Тинчлик ва осойишталик – улуғ неъмат
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан юрт тинчлигининг самарасидир. Агар мустақлликда ўтган йиллларимизга назар ташласак, пойтахтимиз, вилоятлар марказлари, шаҳар, қишлоқларимиз, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам катта ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги хотиржамлик ва барқарорлик туфайли хонадонларда тўю томошалар, байраму шодиёналар бўлмоқда. Бу неъматларга чин маънода шукрона қилиш ва уларнинг қадрига етиш керак.
Агар нотинчлик ҳукм сураётган юртларга назар ташласак, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикка минг бора шукр қиламиз.
Барқарорликни таъминлашга лоқайдлик, бепарволик билан қараш, бу борада тегишли маънавий-маърифий ва амалий ишларнинг амалга оширилмаслик, ёшларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, уларни ота-она, оила ва жамият назоратидан четда қолдириш оқибатида жамиятда парокандалик вужудга келади.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда 600 га яқин террорчи ташкилотлар мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилиги Ислом ниқоби остида ёки бу диннинг номи билан фаолият олиб боришяпти. ислом ниқоби остида фаолият кўрсатаётган террорчилик ҳаракатларининг ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чунки тинчлик, инсонпарварлик ва раҳм-шафқат дини бўлган ислом ҳеч қачон зўравонликни, бировлар жонига қасд қилишни, адолатсизликни тарғиб қилмаган, қилмайди ҳам. Қуръони карим бундай таълим беради: "Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган кимса худди бутун инсониятни ўлдирган кабидир" (Моида, 32); "Ким бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир" (Нисо, 93); "...ўзларингизни ўлдирманглар, албатта Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир" (Нисо, 29). «Ва барчаларингиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва (фирқа-фирқа ҳолда) бўлинмангиз!» (Оли-Имрон, 103);
Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.
Мустақиллик шароитида этник мунособатлар ва дин соҳасида олиб борилаётган изчил ва оқилона сиёсат туфайли мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, динлар ва конфессиялараро ҳамкорлик қарор топди. Конституциямизда "Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар", деган тамойилнинг мустаҳкамлаб қўйилиши эса, бу борадаги ишларнинг қонуний асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Тинчликнинг қадрига етиш уни сақлаб туришда оилада ота-она роли катта. Ота-она фарзандларига тинчлик олий неъмат эканлиги, тинчлик ҳукм сураётганлиги сабабли фаровон ҳаёт кечираётганимизни мунтазам тушунтириб боришлари керак. Айниқса, аёл киши болалари тарбиясига масъул бўлгани учун ҳам болаларига тинчлик ўзи нима эканлиги, бугунги кундаги мустақиллигимизга осонлик билан эришмаганимиз, уни қадрига етишимиз кераклигини тушунтириш билан бир қаторда фарзандларида миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғусини шакллантириб бориши зарур. Шундагина фарзандларимиз элим-юртими деб ёниб яшайди ва жамиятга керакли шахс бўлиб етишади.
Дин ниқобидаги турли бузғунчи оқим ва фирқалар мамлакатдаги тинчлик, осойишталик, миллатлар ва динлар ўртасидаги аҳилликка раҳна солиш мақсадларидан қайтишгани йўқ. Бу эса ҳар биримиздан доимо ҳушёрлик ва огоҳликни, ёшлар тарбиясига масъулият билан ёндашишни, уларнинг диний билими ва саводхонлигини тинмай ошириб боришни, шу йўл билан жаҳолатга маърифатни қарши қўйиб, улар қалбини четдан бўлаётган барча хуружлардан қатъий ҳимоя этишни талаб этади.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти
мударрисаси Абзалова Фарида