ҲАЙРАТУЛ АБРОР ДОСТОНИДА АҚЛ ВА ҲИДОЯТ ТАРАННУМИ
Сўз мулкининг султони, машриқ ва мағрибни илму ирфон зиёси билан баҳраманд этган Навоий ҳазратлари ўз асарларида комиллик, тасаввуф, Аллоҳга бўлган ҳақиқий ишқ, руҳиятни поклаш ва камолот чўққиларини забт этиш ҳамда жамият ҳаётида фаол бўлиш ва бошқа кўплаб мавзуларда сўз юритганлар. Шу жумладан, алломанинг “Ҳайратул аброр” (Яхши кишиларнинг ҳайратланиши) достони Ҳамсанинг биринчи достони бўлиб панд насиҳат руҳидаги таълимий-ахлоқий, фалсафий достон. У 3,988 байт, 64 боб, 20 мақолатдан ташкил топган. Асар мумтоз адабиёт анъаналарига мувофиқ ҳамд, наъат ва муножот билан бошланади. Ҳамд қисмидан олдин Навоий ҳазратлари “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” лафзларини гўзал таъриф ва мукаммаал ташбеҳлар билан сифатлаганлар. Мутафаккир ушбу лафзларни гўёки ипга тизилган маржон бўлиб Раҳмон билан боғлаб турувчи илоҳий бир ришта каби таърифлайди. Навоий ҳазратлари ҳамд қисмида ўқувчини коинот, инсоннинг яратилиши ҳақида чуқур тафаккур қилишга ундайдилар:
Чун ясабон ҳужраи тори димоғ
Ақлдин ул ҳужрада ёқиб чироғ
Ришта анга тори иноят бўлуб,
Шуъла анга нури ҳидоят бўлуб.
Шарҳ: Аллоҳ таоло инсоннинг миясини бир ҳужра каби яратди. Унинг ичига ақлдан чироғ ёқди. Чироқнинг пилиги – Аллоҳнинг инояти, нури эса Аллоҳнинг ҳидоятидир. Зеро, инсондаги энг азиз ва бошқа мавжудотлардан ажратиб турувчи нарса унинг ақл заковати эмасми?! Аллоҳ таоло Қуръони каримда жуда кўплаб ўринларда أوْلو الألباب (Ақл эгалари)ни мадҳ этган. Хусусан, Бақара сураси 269-оятида:
“ У хоҳлаганига ҳикмат беради, кимга ҳикмат берилган бўлса, унга кўп яхшиликлар берилгандир. Бундан фақат оқилларгина ибрат олишади”, - дея марҳамат қилган.
Айнан, ақл эгалари أوْلو الألباب лафзи Қуръони Каримда йигирмага яқин ўринларда зикр қилинган.[1] Муфассир (Қуръони каримни тафсир қилувчи) уламолар Қалб 4 қават бўлади дея таърифлаганлар.
- Содр. (Наас сураси 5-оятда зикр қилинган)[2]. Бу инсон қалбининг энг юза қисми бўлиб жину шайтонлар васваса қиладиган макондир.[3] У гоҳида сиқилиши гоҳида кенгайиши мумкин. У ғиллу ғашликлар ва шубҳаю гумонлар ўрнидир.
- Қалб. (Бақара сураси 204- оятида).[4] Ақл, маърифат, хушуъ, тақво, муҳаббат, розилик, сабр, қаноат ўрни. Ўзгариб туришга моил макон. Содрнинг ички қисми. Содр уни устки қисмидаги ҳимоя қўрғони демакдир. Шайтон қалбга кириш учун даставвал содрга ҳамла қилади.[5] Агар у ерда нафсу ҳаво, кибр каби иллатлар куртак отган бўлса қалбни ишғол қилишга урина бошлайди.
- Фуад. (Нажм сураси 11-оятида зикр қилинган).[6] Бу қалбнинг ичидаги маскан бўлиб, кўра олиш, яъни содир бўлаётган воқеъотларнинг ҳикматларини кўра олиш масканидир. Бу маконда шубҳалар, ва нафсу ҳавога мутлақо ўрин бўлмайди.
- Луб.[7] Қалбнинг энг ички қисмидаги нур. Ҳеч бир нарса аралашмаган тоза ақл. Қуръони Каримда қайси сураларда келганини юқорида зикр қилиб ўтдик.
Юқорида Навоий ҳазратлари Ақлни ҳужра ичидаги нурга қиёслаган эдилар. Айнан шу нур тоза иймон ва бандани йўлини ёритиб турувчи зиё десак муболаға бўлмас.
[1] Бақара сураси 179, 197, 269-оятлар. Оли Имрон сураси 7, 190-оятлар. Моида сураси 100-оят. Юсуф сураси 111-оят. Раъад сураси 19-оят. Иброҳим сураси 52-оят. Сод сураси 29, 43-оятлар. Зумар сураси 9, 18, 21-оятлар. Ғофир сураси 54-оят. Талоқ сураси 10-оят.
[2] Бошқа сураларда ҳам зикри келган.
[3] Ал-Футуҳату илоҳийя. Имом Сулаймон ибн Умар. Даарул кутубул илмийя. Ливан – 1971. 8-жилд. 351-бет.
[4] Бошқа сураларда ҳам зикри келган.
[5] Ал-Футуҳату илоҳийя. Имом Сулаймон ибн Умар. Даарул кутубул илмийя. Ливан – 1971. 8-жилд. 351-бет.
[6] Бошқа сураларда ҳам зикри келган.
[7] Биринчи изоҳга қаранг.