20.10.2022
455

ШАРИАТДА КЎПХОТИНЛИЛИК

Шариатда инсонга муносиб ҳаёт учун барча шарт-шароитлар  асосли равишда яратилган. Барча имкониятлар ва эркинликлар инсоннинг  ички имкониятлари доирасида берилгани барчамизга маълум. Улардан оқилона фойдаланиш эса бандаларнинг тафаккури, фаросати, ички адолати ва тақвосига кўра амалга оширилади.

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда дин борасида етарлича билим ва тушунчаларга эга бўлмаган, ҳаттоки аёллар томонидан ҳам кўпхотинлик масаласини кўтариб, бунга тарғиботлар қилмоқдалар. Таъкидлаш керакки, бундай ёндашувлар эндигина мусулмончилик тартибларини англаётган одамларни чалкашмовчиликларга олиб бормоқда.

Шариатимиз мусулмон эркакларга қуйидаги оятга кўра тўрт нафар аёлгача уйланишга рухсат берган:       

«Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами, никоҳлаб олинг. Агар   адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг) ёки қўлингизда мулк бўлганлар билан (кифояланинг). Мана шу жабр қилмаслигингизга яқинроқдир. (Нисо, 3)

Ушбу ояти каримадан кўриниб турибдики, мусулмонларга берилган мазкур имконият учун муҳим талаб ҳам қўйилган. Бу талаб оиланинг иккинчи бўлаги, яъни завжаи халолига зулм ва жабр қилиб қўймаслик мажбуриятидир. 

Бу масалада юртимиздан алломаси ва дин арбоби Муҳаммад Юсуф Муҳамммад Содиқ шундай дейдилар: “Ислом дини рухсат берган кўпхотинлилик ҳукми олинган. Дўст-душман бу оятнинг ўзини билмаса ҳам, унинг ҳукмини яхши биладилар. Чунки улар Исломга душманлик қилиш йўлида гўё шу нуқтада қулай имкон топганлар. Агар дин душманларининг бу масаладаги шовқин-суронларига эътибор бериладиган бўлса, худди Ислом фақат шу масаладангина иборатга ўхшаб кўринади. Исломдан сўз очилиши билан шу мавзуга ёпишиб олишади. Гўёки уларнинг фикрича, Ислом шариати мусулмон эркакларга тўрттадан хотин олишни фарз қилган”.  

Шу ўринда бир нарсага хайрон қоласан: айрим мўмин-мусулмонлар бир нечта аёлга уйланишни гўёки шариатнинг лозим амали даражасигача кўтармоқда. Аслида Қуръонда кўтарилган ушбу масала фақатгина рухсат, лекин асло мажбурият ёки ҳаммани шунга тарғиб қилиш дегани эмас, асло!

Афсуски, бугунги кунда икки ёки ундан ортиқ аёлларга шаръий уйланиб,  аммо уларни ҳаёт синовларига ташлаб қўйган эркакларимиз йўқ эмас. Аёлларини на молиявий ва на маънавий қўллаб-қувватламаслик, шунингдек фарзандлари ва аҳларининг таъминотларидан вос кечишликни шариат ёқламайди. Аввалига савоб умидида қўл ўрилган амал эркак кишининг охирати учун хайрли бўламикин деган табиий савол туғилади?! 

Ислом дини арбоби Муҳаммад Юсуф Муҳамммад Содиқ мазкур оят тафсирида  «... Мана шу жабр қилмаслигингизга яқинроқдир», дейилган. «Мана шу»ндан мурод етим қизларга адолат қила олмасликдан қўрққанда уларга уйланмаслик ва улардан бошқа аёлларга уйланиш, хотинлар орасида адолат ўрната олмасликдан қўрққанда биттага уйланиш ёки чўрилар билан кифояланишдир. Шундай қилинса, ҳеч кимга жабр, зулм бўлмайди ҳисоб” деб алоҳида таъкидладилар.

Бу ҳолатда юқоридаги оятда берилган имконият юзасидан мажбурият бажарилмаса, қилинган зулм ва жабр учун Аллоҳ жавобгарликни ҳам эслатгани аниқ кўриниб турипди.  Ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмон бандаларига мазкур имкониятни фақат тақво, яъни Яратганнинг Ўзидан қўрқув асосида амалга оширилишини такрор-такрор эслатганига эътибор қаратиш керак!

Ҳурматли мўмин мусулмонлар, шариатимизда нечтага уйланиш эмас, балки бори билан қандай муомалада бўлишга алоҳида урғу берилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Хадича онамиз билан яшаганликларида улар ўртасида катта меҳр-муҳаббат, бир-бирини қадрлаш жуда кучли бўлган. Уларнинг бу ҳаётлари барчамиз учун намуна ва ўрнак бўлади.

Шу сабабли кўпчиликка бирор масала айтишдан олдин унинг диний асосларини пухта ўрганиш, ўша масала жамиятда қандай қабул қилиниши, эҳтиёж бор ёки йўқлиги, кенг жамоатчилик буни қандай қабул қилишини ҳам пухта ўйлаб кўришларини тавсия қиламиз.

 

Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим  муассасаси

директори, PhD Нозима Ибрагимова

Другие новости

Allohning muhabbati va g‘azabi
28.11.2025 4
Allohning muhabbati va g‘azabiRobbimiz bizni Oʻz diniga hidoyat qilib, Muhammad sollallohu alayhi vasallamni bizga ulug‘ Payg‘ambar qilib yuborishi Uning bizga ko’rsatgan ulug‘ marhamatlaridandir. Muhabbat izhori birinchi kim tomonidan boʻladi, banda...
Подробнее
Moturidiy ta’limotining kelib chiqishining zarurati va ijtimoiy-siyosiy muhit
27.11.2025 3
Moturidiy ta’limotining kelib chiqishining zarurati va ijtimoiy-siyosiy muhitBuyuk alloma, ilohiyotshunos Abu Mansur Moturidiy Islom olamining ilm o‘choqlaridan biri, Movarounnahrda tavallud topdi. Bu o‘lka esa Abbosiylar hukmronligi davrida markazga mustahkam bog‘lanmagan...
Подробнее
O‘zbekiston Respublikasi Davlat Madhiyasi
26.11.2025 3
O‘zbekiston Respublikasi Davlat MadhiyasiO‘zbekiston Respublikasi Davlat va istiqlol ramzi.O‘zbekiston Respublikasi Davlat madhiyasi — xalqning tarixiy o‘ziga xosligi, g‘ururi, ozodlikka intilishi va mustaqil davlat sifatidagi salohiyatini ifodalovchi muhim ramzlardan biridir. U...
Подробнее
Мы в соц сетях

Наши контакты

Телефон: +998 (71) 248-47-52
E-mail: xadichai-kubro@umail.uz
Адрес: Toshkent shahar, Olmazor tumani, Fayziobod ko'chasi, 1-uy
©2025 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry