбинлик орқали яхши кўриниш ва, учинчидан, одамлар кўзига ўзини зўр қилиб кўрсатиш, яъни шуҳрат орттириш.

Шунингдек, бу тариқат зиёлиларга жуда катта масъулият юклайди. Унинг «Агар мамлакат хароб бўлса, шоҳдан хафа бўлма, ҳақиқат аҳли наздида бу дарвешларнинг-зиёлиларнинг, илм аҳлининг гуноҳидир», «Ҳеч кимдан хафа бўлма ва ҳеч кимни хафа қилма», «Ўлик шердан тирик мушук афзал» сингари ҳикматлари ҳам ҳеч қачон ўз кучини йўқотмайди.

Маълумки, дилинг Худо билан, қўлинг иш билан банд бўлсин, деган шиор нақшбандия тариқатининг асосий тамойилидир. Навоий бутун умр, аввало, шахсан ўзи ана шу тамойилга амал қилди, қолаверса, деярли ҳамма асарида инсонни заминдан оёғи узилмаган қаҳрамон тарзида талқин этди. Шунинг учун ҳам исломшунос олим  Бертельс Навоийни, нафақат буюк шоир ҳамда мутафаккир, балки буюк мутасаввиф деб тилга олади. 

Навоий асарлари орасида тасаввуф ахлоқига доир яна бир машҳур қитъа борки, унинг ички - ботиний мазмуни алоҳида диққатга сазовор:

Камол эт касбким, олам уйидин,

Санга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ.

Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ,

Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ.

Бу шеърда, юзаки қараганда, гап дунёдан бирор касбнинг бошини тутмай ўтиб кетиш яхши эмаслиги ҳақида кетаётгандек кўринади. Аслида эса у, юқорида айтиб ўтганимиз - тасаввуф ахлоқшунослигининг «касб» тушунчаси билан боғлиқ. Навоий ҳазратлари бу дунёга келиб, Аллоҳ инсон учун яратган барча фазилатлар ва эзгуликларни ўзига касб қилиб олмаган, юқтирмаган киши тириклик оламидан боши қуйи солинганича чиқиб кетади, чунки дунёдан нотамом, яъни комилликка эришмай ўтиш худди ҳаммомга кириб, ювинмай чиқиб кетиш билан баробар, дейди. Демак, улуғ мутафаккирнинг фикрига кўра, ҳар бир инсон бу дунёда Худо унга атаб неъмат сифатида яратган фазилатлар эгаси бўлмоғи, комилликка интилмоғи зарур, ана ўшандагина у ўз инсонлик бурчини бажарган, инсон деган номни оқлаган саналади.

«Маҳбуб ул-қулуб» да комил инсон масаласи ҳам ўзига хос тарзда ўртага ташланади. Навоий нақшбандия сулукининг ахлоқий талабларидан келиб чиқиб, ўз замонаси билан ҳамнафас бўла оладиган ва доимо комилликка интилиб яшайдиган инсонни ахлоқий намуна деб билади. Чунки ҳар бир инсон фақат ўз замонасидагина мавжуд ва шу мавжудлик доирасидагина бирор иш қилишга қодир; оҳ, ўтмиш зўр эди, олтин даврлар эди, ёки келажакда ҳамма нарса ажойиб бўлади, деб гапираверган билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Инсон ўз замонаси имкониятларидан фойдаланиб, ҳам ўзини, ҳам замонасини гўзал қилишга интилмоғи лозим. 

Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, Навоий асарларидаги ахлоққа доир фикрлар хоҳ амалий ахлоққа, хоҳ ахлоқ назариясига тааллуқли бўлсин, улар улкан бир давр ахлоқий қарашларининг квинтэссенцияси сифатида доимо тадқиқ ва тадбиққа лойиқдир. 

Другие новости

MUSULMONLARNING BOSHQA DIN VAKILLARIGA BO'LGAN MUNOSABATLARI
01.05.2025 7
Qur’oni karimda ham hadislarda ham boshqa din vakillariga qanday munosabat qilish lozimligi haqida ko’plab ko’rsatmalar kelgan. Islom dini tinchlik dini bo’lganligi uchun har qachon insonlar o’rtasida totuvlikni ta’minlashga uringan. Tarixdan...
Подробнее
XXI ASRDA MOTURIDIYLIK TA’LIMOTINING AHAMIYATI
28.04.2025 10
Abu Mansur Muhammad ibn Muhammad al-Hanafiy as-Samarqandiy al-Moturidiy Islom dinining nazariy (usul ad-din), fiqh asoslari va manbalarini o‘rganadigan (ilm usul al-fiqh) sohasi bo‘yicha hanafiylik mazhabining yirik faqihi (qonunshunosi), kalom ilmida...
Подробнее
IMOM MOTURIDIY VA UNING IZDOSHLARI ILMIY MEROSINING ISLOM ILMLARI RIVOJIDAGI O‘RNI
21.04.2025 15
Islom millati uchun eng tahlikali bir paytda musulmonlarning aqiydasini mardonavor himoya qilgan, musulmonlar ommasi aqiydasining to‘g‘ri yo‘lda, Qur’oni Karim, nabiy sollallohu alayhi vasallamning sunnatlari, ahli sunna val jamoa yo‘lida sobitqadam...
Подробнее
Мы в соц сетях

Наши контакты

Телефон: +998 (71) 248-47-52
E-mail: xadichai-kubro@umail.uz
Адрес: Toshkent shahar, Olmazor tumani, Fayziobod ko'chasi, 1-uy
©2025 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry