Бир оят тафсири
187. Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга ҳиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг. Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этадир. Шоядки тақво қилсалар.
“Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди.”
Бундан аввал ҳаром қилинган эди, сўнгра насх қилиниб ушбу оят нозил қилинди.
Рўза тутиш янги фарз қилинган даврда ифтордан кейин рўза тутган одам ухлаб қолсаю, кейин уйғонса, унга емоқ, ичмоқ ва хотинига яқинлик қилмоқ мумкин бўлмас эди.
Ансорийлардан Қайс ибн Сарма исмли киши кундузи рўза тутиб, хурмо боғида ишлаб чарчаб, ифтор пайтида хотини ҳузурига келиб:
“Таоминг борми?” дебди. Хотини:
“Йўқ, ҳозир бориб бирон нарса топиб келаман”, деб чиқиб кетибди. Кундузи ишлагани учун Қайс чарчаб ухлаб қолибди. Хотини келиб, эрининг ухлаб ётганини кўриб, шўринг қурисин, дебдию уйғотмабди. Эртасига куннинг ярмида Қайс розияллоҳу анҳу ҳушидан кетиб йиқилибди. Бу ҳодиса Пайғамбаримиз алайҳиссаломга етибди. Сўнгра Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Шу билан рўза кечасида, яъни, кун ботгандан кейин то тонг отгунча муддат орасида таом ейиш ва аёлига яқинлик қилиш ҳалол қилинди.
“Аллоҳ сизнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди”.
Ушбу жумлада зикр этилган хиёнат, кўнгилдан ўтган рўза кечасида аёлга яқинлик қилиш ҳақидаги истакдан иборат. Айрим ривоятларда келишича, баъзилар бу ишни қилган эканлар.
Табарий ривоятларида келтирилтшича Умар ра расулуллоҳ сав нинг ҳузурларидан уйга қайтдилар. Шу куни расулуллоҳ сав билан кечаси суҳбатлашиб ўтириб кечроқ қайтгандилар. Қарасалар аёллари ухлаб қолган экан. У зот аёлларига яқинлик қилишни хоҳладилар. Аёллари у кишига жавобан ухлаб турдимку дебдилар. Хазоат Умар аёлларига ухламагансан дебдилар ва чқинлик қилибдилар. Каъб ибн Молик ҳам шундай қилиб қўйган экалар.
Эртасига эрталаб ҳазрат Умар ра расулуллоҳ савнинг олдиларига бордилар ва Ё расулуллоҳ Аллоҳ ва сиздан узр сўрайман. Нафсим зийнатлаб кўрсатди ва аёлимга яқинлашиб қўйдим, менга бирор рухсат топиб бера оласизми? дедилар.
Расулуллоҳ сав “сен хали бунга лойиқ эмассан эй Умар” дедилар.
Хазрат Умар уйларига етиб келганларида, расулуллоҳ сав ортларидан одам юбордилар ва Аллоҳ таоло ушбу оят билан у зотнинг узрларини қабул қилганини хабарини бердилар.
“Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг”.
Яъни, энди рухсат бўлди. Сиз хотинларингизга яқинлик қилиб, Аллоҳ ёзган нарсани–фарзандни талаб қилинг.
Аллоҳ ёзган нарсадан муродни Ибн Аббос ра “бу қуръондир” дейдилар.
Ибн Аббос ва Муоз иьбн Жабалдан “Лайлатул қадрни” талаб қилинг деган ривоят бор
Баъзи олимлар “рухсат ва кенглик” ни дейдилар.
Ибнул Арабий ушбу оятнинг нозил бўлишига умарнинг жимоъ қилиб қўйгани сабаб бўлган, Қайснинг оч қолиб ҳушидан кетган эмас дейдилар
Рўза кечасида аёлларга яқинлик қилишга рухсат берилиши билан бирга, еб-ичишга ҳам рухсат берди:
“Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг”.
Имом Бухорий Адий ибн Хотамдан ривоят қиладиларки, у киши: “Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг, деган оят нозил бўлганда, битта оқ, битта қора ипни олдим-да, ёстиғим остига қўйдим, уларга қараб-қараб туриб оқи қорасидан ажраганда оғзимни беркитдим. Тонг отиб кундузи бўлганда Расулуллоҳ ҳузурларига бориб, қилган ишимни айтиб бердим. У киши: “Ундоқ бўлса, ёстиғинг кенг экан-да, у гап кундузнинг оқи билан кечанинг қораси ҳақида эди”, дедилар”.
Бу пайтни фажри содиқ дейилади ва ёруғликнинг уфқда тарқалишини билдиради.
Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Саҳарликларингиздан Билолнинг азони ҳам, уфқда бундоқ кўтарилган оқлик ҳам сизни алдаб қўймасин. Токи мана бундоқ бўлиб ёйилгунча (бўлаверади)», дедилар».
Бешовларидан Бухорий ривоят қилмаган.
Термизийнинг лафзида:
«Саҳарликларингиздан сизни Билолнинг азони ҳам, баландга кўтарилган фажр ҳам ман қилмасин. Лекин уфққа ёйилган фажр бўлса (бўлади)», дейилган.
Тонг отиш вақти икки блсқичдан иборат бўлади. Биринсҳчи босқичда ёруғлик пастдан юқорига кўтарилади. Буни “субҳи козиб” яъни “ёлғончи тонг” дейилади. Иккинчи босқич эса ёруғликнинг уфқ бўйлаб кўндаланг тарқалган пайт бўлади. Буни “субҳи содиқ” яъни “рост тонг” дейилади. Шу вақтда оғиз ёпиш вақти кирган бўлади. Унгача еб ичиш мумкин.
“Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг”.
Аллоҳ таоло рамазон ойида кечани еб ичиш ва жимоъ учун вақт қилиб белгилаб берди. Кундузни эса бу ишлардан тийилиш вақти қилди. Ушбу оятда икки вақтнинг ҳам ўзига тегишли ҳукмларини баён қилиб берган. Демак рамазон кунларида рўзадорнинг кечаси рухсат берилган ишлардан бирортасини қилиши жоиз бўлмайди. Кимда ким рамазон кундузида қасддан еб-ичса ёки жимоъ қилса, ўша кун рўзасининг қазосини тутиб бериши ва каффаротини ўташи лозим бўлади.
Каффорот бир қулни озод қилиш, бунга имкон бўлмаса 60 кун пайдар пай рўза тутиш, бунга ҳам қодир бўлмаса 60 та мискинга таом бериш билан адо этилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ҳалок бўлдим, эй, Аллоҳнинг Расули!» – деди.
«Сени нима ҳалок қилди?» – дедилар.
«Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим», – деди.
«Қул озод қилишга нарса топа оласанми?» – дедилар.
«Йўқ», – деди.
«Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?» – дедилар.
«Йўқ», – деди.
«Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
Сўнгра кутиб ўтирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бир занбил хурмо келтирилди. Ул зот (ҳалиги одамга):
«Мана буни садақа қилиб юбор», – дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, биздан кўра фақийрроққами? Аллоҳга қасамки, у(Мадийна)нинг икки четининг орасида биздан кўра муҳтожроқ аҳли байт йўқ», – деди.
Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра:
«Бор! Уни аҳлинга таом қилиб бер», – дедилар.
Бешовлари ривоят қилишган.
Рўзасини бузган рўзадор каффорот бериши вожиблиги шу ҳадисдан олинган.
Энг аввал каффорот қул озод қилиш бўлади.
Каффорот бериш вожиб бўлган одам қул озод қилишга қодир бўлмаса, кетма-кет, орасини узмай олтмиш кун рўза тутиши лозим.
Рўзадорлигини унутиб рўзани очадиган ишлардан бирортасини қилган одам фақат қазосини тутиб беради. каффоротни адо этмайди.
Аллоҳ таоло ушбу оятда кечаси жимоъ қилиш мумкинлигини ва кундузи эса бу ишлардан тийилишни хабарини берди.
Рамазон кундузларида яқинлик қилиш рўзани бузади. Яқинликка олиб келувчи ўпиш, қучоқлаш каби ишлар рўзани бузмайди лекин ўзига ишонмаган одам учун бу макруҳ саналади. Ортидан маний келиши ёки яқинлик бўлиб қолиш эҳтимоли бор бўлса макруҳ саналади.
Жумҳур уламолар жунуб ҳолида тонг орттиргна одамнинг рўзаси рўза бўлишига иттифоқ қилганлар.
“Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг”.
Ушбу оятдан тонггача еб-ичиш ва жимоъ қилишнинг жоизлигини ўргандик. Демак субҳи содиққача жимоъ қилиш жоиз бўлгач, кечанинг охири субҳи содиқ кириши билан тугашини ҳисобга олсак инсон жунуб ҳолатида тонг вақтига кириши мумкин бўлиб қолади. Демак жунуб ҳолида тонг оттирса рўзага ният қилса рўзаси саҳиҳ бўлаверади. Шарти шуки бомдод намозининг вақти кирган пайтда жимоъдан тўхтаган бўлиши лозим.
Ҳайзли аёлнинг ҳукми ҳам шунга ўхшайди. Агар аёл киши бомдод намозининг вақти киришига бир дақиқа қолган пайтда бўлса ҳам покланиб қолса, шу куннинг рўзасини тутиши вожиб бўлади. Аксинча бомдод намозининг вақти киргандан бирор дақиқа ўтганда покланиб қолса ҳам бугунги куннинг рўзасини тутган ҳисобланмайди. Оғзини ёпиб юриши, ҳеч нарса емаслиги шарт бўлса-да, шу куннинг рўзасини қайта тутиб беради.
Оятнинг келгуси жумласида хотинига яқинлик истисно қилинган ҳолат зикр этилади:
“Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг”.
“Эътикоф” сўзи бир нарсани лозим тутиш маъносини билдиради. Шариатда эса, масжидда, Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида, ибодатни лозим тутишга айтилади. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Эътикоф ўтирган одам иложи борича масжиддан чиқмай ибодат билан машғул бўлади. Унда банда, Аллоҳ учун ҳамма нарсадан ажраб чиқади. Шунинг учун аёлларга яқинлик қилишдан ҳам ўзини тияди.
Эътикофда ўтирган одам қасдданми ёки билмасдан унутибми хотинига яқинлик қилиб қўйса эътикофи бузилади. Агар яқинлик қилмасада бирор шаҳвоний иш қилса ва маний тушса, эътикофи бузилади.
Агар маний тушмаса эътикофи бузилмайди, лекин бундай ишлар макруҳ саналади ва гуноҳкор бўлади.
Эътикофдаги одам ортиқча сўзларни гапирмайди, фақат яхши нарсаларни айтиши мумкин. Масжиддан жума намозига бориб келиш каби зарур иш сабабли чиқиши мумкин. Бесабаб чиқадиган бўлса ҳам эътикоф бузилади.
Уламолар эътикофнинг фақатгина масжидда амалга оширилишига иттифоқ қилганлар. Баъзилар фақатгина масжидул ҳаром, масжидун набавий ёки масжидул Ақсодагина эътикоф ўтириш лозим дейдилар. Баъзи уламолар эса фақатгина жума намози адо этиладиган масжидларда эътикоф ўтириш мумкин дейдилар.
Бошқалар эса ҳар қандай масжидда эътикоф ўтириш мумкин дейдилар. Жумладан ҳанафийлар ҳам шу фикрни тасдиқлайдилар.
Аёллар эса фақатгина ўз уйларида эътикоф ўтирадилар.
Ҳанафийлар эътикофнинг энг ози бир кун дейдилар. Абу Ҳанифа ра нинг шогирдлари имом Муҳаммад эса эътикофнинг энг ози бирор соатдир дейдилар.
“Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг”.
Ушбу зикр қилинган нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолога боғлиқ нарсалар, ҳукмлар унинг чегараларидир. Аллоҳ уларга яқинлашмасликка буюрмоқда, чунки чегарага қанча яқинлашилса, чегарани бузиш эҳтимоли шунча кўпаяди.
“Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этадир. Шоядки тақво қилсалар”.
Хадичаи кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабалари Хўжаёр Амина, Мирзаева Муаттарой