28.07.2022
353

Шукр маънавий бойлик

 

    Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир. Ўзбекистон ҳудудида қадимдан кўплаб миллат ва элат вакиллари баҳамжиҳат истиқомат қилиб келган. Улар ўртасида асрлар давомида миллий низолар бўлмагани  халқимизнинг азалий бағрикенглигидан далолатдир. Аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлгани тарихий манбаларда қайд этилган.

Аллоҳ таолога беадад шукроналар бўлсин, янги Ўзбекистонинг бу эришуви жамиятимизда рўй берган ижобий ўзгаришлар мамлакатимиз мусулмонлари ҳаётида ҳам улкан бурилишларга сабаб бўлди. Аллоҳ таоло: «Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!» (Зуҳо, 11), деб марҳамат қилган. Миллатлараро муносабатларда уйғунлик вужудга келган мамлакатларда кўпмиллатлилик жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига самарали таъсир этиши айни ҳақиқатдир.

   Миллатлараро тотувлик ғояси умумбашарий қадрият бўлиб, турли халқлар биргаликда истиқомат қиладиган минтақа ва давлатлар миллий тараққиёти, шу жойдаги тинчлик ҳамда барқарорликнинг кафолати бўлиб хизмат қилади. Буни Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўли давомида турли соҳаларда эришаётган юксак марралари мисолида яққол кўриш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, миллати, тили, дини, ижтимоий ҳолатидан қатъий назар, барча фуқароларнинг эркин яшаши, пухта таълим олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз иқтидори ва қизиқиши бўйича касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат қилишига доир ҳуқуқлари кафолатланган. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уларни ягона мақсад – озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида янада жипслаштириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Миллий қадриятлар толерантликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Толерантлик— ўзлигини англаган миллат вакилларининг бошқа миллат вакиллари томонидан камситилишига йўл қўймаслик, улар билан тинч, фаровон ҳаёт кечиришидир. Толерантлик туйғуси инсоннинг хулқ-атвори, одоб-ахлоқи, сиёсий–маънавий поклиги, ўз халқи ва миллий мероси, бойлиги ҳамда миллий қадриятларга бўлган муносабатини белгилаб беради. Бу хусусиятлар эса ҳар бир инсонда бағрикенглик, байналмилаллик туйғуларини уйғотади. Бугунги кунда жамиятимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро дўстлик тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Турли динларга мансуб фуқароларнинг ўз диний арконлари ва амалларини эмин-эркин адо этиши учун барча шароит яратилган. Ўлкада тинчлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлашда ислом таълимотидаги ўзга дин вакиллари билан ўзаро муносабат йўлини тутиш, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш ва ҳамжиҳатликда яшашга чорловчи тамойиллар ҳам ўзига хос аҳамият касб этди. Айниқса, ислом таълимотидаги динни қабул қилиш ёки қабул қилмаслик қалбга боғлик, инсоннинг тўлиқ ихтиёридаги амал деб қаралиши минтақада диний бағрикенглик муҳити барқарор бойиши учун асосий омиллардан бўлди.

    Бу таълимот Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларга таянар эди. Жумладан, Қуръони каримнинг “Бақара”сураси 256-оятида

لَا إكْرَاهَ فِي الدِّينِ`ни “Динда зўрлаш йўқ” деган қоида асосида динни қабул қилиш ихтиёрий амал экани ва инсонни зўрлаб бирор динга киритиш мумкин эмаслиги, ҳар бир инсон динга муносабатини билдиришда эркин экани қайд этилади.

    Бундан ташқари, яна бир оятда:”Агар Роббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўъмин бўлишларига мажбур қиласизми?!”(Юнус, 99) дейилади.

     Шунингдек, ижтимоий масаларларда ҳам мусулмонларнинг ўзга  эътиқод вакиллари билан ҳамкорлик қилиш, улар билан ҳамжиҳатлик асосида муносабатга киришишга чақирилади.Таъкидланганидек, дин, шу жумладан, муқаддас ислом динининг одамларни эзгулик ва ҳалоллик, покликка ундаш, тинчлик ва осойишталикни сақлашга даъват этишдаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Бироқ бугунги мураккаб ва таҳликали, тезкор глобаллашув даврида дунёнинг турли минтақаларида рўй бераётган можароларда баъзан дин ёки миллий масала ниқоб қилиб олинаётгани сир эмас. Бу барчани янада ҳушёрлик ва огоҳликка, тинчлик ва осойишталикни сақлашга, унинг қадрига етишга, жамиятдаги барқарор муҳитни асраб-авайлашга, ёшлар тарбияси учун масъулиятни ҳис этишга даъват этади. Бу каби мудҳиш ва вайронакор кучга қарши курашда дунё ҳамжамияти бирдек ҳаракат қилиши лозим. Шу маънода, юртимиздаги миллатлараро ва диний конфессиялараро тотувликни, ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлашга қаратилган сиёсат жаҳон ҳамжамиятига ибрат бўла олиши нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижлик олимлар, етук мутахассислар томонидан эътироф этилмоқда.

 Юртимизда таълим етти тилда олиб борилаётгани, 140 дан ортиқ миллий маданий марказларнинг фаолият кўрсатаётгани бағрикенглик сиёсатига нечоғли амал қилинаётганлигига мисол бўла олади. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади. Ўзбекистоннинг бу борада олиб бораётган оқилона сиёсати Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги каби умуммиллий ғояларни барча юртдошларимиз билан ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб амалга оширишимизда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, неча минг йиллик тарихимиз шундан гувоҳлик берадики, олижаноблик ва инсонпарварлик, миллатлараро тотувликка интилиш халқимизнинг энг юксак фазилатларидандир. Истиқлол бизга ана шу эзгу анъаналарни изчил давом эттириш ва авлоддан авлодга янада мукаммал бўлиб ўтишини таъминлаш имконини берди. Юртимизда миллатлараро ва фуқаролараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббуслар пайдо  бўлаётгани том маънодаги дўстлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.

  Зеро, давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, “Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликга шукур қилишдир”.

                                                                          

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

                  ахборот-ресурс маркази раҳбари

                                                                                М. Саиджалолова

 

 

Другие новости

MAXLUQOTLAR ALLOHGA OʻXSHAMAS
24.12.2024 2
Imom Abu Ja'far At-tahoviy o'zlarining "Aqiydatut Tahoviyya" nomli kitoblarida shunday keltiradilar: لا يُشْبِهُهُ الأنامُ Ya'ni, Alloh taologa hech narsa oʻxshamaydi.Yuqoridagi matnda kelgan أنام soʻzi 3 xil ma'noda ishlatiladi: 1.Har bir...
Подробнее
KITOB -MA'RIFAT CHIROG'I
23.12.2024 3
Dunyoni faqat ilm bilan zabt etish mumkinligi bugungi kunda hech kimga sir emas. Ilmni chuqur egallashning yo'li esa bitta – kitob o'qishdir. Prezidentimiz Shavkat Mirziyoyev mutolaa haqida fikr bildirib, jumladan,...
Подробнее
Kichik amalning ulkan ajri!
23.12.2024 3
Bir hadis sharhi🌸“Suygan narsalaringizdan ehson qilmaguningizgacha, sira yaxshilikka (jannatga) erisha olmaysizlar. Nimaniki ehson qilsangiz, albatta, Alloh uni biluvchidir”-, deya marhamat qilgan Alloh taologa cheksiz hamd-u sanolar bo’lsin.“Jonim izmida bo‘lgan Zotga...
Подробнее
Мы в соц сетях

Наши контакты

Телефон: +998 (71) 248-47-52
E-mail: xadichai-kubro@umail.uz
Адрес: Toshkent shahar, Olmazor tumani, Fayziobod ko'chasi, 1-uy
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry