10.09.2025
1

ШАЙХ ХОВАНД ТОҲУРНИНГ “РИСОЛАИ ТОҲУРИЯ” АСАРИДА  АҚИДАГА ОИД МАСАЛАЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ

ШАЙХ ХОВАНД ТОҲУРНИНГ “РИСОЛАИ ТОҲУРИЯ” АСАРИДА  АҚИДАГА ОИД МАСАЛАЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ

XIV аср биринчи ярмига келиб, Чиғатой улусида мўғулларнинг ўтроқликка ўтиш жараёни тезлашди ва уларнинг ижтимоий ҳаётида жиддий ўзгаришлар содир бўлди. XIII асрнинг иккинчи ярми ва XIV аср бошларида мўғуллар истилоси даврида инқирозга юз тутган фан, адабиёт, санъат ва маданиятнинг тармоқлари ҳам тиклана борди. Бунинг иникосида қадимдан илм-маърифат маркази бўлган Мовароуннаҳр яна ўз салоҳиятини тиклай бошлади. Илмий салоҳияти юқори бўлган қомусий олимлар аждодларидан қолган илмий асарларни жамлаб, нафис ёдгорликларни қайта тиклай бошладилар. XIII-XIV асрларда мутасаввифлар томонидан тариқатларнинг назарий-амалий жиҳатлари тизимга солинди. Бу даврда АзизиддинНасафий (638/1240-731/1330 йй.), Ибн Сабоин (XIV аср), Абдураззоқ Кошоний (XIV аср), Шайх Хованд Тоҳур (XIV аср), Хожа Муҳаммад Порсо (748/1348-823/1420 йй.) каби мутафаккир адиблар ва ориф сўфийлар етишиб чиқди. Бу зотлар ақида хусусида ҳам кўплаб янги қарашларни баён этдилар. Жумладан, Шайх Хованд Тоҳурнинг “Рисолаи Тоҳурия” асари фиқҳ, тасаввуф, ҳадис ҳамда ақида, шунингдек, турли оқим ва мазҳабларга доир қатор масалаларни  аҳли сунна ва жамоа таълимоти асосида муҳокама қилган ноёб манбадир. Шайх Хованд Тоҳур "Рисолаи Тоҳурия" асарининг ЎзРФАШИ фондидаги № 12061 ва № 3303 рақамли қўлёзма мажмуасида фиқҳ, тасаввуф илмлари қаторида эътиқодий масалалар ҳанафийлик мазҳаби доирасида ёритилади. Муаллиф ўз асарини фиқҳий манбаларда бўлгани каби поклик масаласи сўнгра таҳорат, намоз, рўза, закот, ҳаж каби мавзулар билан бошлайди. Аммо фиқҳий асарлардан фарқли ўлароқ, фиқҳий масалаларнинг маънавий жиҳатларига кўпроқ эътибор қаратади. Масалалар баёнида Қуръони карим, ҳадиси шариф, ижмо ва қиёсга мурожаат қилади. Шу билан бирга масалаларнинг ечимини очиб беришда шеър намуналаридан ҳам унумли фойдаланган. Аксар байтлар Шайх Хованд Тоҳурнинг ижодига мансуб ҳисобланади.   

“Рисолаи Тоҳурия”нинг 3303/III рақамли қўлёзмасида бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган ақидавий масалалар ёритиб ўтилган. Шуни қайд этиш жоизки, гарчи асарнинг ўзи форс тилида ёзилган бўлсада, ақидага доир матнларнинг барчаси араб тилида баён этилган. Асарда аҳли сунна ва жамоа ақоидининг мураккаб масалалари қисқа ва равон тилда ёритилган. Жумладан, имон, тавҳид шунингдек, турли эътиқоди бузуқ оқимларнинг муаллиф замонасида мавжуд бўлган ақидаларига раддиялар бериб ўтилган. Шайх Хованд Тоҳур хар бир мавзуни ёритишга киришса анъанага кўра, дастлаб унга тегишли оятларни келтиради, сўнгра ҳадисларга мурожаат этади, кейин эса, саҳобийлар ва бошқа уламоларнинг сўзлари ва сийратларидан далиллар келтириб ўтади, лозим ўринларни ҳужжат билан қувватлайди.

Рисолада Шайх Хованд Тоҳур ақидавий масалалар баёнини тавҳид калимаси – “ла илаҳа иллалоҳ”ни шарҳлаш орқали бошлаб беради. “Ла илаҳа иллалоҳ”ни шарҳлашда ҳам айнан шундай услуб қўлланилган бўлиб, муаллифнинг фикрича, "зикрларнинг энг афзали айнан шу зикрдир" дея таърифлаб, ўзининг бу фикрларини қуйидаги ояти карима орқали тасдиқлайди: 

هَلۡ جَزَآءُ ٱلۡإِحۡسَٰنِ إِلَّا ٱلۡإِحۡسَٰنُ

Эҳсон-яхшиликнинг жазоси-мукофоти фақат 

яхшиликдир[1] (Ар-Роҳман, 60).

Шайх Хованд Тоҳур ушбу фикр мулоҳазалари орқали рисоланинг кириш қисмида[2] икром этган инсоннинг умрини беҳуда ўтказмаслиги, ҳаётнинг ҳар бир дақиқасини азиз тутиб, эзгу ишларга сарфлаш лозимлигини уқтиради. Зеро, ҳаёт инсонга икки маротаба берилмайди. Бу дунёдаги яхши амаллари учун эса, албатта мукофот мавжудлигидан огоҳ этади.

         Шайх Хованд Тоҳур тавҳид борасидаги фикрларини йирик ҳажмли китоб шаклида эмас балки, рисолада ўрни келганда лўнда шаклда талқин этиб, тасаввуфий тус билан унинг маъноларини баён этади. Олимнинг ёзишича, тавҳиднинг тасаввуфий маъноси нафсни Аллоҳ ибодатлари учун чалғитувчи нарсалардан ягоналаш ва кўнгилни бандалик учун барча фикрлардан ажралган ҳолда кўришдир. Шайх Хованд Тоҳурнинг тавҳид борасидаги бу фикрларини Али Сафийнинг “Рашаҳот” китобида келтирилганини кўришимиз мумкин. Муаллифнинг ёзишича, Аллоҳ Воҳид (ёлғиз, ва ягона)дир, Ягонани ягоналаш эса маҳол ишлардандир[3].

         Шайх Хованд Тоҳур тавҳиднинг шаръий маъносини қуйидагича ифода этади: “Аммо шариатнинг баёни шулки, тавҳид – Аллоҳ азза ва жаллани, ўзга илоҳлардан холи бўлган ягона зот деб билиш ва уни нуқсонли сифатлардан озод деб тушунишдир”[4]

         “Тавҳид”, “имон” масалларини ёритиб, изоҳлашда муаллиф Абу Мансур Мотуридий, Яҳё ибн Муоз, Юсуф Ҳусайний, Воситий, Довуд Тоий, Абу Ҳомид Ғаззолий, Абу Бакр Қаффол Шоший ва бошқа олимларнинг фикрларидан кенг фойдаланади. Жумладан “имон” борасида Абу Мансур Мотуридийнинг ақидага оид қуйидаги иқтибослари келтириб ўтилади: “Абу Мансур Мотуридий айтади, бу гап Абу Ҳанифадан ривоят қилинган ва бу аҳли сунна ва жамоанинг гапидир: “Имон – бу тасдиқдир. Аллоҳ таоло Қуръонда Яъқуб (а.с) қиссасида Яъқубнинг фарзандлари оталарига "сиз бизга ишонмаяпсиз (و ما انت بمؤمن لنا)" дедилар, яъни тасдиқловчи дедилар. Шунда Имом Молик, Шофеий, Авзоий аҳли ҳадис, аҳли зоҳир айтдиларки, имон қалб билан тасдиқлаш, тил билан иқрор қилиш ва рукнларни бажариш дедилар”[5]. Олим ўзининг рисоласида Абу Мансур Мотуридийнинг иймон масаласидаги фикрларини келтириб ўтиши, ушбу рисолада ақидавий ва фиқҳий масалаларда ҳанафийлик анъаналарига асосланганлигини кўрсатиб беради.    Шундан сўнг Шайх Хованд Тоҳур мавзуда янада чуқурлашиб, айрим суфийларнинг ҳам имон масаласидаги тарифларини келтириб ўтади. Жумладан, асаввуф намояндаларидан бири Абу Бакр Воситийнинг[6] қуйидаги фикрларини келтиради: “Имондаги аввалги қадам Аллоҳ таолонинг сенга келган неъматларидан сенда талвин[7] содир бўлмаслигидир”[8]. 

Кейинги ўринда Шайх Хованд Тоҳур мутасаввиф Довуд Тоийнинг[9] имон борасидаги қуйидаги фикрларини келтириб ўтади: “Имон – ўзидан кейин зулматдан сўнг нур, қўрсликдан сўнг юмшоқлик, бидъатдан сўнг суннат, мужоҳададан сўнг ибодатдан лаззатланишдир”[10]. 

"Рисолаи Тоҳурия"да хуросонлик  тасаввуф шайхларидан ҳисобланган Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарийнинг[11] имон юзасидан қуйидаги фикрлари келтирилади: “Имон Аллоҳ таолога ўзини топшириш, Аллоҳнинг амрларига таслим бўлиш, Аллоҳнинг қазосига рози бўлиш, неъматларига шукрона қилиш ва тақводир”[12] 

Ҳанафия-мотуридия таълимотида имонга лўнда ва аниқ таъриф  берилгани сингари, “Рисолаи Тоҳурия”да ҳам “Имон – иқрор ва тасдиқ” эканлиги қисқа сатрларда очиқлаб берилади. Муаллиф имон борасидаги фикрларини қуйидаги ҳадис билан якунлайди: Расулуллоҳ (с.а.в) айтдиларки, “Имон Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан эканлигига ишонишдир”[13] 

Шайх Хованд Тоҳур ўз рисоласида келтириб ўтган имон масаласидаги фикрлар нафақат тарихда балки бугунги кунда ҳам мавжуд бўлган барча тортишувлар, ғоявий-ақидавий низоларнинг бош негизи ҳисобланган “имон” мавзусини нотўғри талқин қилишдек ғоявий курашларда тўғри ечим қабул қилишга ҳизмат қилувчи манбалар сарасига киритиш мумкмн дейилса муболаға бўлмайди.

Шайх Хованд Тоҳур рисолада ўзининг билимларига таяниб, тавҳидга тегишли бўлган яна қатор масалаларга тўхталиб ўтади. Жумладан, тавҳиднинг тасаввуфий ва шаърий маъноларини тушунтиради. Олимнинг ёзишича, тавҳиднинг тасаввуфий маъноси нафсни Аллоҳ ибодатлари учун барча чалғитувчи нарсалардан ягоналаш ва кўнгилни бандалик учун барча фикрлардан ажралган ҳолда кўришдир. Аммо, Аллоҳ азза ва жаллани, ўзга илоҳлардан холи бўлган ягона зот деб билиш ва уни нуқсонли сифатлардан озод деб тушунишдир[14].

Муаллиф бу фикрлари орқали банда Аллоҳ таолонинг борлиқдаги ҳеч бир нарсага ўхшамаслиги, Унинг бирор нуқсону камчилиги йўқлигига қатъий эътиқод қилмагунича мўмин бўла олмаслигига ишора қилмоқда. Бу эса нафақат муаллиф замонасидаги балки, бугунги кунда ҳам турли ақидапараст оқимлар ўртасида келиб чиқаётган ихтилофли масалаларидан санлади. Муаллифнинг юқорида келтирилган тавҳид борасидаги фикрларига ушбу масалаларга ечим сифатида қаралиши мумкин. Бу эса ўз навбатида рисоланинг манбавий аҳамиятини янада оширади.

“Рисолаи Тоҳурия”нинг ислом манбашунослигидаги ўрнини белгиловчи масалалардан яна бири, бу рисолада келтирилган адашган оқимлар ҳақидаги маълумотлар ва уларга берилган раддиялардир. Барча даврларда бўлгани каби Шайх Хованд Тоҳур ҳам бундай иллатларни олдини олиш мақсадида ушбу рисолада ақидада адашган оқимлар ва уларнинг намояндаларини тилга олади. Рисолада бундай адашган оқимларни муаллиф “маҳжубон” яъни, “ҳижобланганлар” деб атаб, уларга қуйидагича таъриф беради: “... уларнинг кўзларини парда тўсиб қолган ва ҳақ йўлни кўришдан ожиздирлар, натижада беҳуда гапларни гапирадилар”[15].   Шу билан бир қаторда муаллиф “агар бу лашкаргоҳда пайдо бўлган чангдан жонинг ойнасидан ғуборе кўрсанг, тезликда уни тозалашга кириш ва уни софлашга белингни боғла!”[16] дея, бугунги кунда кўплабиллатларнинг сабаби бўлиб қолаётган лоқайдликдан қочиб, ҳамма замонларда ҳам давр талаби ҳисобланган огоҳликка чорловни англаш мумкин.

Шайх Хованд Тоҳур ўз рисоласида мушаббаҳа, каромия, рофизийлар, нажжорийлар, мўътазилилар, муғонлар (оташпарастлар), таббоъиёнлар, афлокийлар сингари тоифалар ҳақида, уларнинг адашган ақидалари борасида тўхталиб ўтиб, уларни Ҳақнинг мункирлари бўлиб, жаҳаннамга тушадилар[17] деб, тавсиф қилади. Хоссатан Шайх Хованд Тоҳур бу тоифаларнинг қуйидаги бузуқ ақидаларини келтириб ўтади:

Мушаббаҳаларнинг фикрича, Аллоҳнинг жисми бор ва улар Аллоҳни ҳар хил жисмоний кўринишда баён қилурлар. Уларнинг бузуқ ақидалари билан бирга бу гуруҳларининг аҳволини очиб беради: “Сен, бу тоифа биздан узоқдир деб ўйлама, аксинча, улар ҳозир ва мавжуддир. Чунончи, баъзи муташаббиҳа суфийлар мушаббиҳа хаёлотларига гирифтордирларки,бесафо нафсоний тоат ва беирода руҳоний иборатларсиз ўзларини тавҳид майдонига ташлаганлар, гўй каби ўзларини ҳар кўйда саргардон қилганлар. Аллоҳга садоқат бобидан уларда бир хабар, Аллоҳ жамоли файзининг рашаҳот (томчи)ларидан уларда бир асар йўқ”[18]

Бу фикрлари орқали Шайх Хованд Тоҳур ўзи яшаган даврдаги шуҳратпараст, ёлғончи суфийларни беаёв танқид остига олади. Унинг фикрича, риё билан ўзларини ҳақиқий суфи каби кўрсатишга уринган суфийлар ҳам юқоридаги гуруҳга мансубдурлар деб таъкидлайди. 

Шайх Хованд Тоҳур ақидада адашган тоифалар хусусида давом этиб: “Каромиялар Аллоҳни Арш устида ва маълум маконда турувчи, деб баён қиладилар.

Рофизийлар ҳам Аллоҳни жисмга эга сифатида талқин қиладилар.

Нажжория айтадики, Аллоҳ ўз зоти билан ҳамма ерда хозирдир.

Мўътазилиларнинг айтишича, Аллоҳ ўз илми билан ҳамма ерда мавжуддир.

Муғонларнинг ўйлашларича, яратувчи иккита бўлиб, бири яхшиликни яратса, иккинчиси ёмонликнинг яратувчисидир.

 Таббоъиёнларнинг фикрича яратувчи тўрттадир. Улар: иссиқлик, совуқлик, хўллик ва қуруқликдир.

Афлокийлар эътиқодича, Аллоҳни еттитадир, дея етти сайёрага ишора қиладилар[19].  Шайх Хованд Тоҳурнинг ёзишича, улар муфлис (бечоралар) бўлиб, азал меҳмонхонасида дўст дастурхонидан насиба топмагайлар ва ёруғлик кўрмагайлар, улар кўрганларини билмайдилар ва билганларини танимайдилар”[20] дея, бу гуруҳларнинг ақидаларидан огоҳ этади.

Шайх Хованд Тоҳур ушбу адашган фирқаларнинг бузуқ ақидалари баёнини  ҳақ йўлдаги одам ва ноҳақ йўлдаги одам муқояси таърифланган қириқ тўрт мисрадан иборат маснавий билан давом эттиради. 

Шуни таъкидлаш лозимки, “Рисолаи Тоҳурия”нинг бош мавзуларидан бири муаллиф замонасида ҳам , бугунги кунда ҳам мавжуд бўлган жамият аъзоларини тўғри йўлдан оздириб, жаҳолат ботқоғига чорловчи айрим кимсаларнинг асл мақсад ва муддаоларидан огоҳ этишдир. Бу йўлда муаллиф бундай шуҳратпараст “суфийлар”ни танқид қилади. Шайх Хованд Тоҳурнинг фикрича, риё билан ўзларини ҳақиқий суфи каби кўрсатишга уринган суфийлар “комил инсон” тарбиячиси ҳисобланган тасаввуф ва суфийликка нуқсон етказиб, олимлар ва шариат аҳллари назарида ёмон таассурот қолдириб, дин аҳллари ва суфийлар ўртасида фитна пайдо қилувчидирлар деб ҳисоблайди. Бундай кимсалар ҳақида муаллиф қуйидагиларни келтиради: “Бундай қавмнинг нишони шулки, - ўз илмларида мағрур бўладилар ва шариатга кам илтифот қиладилар. Ўзларининг ифлос вужудларини халқ таъзимига лойиқ деб ҳисоблайдилар”[21]. Ўз фикри давомида муаллиф ўз нафсини маъбуд даражасигача кўтарганларни танқид қилади. Бундай кимсаларни у : “Уларнинг Қуръонга илтифотлари йўқ, Қуръон ўқисалар ҳам, эътиқодлари шуки, Қуръон Муҳаммаднинг сўзлари дейдилар ва муроса учун Муҳаммад (с.а.в)ни Аллоҳнинг элчиси, деб биладилар. Бироқ унга тобеъ бўлишни ҳоҳламайдилар”. Улардан баъзилари (уларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, уларни маймун ва тўнғизларга айлантирсин) ўз нафсларини Муҳаммад (с.а.в)га нисбатан устун қўядилар ва дейдилар: “Муҳаммадда басират[22] йўқ эди, шунинг учун Жаброилга муҳтож эди, биз комил басиратга эгамиз ва бизга хабарни бевосита етказадилар”[23]. Шайх Хованд Тоҳур фикри давомида бундай кимсаларнинг раҳнамоси Иблис эканлигини қуйидагича таърифлайди: “Ҳа, уларга (хабар) етказилади, бироқ Иблис алайҳил лаъна орқали етказилади”[24].

Шайх Хованд Тоҳур бундай қабиҳ инсонларни маймун ва тўнғизга ўхшатиши борасида ҳам Қуръони карим унинг рисоласи учун асаосий манбалардан бири бўлиб хизмат қилганлигини англаш мумкин. Зотан, Аллоҳ таоло “Моида” суарсида шундай марҳамат қилади: 

قُلْ هَلْ أُنَبِّئُكُم بِشَرٍّ مِّن ذَلِكَ مَثُوبَةً عِندَ اللّهِ مَن لَّعَنَهُ اللّهُ وَغَضِبَ عَلَيْهِ وَجَعَلَ مِنْهُمُ الْقِرَدَةَ وَالْخَنَازِيرَ وَعَبَدَ الطَّاغُوتَ أُوْلَئِكَ شَرٌّ مَّكَاناً وَأَضَلُّ عَن سَوَاء السَّبِيلِ

“Сизларга Аллоҳнинг ҳузурида бундан ҳам кўра “савоби” ёмонроқ кимсанинг хабарини берайми? Улар Аллоҳ лаънатлаган, ғазаб қилган, улардан (айримларини) маймунлар ва чўчқалар қилган ҳамда тоғутга ибодат қилган кимсалардир. Ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан энг адашганлардир”, – деб айт!.[25](Моида 60)

Муаллифнинг рисолада келтириб ўтган ўз нафсини маъбуд даражасига кўтариб, ўзларини  Аллоҳнинг расули Муҳаммад (с.а.в)дан ҳам устун қўйувчиларни аҳли китоблардан бўлсада, аммо Аллоҳнинг лаънатига учраган қавмнинг айримларини “маймунлар” ва “чўчқалар”га айлантирганилиги  кўрсатиш орқали, аслида айнан уларнинг ўзлари: “…ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан энг адашганлардир” дея огоҳ этишга тарғиб борлигини кўриш мумкин. 

Шайх Хованд Тоҳур рисолалари тадқиқоти натижасида шуни айтиш мумкинки, муаллиф ушбу рисолаларда руҳий тарбия, комил инсон омилини диний илмлар асносида амалий татбиқ этишга  ҳаракат қилар экан, бу илмлар орасида асосийлари бўлган ақида, фиқҳ ва тасаввуф йўналишларида асрлар давомида ўз қийматини йўқотмайдиган тизимли қарашларни тақдим этган. Жумладан, олим ақидада иймон, тавҳид масалаларини ёритиб, минтақамизда мавжуд бўлган мушаббаҳа, каромия, рофизийлар, нажжорийлар, мўътазилилар, муғонлар (оташпарастлар), таббоъиёнлар, афлокийлар сингари фирқаларнинг бу борадаги қарашлари ҳақида ва уларнинг адашган ақидаларини руҳий-психологик таҳлил этиб берди. У ўз рисолаларида фиқҳий билмларни чуқур илм ва таҳлилга асосланган ҳолда шахсий камолот ва инсоннинг ботиний аъзолари билан боғлиқ жиҳатларига урғу бериб, мутасаввифларнинг шаръий билимларни мукаммал эгаллашлари лозим эканлгини кўрсатиб берди. Шунингдек, тасаввуфий ғояларни оят, ҳадис ва илк суфий вакиллари сўзлари билан кенг асослантирди ва ислом тарихи манбашунослигида ўзига хос из қолдирди. 


 

[1] https://quranenc.com/uz/. Яъни, ҳаёти-дунёдан иймон ва эзгу амаллар билан ўтган кишининг Охиратдаги мукофоти жаннатдир. Эҳсон калимасининг луғавий маъноси — чиройли амал қилмоқликдир, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломдан “Эҳсон нимадир?”, деб сўралганида, у киши шундай жавоб қилган эканлар: “Эҳсон — Аллоҳ таолога гўё Уни кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Зотан, сен У зотни кўрмасанг-да, У зот шак-шубҳасиз, сени кўриб тургувчидир”.

[2] Мутасаввиф ўзининг ҳар бир рисолаларида одамнинг азиз ва мукаррам қилиб яратилганлигни такрорлайди. Хоссатан ушбу рисолада “Инсонийлик жавҳари шайттоний ишлар учун яратилмаган, руҳоний хосиятлар эса шайтоний мақсадлар учун яратилган эмас. Одамнинг вужуди барча илоҳий сирларнинг қалъаси бўлиб, бу қалъани дунёвий хаёлотлар ташвишидан асраш лозим. Одам гавҳари латифдир, ҳаёт эса жавҳари шарифдир, у икки марта қўлга келмайди, у ихтиёрсиз қўлдан кетади. Уни ғанимат тутгинки, у ҳосилга тўла бойлик ва азиз тутгинки, тез кетувчи мусофир кабидир”. Шайх Хованд Тоҳур. Рисолаи Тоҳурия. ФАШИ, қўлёзма №3303/III, варақ 103 б.

[3] Ҳасаний М, Қиличева К. “Шайх Хованди Таҳур” – “Имом Бухорий Республик илмий-маърифий маркази”,  Т.: 2004. – Б.43

[4] Шайх Хованд Тоҳур. Рисолаи Тоҳурия. ФАШИ, қўлёзма №3303/III, варақ 107 б.

[5] Шайх Хованд Тоҳур. Рисолаи Тоҳурия. ФАШИ, қўлёзма №3303/III, варақ 111 б.

[6] https://www.islamonline.uz/dictionary. Абу Бакр Муҳаммад ибн Мусо ал-Воситий, Фарғона ўлкасининг таниқли тасаввуф шайхларидан. Ёшлигини Бағддодда ўтказиб, Ан-Нурий, Жунайд Бағдодий каби таниқли шайхлардан таълим олган. Ҳадис ва фиқҳ илмларини ҳам пухта эгаллаган. Кейин Хуросонга кўчиб бориб, аввал Абуварда, сўнгра Марвда истиқомат қилган ҳамда ҳижрий 320 (милодий 932) йилда шу ерда вафот этган

[7] Талвин. араб - турли рангда тусланмоқ, ўзгарувчан бўлмоқ.

[8] Шайх Хованд Тоҳур. Рисолаи Тоҳурия. ФАШИ, қўлёзма №3303/III, варақ 111 б

[9] https://en.wikipedia.org. Довуд Тоий. Тўлиқ исми Абу Сулаймон Доуд ибн Нусаир Ал-Тоий, (милодий 776-783 йилларда вафот этган). Ислом олими ва сўфий тасаввуфчиси эди. Довуд Тоий кўп йиллар давомида Куфада Имом Азам Абу Ҳанифадан ҳадис ва фиқҳн илмларини ўрганган ва унинг севимли шогирдларидан бири бўлиб, илм-фан ва фиқҳда юқори даражага эришган. Шунингдек, у ажойиб нотиқлик қобилиятига эга эди. Унинг шогирдлари орасида ислом тасаввуфининг кўплаб нуфузли шахслари бор эди, масалан Маруф Карҳи. Унинг устози Ҳабиб Ал-Ажами шулар жумласидан. У ўз замонасининг машойихлари Иброҳим Адҳам, Жафар Ас-Содиқ каби сўфийлар суҳбатида бўлган. Унинг замондошларидан бири унинг буюклигини тасвирлаб, шундай деган: “Агар Довуд Тоий саодат асрида яшаган бўлса, Қуръонда унинг зуҳд ва тақвоси ҳақида эслатиб ўтилган бўлар эди”.

[10] Шайх Хованд Тоҳур. Рисолаи Тоҳурия. ФАШИ, қўлёзма №3303/III, варақ 111 б. 

[11] https://www.islamonline.uz/dictionary. Абу Муҳаммад Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тустарий, замонасининг машҳур зоҳиди, мутакаллими ва илк тасаввуф шайхларидан. Ҳижрий 203 (милодий 818) йилда Тустарда туғилган. Маккада Зуннуни Мисрий билан кўришиб, ундан таълим олган. Нафс, кибру ҳаво мавзуларини тадқиқ қилган, таваккул ва валийликка доир ўткир қарашлари бор. Умри охирида Басрада яшаб мударрислик қилган. У тасаввуфий мазмундаги “Рақоиқ ал-муҳиббин”, “Мавоиз ал-орифин”, “Жавобот аҳл ал-яқин”, “ал-Ғоят ли-аҳл ан-ниҳоят”, “Тафсир ал-Қуръон”, “Қисас ал-Анбиё” каби асарлар муаллифи, аммо булардан «Тафсирул Қуръанил-азийм» номли тафсиригина бизгача етиб келган. Саҳл Тустарий қуддиса сирруҳунинг ақидаси аҳли суннат ва жамоат таълимотини ўзида жамлаган Абулқосим Ҳиббатуллоҳ ал-Лалкоий раҳимаҳуллоҳнинг “Шарҳ усули эътиқод аҳл ас-суннат ва-л-жамоат” номли асарларида ривоят қилинган. Ҳижрий 283 (милодий 896) йилда Басрада вафот этган.

[12] Шайх Хованд Тоҳур. Рисолаи Тоҳурия. ФАШИ, қўлёзма №3303/III, варақ 111 б.

[13] Ўша манба, варақ 111 б. 

[14] [14] Шайх Хованд Тоҳур. Рисолаи Тоҳурия. ФАШИ, қўлёзма №3303/III,  варақ 107 б.

[15] Шайх Хованд Тоҳур. Рисолаи Тоҳурия. ФАШИ, қўлёзма №3303/III,  варақ 113 б

[16] Ҳасаний М, Қиличева К. “Шайх Хованди Таҳур” – “Имом Бухорий Республик илмий-маърифий маркази”,  Т.: 2004. – Б.44

[17] Шайх Хованд Тоҳур. Рисолаи Тоҳурия. ФАШИ, қўлёзма №3303/III, варақ 113 б.

[18] Шайх Хованд Тоҳур. Рисолаи Тоҳурия. ФАШИ, қўлёзма №3303/III,  варақ. 117 а-б.

[19] Ўша манба, варақ 113 б.

[20] Ўша манба, варақ  114 б. 

[21]Шайх Хованд Тоҳур. Рисолаи Тоҳурия. ФАШИ, қўлёзма №3303/III, варақ 118 б.

[22] Басийрат – қалб кўзи – Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган қарор қабул қилиш қобилияти. Яъни қалб кўзи – Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган қарор қабул қилиш қобилияти ақлдан олинган маълумотлар самараси бўлган ақийда, ишонч, ибрат, ҳужжат ва далиллар асосида қарор қабул қилади, ҳукм чиқаради.

[23] Шайх Хованд Тоҳур. Рисолаи Тоҳурия. ФАШИ, қўлёзма №3303/III, варақ 120 б.

[24] Шайх Хованд Тоҳур. Рисолаи Тоҳурия. ФАШИ, қўлёзма №3303/III, варақ 120 б.

[25] Аҳли китоблар мусулмонларга иймонларини айб қилиб қўйишлари аввалги оятда қораланган эди. Энди ундан ҳам баттар ишлар бўлиб ўтгани баён этилмоқда. У замон бу ҳодисаларда фақат яҳудийларгина (аҳли китоблар сифатида) иштирок этганлари учун бу ерда ўшаларнинг ҳоли кўрсатилмоқда. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга уларга мусулмонларнинг иймонларини айблашдан ҳам кўра ёмонроқ “савоб” ҳақида хабар беришни буюрмоқда. У “савоб”: Биринчидан: “…Аллоҳ лаънатлаган” бўлишлари. Яҳудийларнинг Аллоҳ таолонинг лаънатига учраши, раҳматидан қувилиши бошқа сураларда батафсил баён этилган. Яҳудийлардан бошқа лаънатга учраган қавмнинг зикри Қуръонда келмаган. Ўзлари шундай улкан “савоб”га – Аллоҳнинг лаънатига учраб туриб, яна мусулмонларни Аллоҳга ва У нозил қилган нарсага иймон келтирганлари учунгина айблашни уларга ким қўйибди?! Иккинчидан: Аллоҳ “...ғазаб қилган» бўлишлари. Бу ҳам бошқа сураларда кўпроқ баён қилинган. Ўзи Аллоҳнинг ғазабига учраган маълум ва машҳур қавм бўлса-ю, мусулмонларни иймонлари учунгина айблашса?! Учинчидан: Аллоҳ уларнинг айримларини “…маймунлар ва чўчқалар қилган…” бўлиши. Яҳудийларнинг маймун ва чўчқага айлантирилишлари ҳақидаги батафсил баёнотлар ҳам бошқа сураларда келади. Аллоҳга исёнлари ва беодобликлари учун маймун ва чўчқага айлантириб қўйишдек «савоб»га мушарраф бўлган бадбахтлар Аллоҳга ва У Зот нозил қилган нарсага иймон келтирганликлари учунгина мусулмонларни айблаб ўтирса?!

 

Усмонова Хуршида Нигманджановна

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

IRCICA кафедраси мақсадли 

таянч докторанти

Другие новости

Alloh taolo borasida chuqur kirishmaymiz
09.09.2025 5
Alloh taolo borasida chuqur kirishmaymizImom Tahoviy rohmatullohi alayhi o'z kitoblarida shunday keltiradilar:" و لا نحوض في الله عز وجل" "Alloh taolo borasida chuqur kirishmaymiz "Buning ma'nosi esa Alloh taoloning zoti,...
Подробнее
Agar Allohni sevsangiz, bas, menga ergashing, Alloh sizni sevadir va sizlarning gunohlaringizni mag‘firat qiladir
05.09.2025 8
#rabiul_avval#mavlid🌙 Rasululloh sollallohu alayhi vasallam📖 Alloh taolo aytadi: "Ayt: «Agar Allohni sevsangiz, bas, menga ergashing, Alloh sizni sevadir va sizlarning gunohlaringizni mag‘firat qiladir». Alloh o‘ta mag‘firatlidir, o‘ta rahmlidir",Oli Imron surasi,...
Подробнее
Imom Tahoviy o‘zlarining "Aqidatut-Tahoviyya" nomli kitoblarida iymonning ta’rifi
02.09.2025 11
Imom Tahoviy o‘zlarining "Aqidatut-Tahoviyya" nomli kitoblarida iymonning ta’rifini quyidagicha keltiradilar: Iymon – til bilan iqror bo‘lish va qalb ila tasdiq qilishdir.Boshqa ulamolar iymonning haqiqati nimadan iborat ekanligi haqida ixtilof qilganlar:1....
Подробнее
Мы в соц сетях

Наши контакты

Телефон: +998 (71) 248-47-52
E-mail: xadichai-kubro@umail.uz
Адрес: Toshkent shahar, Olmazor tumani, Fayziobod ko'chasi, 1-uy
©2025 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry