01.08.2022
340

Гуноҳлардан сақланиш усуллари

 

Аллоҳ таоло инсон зотини яратиб уларга тоат ва савоб ишларни буюрди. Бу ишлар уни икки дунё саодатига олиб боришини баён қилди. Уларни гуноҳ ишлардан қайтарди, бу ишлар уни икки дунёда бадбахт бўлишига сабаб бўлишини билдирди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

“Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Наҳл сураси, 90-оят).

Тарк қилиш буюрилган гуноҳлар иккига бўлинади: катта гуноҳлар ва кичик гуноҳлар. Кичик гуноҳлар тоат-ибодатлар ва истиғфор билан ювилиб кетса, катта гуноҳларга чин тавба керак бўлади. Одамларнинг ҳаққи тааллуқли бўлган ҳолатларда уларга ҳаққини адо қилиш ёки розилик олиб, ҳалоллашиб тавба қилинади. Лекин энг муҳими гуноҳлардан имкон борича сақланишдир.

Қуйида мана шу гуноҳлардан сақланиш йўллари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.

1.  Дуо.

Дуо мўминнинг қуролидир. У ибодатнинг мағзидир. Банда Аллоҳ таолодан гуноҳларларга тушишдан сақлашини сўрашининг манфаати катта. Аллоҳ таоло шундай дейди:

وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ

Парвардигорингиз: Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!» – деди.

2.  Жиддий ҳаракат қилиш.

Банда кечаю кундуз гуноҳларни тарк қилишга тиришқоқлик билан ҳаракат қилса, натижага эришади. Мана шу тиришқоқлик унинг содиқлиги ва ихлосига далил бўлади.

3.  Гуноҳларнинг оқибати ва натижасини билиш.

Улуғларнинг банда фойдасини билмагунча чопмайди, зарарини билмагунча қочмайди деган гаплари бор. Гуноҳнинг натижаси, ғам-андуҳ, ёмон ҳаёт ва Аллоҳ таолодан узоқлашиш эканини тафаккур қилган киши ундан узоқлашади.

4.  Гуноҳларга олиб борувчи сабаблардан узоқ бўлиш.

Ҳар бир гуноҳга олиб борувчи сабаблари бўлади. Масалан, зинога олиб борувчи сабаблар номаҳрам билан хилватда қолиш, унга шаҳват билан қараш ёки ушлаш ва ҳаказо. Банда ҳар бир гуноҳга олиб борувчи сабабларнинг йўлини тўса олса, ўша гуноҳдан қутилади. Сабаблардан чекинмаса, гуноҳдан қутила олмайди.

5.  Ёмон дўстлардан эҳтиёт бўлиш.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом киши дўстининг дин диёнатига мослашиб кетишидан огоҳлантирганлар. Гуноҳга ружу қўйган кишилар ва доимий равишда фосиқ кишилар билан бирга юриш, дўст бўлиш одам табиатига таъсир қилиб, уни гуноҳларга мойил қилиб қўяди. Қалбида гуноҳнинг жазоси ва оқибатининг ҳайбатини кеткизди. Гуноҳ қилиши осонлашади. Шунинг учун ёмон дўстдан шердан қочгандек қочиш керак.

6.  Ўлимни эслаш.

Тез-тез ўлимни эслаб туриш, қабрдаги ҳолатлар, қиёматда тирилиш, ҳисоб бериш, амалларнинг тарозуда тортилиши, сирот кўпригидан ўтиш, жаннат ёки дўзахга киришни фикр қилиш қалбдаги ҳою ҳавасларни кесади, одамни охират ҳақида ўйлашга мажбур қилади. Ҳадиси шарифларда “лаззатларни кесувчи” ўлимни кўп эслашга буюрилади.

7.  Дунёнинг ўткинчи эканини эслаш.

Аллоҳ таоло дунё ҳаёти ҳақида шундай дейди:

“Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир” (Оли Имрон 185).

Дунёнинг жуда тез ўтиб кетиши, охират олдида у жуда ҳақир бўлиб қолишини ўйлаган киши дунё матолари, мол дунёси ёки обрў эътибори учун гуноҳ қилишдан тийилади

8.  Охиратда муфлис бўлишдан қўрқиш.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муфлис ким, уни биласизларми?” деб саҳобалардан сўрадилар. Улар: “Муфлис, чўнтагида ҳемириси ҳам йўқ одамдир,” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Муфлис шундай кишики, қиёматга намоз ўқиган, рўза тутган, закот берган бўлиб, кимнидир сўккан, молини ноҳақ еган, урган, ҳақорат қилган ҳамда қонини тўккан бўлиб боради. Аллоҳ ўша муфлис ва мазлумлар ораларида ҳисобот қилганида, уларга муфлиснинг яхши амалларидан олиб беради. Унинг яхши амаллари тугаганида, энди мазлумларнинг гуноҳларини муфлисга юклаб қўяди. Ниҳоят муфлиснинг савоб амаллари тугаб, у дўзахга улоқтирилади”, дедилар.

9.  Қиёматда тана аъзолари гувоҳлик беришини ўйлаш.

Қуръони карим оятларида одамнинг тана аъзолари унга қарши гувоҳлик бериши, одам ўзидан чиққан душманлар олдида ҳангу манг бўлиб қолиши баён қилинган. У аъзоларни ҳар ишга қодир Аллоҳ таоло гапиртиради. Бирор гуноҳни Аллоҳ таолодан яшириб қилиб бўлмайди, бунинг устига гуноҳни бажарган аъзолар эгасига қарши гувоҳлик берадилар.

10.   Фаришталар одам амалларини ёзиб боришини ёдда тутиш.

Одамнинг ҳеч бир амали йўқки уни фаришталар ёзиб турмаган бўлса. Бу ёзувлар тўпланиб, қиёмат куни бандага тақдим қилинади. Агар савоблари кўп бўлса, бахтли, гуноҳлари кўп бўлса, бадбахт бўлади. шунинг учун банда имкон қадар савоб ишлар қилишга, гуноҳлардан қочишга ҳаракат қилсин.

11.   Илм ўрганиш.

“Илм дунёнинг азизлиги ва охират шарафидир”. Илм пайғамбарлардан қолган меросдир. Илм нурдир у қалбни ёритади. Гуноҳ эса зулматдир. Илм гуноҳкор қалбларга тушмайди, чунки нур билан зулмат бир ерда жам бўлмайди. Гуноҳларни тарк қилмагунча одам фойдали илмга етмайди.

12.  Ўтган гуноҳкор қавмларнинг қиссаларини ўрганиш.

Биздан аввал қанчадан қанча фосиқ қавмлари гуноҳлари сабабли Аллоҳ таолонинг ғазабига ва азобига учраганлар. Азоб улар кутмаган: ғафлат пайтлари, ўйин кулгу қилиб турганларида ёки гуноҳлари устида келган. Биз ҳам гуноҳ қилаётган пайтимизда азоб билан тутилишдан эҳтиёт бўлишимиз керак.

13.  Кичик гуноҳларни тарк қилиш.

Кичик гуноҳларга бепарво ва давомий бўлган киши катта гуноҳларга тушиши осонлашади. Катта гуноҳларни тарк қилмоқчи бўлган киши ишни кичик гуноҳлардан тийилишдан бошлаш керак.

14.  Аллоҳ таолонинг ҳидоятини талаб қилиш.

Шуни билиш керакки, Аллоҳ таолонинг ёрдами ҳидоятига эришиш учун банданинг ўзида ҳаракат бўлиши, гуноҳларни тарк этиши, савоб ишларга киришиши керак бўлади. Фақат жаннатни орзу қилиш билан мақсадга етилмайди.

Аллоҳ таоло барчамизга инсоф ва тавфиқ берсин, катта кичик гуноҳларни тарк қилиб, нажотга эришишни осон қилсин. Омин.

Другие новости

MAXLUQOTLAR ALLOHGA OʻXSHAMAS
24.12.2024 2
Imom Abu Ja'far At-tahoviy o'zlarining "Aqiydatut Tahoviyya" nomli kitoblarida shunday keltiradilar: لا يُشْبِهُهُ الأنامُ Ya'ni, Alloh taologa hech narsa oʻxshamaydi.Yuqoridagi matnda kelgan أنام soʻzi 3 xil ma'noda ishlatiladi: 1.Har bir...
Подробнее
KITOB -MA'RIFAT CHIROG'I
23.12.2024 3
Dunyoni faqat ilm bilan zabt etish mumkinligi bugungi kunda hech kimga sir emas. Ilmni chuqur egallashning yo'li esa bitta – kitob o'qishdir. Prezidentimiz Shavkat Mirziyoyev mutolaa haqida fikr bildirib, jumladan,...
Подробнее
Kichik amalning ulkan ajri!
23.12.2024 3
Bir hadis sharhi🌸“Suygan narsalaringizdan ehson qilmaguningizgacha, sira yaxshilikka (jannatga) erisha olmaysizlar. Nimaniki ehson qilsangiz, albatta, Alloh uni biluvchidir”-, deya marhamat qilgan Alloh taologa cheksiz hamd-u sanolar bo’lsin.“Jonim izmida bo‘lgan Zotga...
Подробнее
Мы в соц сетях

Наши контакты

Телефон: +998 (71) 248-47-52
E-mail: xadichai-kubro@umail.uz
Адрес: Toshkent shahar, Olmazor tumani, Fayziobod ko'chasi, 1-uy
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry