02.02.2024
157

"Шайх Сухравардиянинг Ислом тамаддунида тутган ўрни"

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар диний-маърифий соҳа тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Президент Шавкат  Мирзиёев томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанс сари ҳаракат қилиш ташаббуси халқимиз ҳаётига жўшқинлик бахш этиши, мунаввар истиқболга ишончни мустаҳкамлаши билан бир қаторда ҳар бир фуқаро зиммасига тарихий масъулият юклайди.  Мана шундай янги даврда, янгича фикрлаш, янгича ҳаёт кечириш давр талаби. Янгича яшаш учун албатта ортни, яъни ўтмиш чизгиларини кўздан яна ҳам теран кечирмоқ лозимдир.. 
          Ўрта асрларда ислом олами илм-фан ва маърифатнинг, шу билан бирга санъат, маданият ва меъморчиликнинг ҳам маркази бўлган Боғдод, Дамашқ, Карбало, Куфа, Басра, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар ўша даврда илм-фан ва маданият ўчоғи бўлган. Лекин афсуски, ХХ - асрнинг охирги ўн йилига қадар, собиқ иттифоқ даврида ислом олимларининг номлари емирилди, уларнинг ҳаётларини ёритиш, ҳаттоки эслаш қатъиян ман қилинди, “Сизлар саводсиз халқсизлар” деган тамға босилди. Натижада, ўзбек халқи уларнинг кимлигини билмади, ўзини саводсиз миллат деб ҳисоблади. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ёруғ кун келиб, ўзбек халқидан бундай тамға олинди, мутеълик занжири узилди, ўзбек халқи ислом тарихига, ундаги олимларига, ўзининг диний қадриятларига ғурур билан қарайдиган бўлди. Мустақиллик йилларида  бошлаб, айни унут бўлган ислом олимларининг номларининг қайта танила бошланди, уларнинг бой илмий меросини ўзбек халқи онги ва шуъурига етказиш сиёсати илгари сурилди. Ана шундай ислом оламининг машҳур олимларидан Шайх Сухравардия, Боғдодлик машҳур сўфий, ката олим, фақиҳ, муфассир, воиз ва жамоат арбоби бўлганлар. Шайх Шиҳобиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Амравайҳ Абу Ҳафс ал-Қураший ат-Таймий ал-Бакрий ас-Суҳравардий (ҳижрий 539-632, мелодий 1145-1234) бўлиб, катта олим, фақиҳ, муфассир, воиз, айни пайтда жамоат арбоби ҳисобланган. У ўттиз беш ёшида “шайхлар шайхи” даражасига кўтарилган. Абу Ҳафс Бағдоднинг катта сўфийларидан бўлиб, “суҳравардийя” тасаввуф тариқатига асос солган (Зайниддин ибн Абу Ҳафснинг бобоси Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Суҳравардий ғавсул-аъзам Абдулқодир Жийлонийнинг дўсти, маслакдоши ва аёъни бўлган). Шиҳобиддин Суҳравардий Суҳравардда туғилиб, Бағдодда вафот этган. Суҳравард Ироқ таркибидаги қишлоқлардан бирининг номи.
    Абу Ҳафс Суҳравардий йигирмадан ортиқ китоблар муаллифи саналади. Улар ичида энг машҳури “Аворифул-маориф” (“Яқин дўстлар туҳфаси” ёки “Илм-маърифат яхшиликлари”) бўлиб, бу китоб сўфийлар, аҳли тариқатлар орасида жуда машҳурдир. У олтмиш уч бобдан иборат. Мазкур китоб араб тилида битилган, ўнлаб хорижий тилларга, жумладан, форс, туркий, инглиз, немис тилларига таржима қилинган. Ал-Орифий уни туркийга, Заҳириддин Абдураҳмон ибн Али аш-Шеърозий эса форс тилига таржима қилган. Бу китобда аввал ўтган қавмлар тарихи, одамлар ахлоқи, уларнинг жамиятдаги ўрни, таълим-тарбия, покликка етиш усуллари, комил инсон бўлиш учун илм-маърифат эгаллаш лозимлиги баён қилинган. Унда ал-Маккий ва ал-Қушайрийдан иқтибослар (цитата) келтирилган. Айнан “Аворифул-маориф” китоби замирида янги “суҳравардийя” тариқати юзага келган. Бу китоб кўплаб тариқатлар томонидан яхши қабул қилинган ва қўлланма сифатида фойдаланиб келинган. Жумладан, Шиммелга кўра, Ҳиндистон мадрасаларида тасаввуфни ўрганишда мазкур китобдан кенг қўлланилган.
         Кўплаб аллома ва мутафаккирлар “Аворифул-маориф” китоби ҳақида ўз фикрларини баён қилганлар. Жумладан, Идрис шоҳ: “Агар тариқатлар учун умумдастур бўлса, у “Авориф”дир”, деган. Грамлих: “Авориф охирги ва мумтоз ҳамда расмий сўфийликдан маълумотнома адабиётидир”, деб айтган. Тримингем шундай деган: “Умар Суҳравардий буюк устоз, шайх бўлган. Ҳануз бизнинг кунларимизгача барча сўфийлик тарафдорлари унинг шогирдлари туфайлигина эмас, балки “Авориф” асари таъсирида вояга етган”. Шоҳ Валиюллоҳ (1703-1762) айтади: “Одамлар ҳозирги замон сўфийлари орқасидан эргашмасликлари керак. Чунки улар ҳар хил нопок нарсаларни аралаштиряптилар. Агар Аллоҳ инсонга юксак билимли бўлишни ато қилса, у фарзлар, намоз, рўза, зикрга тааллуқли ҳамма нарсани билиш учун “Авориф” китобидан ўқиб-ўрганиши керак”.
     Мустафо ибн Абдуллоҳ ал-Қастантийний ар-Румий ал-Ҳанафийнинг “Ийзоҳул-макнун физ-зайли ъала кашфиз-зунун” китобида “Аворифул-маориф”нинг шарҳи борлиги айтилган. Мазкур китоб Иззуддин Муҳаммад ибн Али ал-Коший томонидан ёзилган бўлиб, “Мисбоҳул-ҳидоя ва мифтоҳул-кифоя” деб номланади. “Ийзоҳул-макнун”да айтилишича, ҳижрий 984 йилда вафот этган Абдуллоҳ ибн Саъдуддин ас-Синдий ал-Маданий ўша шарҳга ҳошия ёзган. Демак, “Аворифул-маориф” китоби жуда машҳурлигидан унга бўлган талаб кучли бўлиб, уламолар томонидан мазкур китобга шарҳлар, изоҳлар битилган. Юқорида келтирилганлардан маълум бўладики, ҳатто “Авориф”нинг шарҳига ҳам шарҳ ёзилган.
     Абу Ҳафс Суҳравардийнинг бундан ташқари “Нуғбатул-баён фий тафсирил-қуръон”, “Жазбул-қулуб ила мувосалатил-маҳбуб”, “Рашфун-насоиҳ ал-ийманийя ва кашфул-фазоиҳ ал-йунанийя” (Арасту перипатетизмини танқид қилишга бағишланган) каби китоб ва рисолалари ҳам бор.
Зайниддин бобонинг отаси Абу Ҳафс Суҳравардий бир вақтнинг ўзида давлат арбоби ҳам бўлиб, бу борада унинг мавқеъи баланд эди. У XIII аср бошларида Хоразм, Салжуқия, Ироқ ва Эрон ўртасида юзага келган сиёсий низоларни бартараф этган. Бинобарин, шайх Шиҳобиддин 1215 йилда Бағдод халифаси Носирнинг (1180-1225) элчиси сифатида хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммад (1200-1220) ҳузурига келган. Абу Ҳафс Шиҳобиддин йигирма беш йил давомида элчилик вазифасида хизмат қилган.
         Шайх Зайниддин отаси шайх Шиҳобиддин билан Бағдоддан Тошкентга келади ва ҳозирги Кўкча мавзеъсидаги қабристон яқинидаги “чиллахона”га жойлашади ва тасаввуф билан шуғулланади. Ўша даврда у ерда фақат чиллахона ва ҳужралар бўлган. Кейинчалик масжид ва мақбара қурилган. Шайх Шаҳобиддиннинг Имодиддин ва Зайниддин исмли икки ўғли бўлган. Отаси улар ичидан кичик ўғил шайх Зайниддинни Тошкентда қолдирган.
Нақл қилинишича, шайх Зайниддин Тошкентга яқинлашганида, шаҳарнинг Кўкча дарвозасидан бир чақирим берида туя тўхтаб чўкади. Бу ҳолат шайх Зайниддинга Аллоҳнинг иродаси билан ўз масканларини белгилаб беради.
Шайх Зайниддин замонасининг кўзга кўринган олимларидан бўлиб, суҳравардийя тариқатининг вакилларидан эди. У Тошкент аҳлига одоб-ахлоқ ва бошқа илмлардан ваъз ўқиб, уларга устозлик қилади, отаси Шиҳобиддин Суҳравардий таълимотини халққа тарқатади. Шайх Зайниддин кўплаб шогирдлар чиқарган. Улардан шайх Нуриддин Басир (1159-1242), Этемас Эшон (ёшлигидан гўшт истеъмол қилмагани сабаб у “Этемас” деб чақирилган) ва Умар Боғистонийларни (1230-1320) мисол қилиб келтириш мумкин. Бу муридлар шайх Зайниддин бобонинг этагини маҳкам тутиб, юксак мақомларга эришганлар.
 Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юртимиз ўз мустақиллигига эришганидан сўнг, барча соҳалар қаторида муқаддас ислом динимизни, аждодларимиз қолдириб кетган бой илмий меросни ўрганишга, бир неча асрлик бой қадриятларни тиклашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, юртимизда кенг тарқалган Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодини ўрганиш, бу борадаги уламоларимиз томонидан қолдириб кетилган асарларни кенг мусулмонлар оммасига улар тушунадиган содда ва равон тилда етказиб бериш мақсадида кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Ана шундай уламолардан бири Шайх Сухравадиянинг ҳаётларини ўрганиш, улар қолдириб кетган асарларни таҳлил қилиш ва инсонларга етказиб бериш бугунги куннинг долзарб мавзуларидандир. Уларнинг энг машҳур асарлари “Аворифул-маъориф ” яъни “Илм -маърифат яхшиликлари ”, ушбу асар ҳозирги кундаги кўплаб долзарб мавзуларни ўз ичига олади:
Аввал ўтган кўплаб қавмлар тарихи
Инсонлар одоб-ахлоқи
Одамларнинг жамиятдаги ўрни
Таълим - тарбия
Покликка етишиш усуллари
Комил инсон бўлиш учун илм маърифат ўрганиш кераклиги
  Ушбу асар жуда машҳур бўлиб , юқорида бу борада уламолар айтган фикрларни келтириб ўттик, асарни ўрганиб, жамиятимизга “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остидаги тарғибот ва ташвиқот ишларини такомиллаштиришда  кенг қўлланиладиган асарлардан бири бўлади. 

Ўз ХИA , Тарих (Ислом цвилизация) йўналиши 1-курс магистранти Р.Саидҳанбалова 

Другие новости

MAXLUQOTLAR ALLOHGA OʻXSHAMAS
24.12.2024 2
Imom Abu Ja'far At-tahoviy o'zlarining "Aqiydatut Tahoviyya" nomli kitoblarida shunday keltiradilar: لا يُشْبِهُهُ الأنامُ Ya'ni, Alloh taologa hech narsa oʻxshamaydi.Yuqoridagi matnda kelgan أنام soʻzi 3 xil ma'noda ishlatiladi: 1.Har bir...
Подробнее
KITOB -MA'RIFAT CHIROG'I
23.12.2024 3
Dunyoni faqat ilm bilan zabt etish mumkinligi bugungi kunda hech kimga sir emas. Ilmni chuqur egallashning yo'li esa bitta – kitob o'qishdir. Prezidentimiz Shavkat Mirziyoyev mutolaa haqida fikr bildirib, jumladan,...
Подробнее
Kichik amalning ulkan ajri!
23.12.2024 3
Bir hadis sharhi🌸“Suygan narsalaringizdan ehson qilmaguningizgacha, sira yaxshilikka (jannatga) erisha olmaysizlar. Nimaniki ehson qilsangiz, albatta, Alloh uni biluvchidir”-, deya marhamat qilgan Alloh taologa cheksiz hamd-u sanolar bo’lsin.“Jonim izmida bo‘lgan Zotga...
Подробнее
Мы в соц сетях

Наши контакты

Телефон: +998 (71) 248-47-52
E-mail: xadichai-kubro@umail.uz
Адрес: Toshkent shahar, Olmazor tumani, Fayziobod ko'chasi, 1-uy
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry