22.06.2022
397

МУСУЛМОННИНГ КИЙИНИШ ОДОБИ ВА МЕЪЁРИЛАРИ

      Ҳозирги кунимизла энг долзарб мавзу ҳисобланган кийиниш аслида кунлик ҳаётимизда кенг учрайдиган ва у билан узвий боғлиқ бўлган одатимиз ҳисобланади. Ҳар қандай замон ва маконда бу мавзуда кўп ва етарлича айтилади. Лекин бугунги илғор жадаллашув давримизда  бу масалани одобу тартибини яна бир маротаба айтиш, эслатиб ўтиш керак 

   Инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир. Қайси инсонда уят, ҳаё, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўз обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзитмайдиган ҳолатда кийинади. Зотан, азалдан халқимизда «Ҳаё ва ибонинг ташқи кўриниши — кийимдур», мазмунидаги ҳикмат бор. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ шогирдларини виқорли, салобатли кийинишга ундар эдилар. Чунки бу ишда илмни ва илм аҳлини ҳурмат қилиш бор. Инсон кийим танлаш борасида миллий-диний қадриятлари чегарасида тургани яхши. Кийиниш маданияти инсоннинг диди қандай эканини кўрсатади
Либос бу – Аллоҳнинг Ўз бандаларига ато этган тенгсиз неъматларидан бири десак муболаға қилмаган бўламиз. У инсонни иссиқ-совуқдан сақлайди, авратларини беркитади ва кишига зийнат бўлиб хизмат қилади.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади “Эй Одам болалари, дарҳақиқат, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан либосини ҳам нозил қилдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир” (Аъроф сураси: 26-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга авратларини беркитадиган ҳамда уларга зийнат бўладиган ҳар турли либосларни яратиб бергани, уларга бу нарсаларни бичиш, тикиш ва тайёрлаш учун имкон берганини “нозил қилдик” деган сўз билан эслатар экан, авратларни мазкур либослар ила тўсишга амр этмоқда.
       Ислом дини мукаммал шариат бўлгач, унда барча нарсанинг одоби ва маданияти муфассал тарзда баён қилиб берилган. Шу жумладан динимиз таълимотида кийиниш маданиятининг ҳам ўзига хос одоблари мавжуд бўлиб, қуйида улар ҳақида қисқача сўз юритамиз.
1. Либос инсоннинг терисини кўрсатадиган даражада юпқа ва шаффоф бўлмаслиги лозим.
2. Тор бўлмаслиги. Баъзи либослар терини кўрсатадиган даражада юпқа бўлмасада аммо, аврат ерларининг шаклини кўрсатиб қўядиган даражада тор бўлади. Бу ҳам мумкин эмас.
3. Эркак киши кийинишда ўзини аёлларга ўхшатиб олмаслиги ёки аксинча, аёл эркакча кийинмаслиги лозим. Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Саҳиҳ” тўпламларида Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (кийинишда) ўзини аёлларга ўхшатадиган эркакларни ва эркакларга ўхшаб кийинадиган аёлларни лаънатладилар”.
4. Кийим олишда ҳаддан ошмаслик, одамлардан ажралиб туриш учун ўта қиммат либосни харид қилмаслик. Имом Аҳмад ўз “Муснад”ларида Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кимки, дунёда шуҳрат либосини кийса, Қиёмат кунида Аллоҳ унга хорлик либосини кийгазади”. Демак, мусулмон киши одамларга кибру ҳаво қилиш, ўзини улардан юқори тутиш ёхуд шуҳрат қозониш учун кийинмаслиги лозим. Чунки, бу нарса уни кибру ҳавога берилиб, ўзидан мамнун бўлишга етаклайди. Бу эса маънавий иллатлар сирасига кирувчи зарарли хислатлардан биридир.
5. Эркакларга тилла тақинчоқлар ва ипак либосларнинг ҳаромлиги. Имом Абу Довуд ўзларининг “Сунан” номли ҳадис тўпламларида Али (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишларича, бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ипак матони олиб ўнг томонларига қўйдилар, тиллани олиб чап томонларига қўйдилар. Сўнг: “Мана бу икки нарса умматимнинг эркакларига ҳаромдир!”, дедилар.
6. Либос кийишда ўнг томондан кийиш суннатдир. Оиша онамиз (разияллоҳуанҳо) айтадилар: “Набий алайҳиссаломга покланишда (яъни, таҳорат ва ювинишларда), соч тарашда ва оёқ кийим кийишда ўнг томондан бошлаш ёқар эди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)..
7. Оқ рангдаги либосларнинг афзаллиги. Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом шундай деганлар: “Кийимларингиздан оқ ранглисини кийинглар, зеро, у либосларингизнинг энг яхшисидир. Ва маййитларингизни ҳам унга (яъни оқ рангли матога) кафанланг!” (Абу Довуд ривояти).
8. Кийимларни пок тутиш лозимлиги. Ислом дини поклик динидир. Бу поклик маънавий ва моддий покизаликни тақозо этади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Муддассир сурасида Набий алайҳиссаломга қарата ва у киши орқали бутун инсониятга хитоб қилар экан: “Кийимларингни пок тут!”, — деган. Демак, либос покизалиги мусулмон кишининг ҳаётида ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Шу боис ҳам намознинг шартларидан бири либоснинг поклигидир. Ундан ташқари поклик ва орасталик иймондан эканлигига далолат қилувчи бир қанча ривоятлар ҳам келган.
9. Кийим кийишда айрим дуоларни ўқишнинг савобли эканлиги. Мусулмон киши аксар вақтда Аллоҳни зикр қилади, Уни ёдга олади. Бу нарса унинг қалби покланиб, ярақлашига, руҳан юксалишига ва гуноҳлари ўчирилиб, даражалари ошишига сабаб бўлади. Набий алайҳиссалом кўп ҳолларда Аллоҳни зикр қилардилар, уйга киришда, чиқишда, уйқуга ётишда, уйқудан туришда, таомланиш олдидан, таомдан сўнг ва ҳоказо. Шу жумладан, либос кийишда ҳам айтиш савобли ва мустаҳаб бўлган баъзи бир зикру дуолар борки, уларнинг айримларини мисол тариқасида келтирамиз. “Алҳамду лиллаҳиллазий касааний ҳаза ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний валаа қувваҳ”. Яъни, “Барча ҳамду санолар менинг ўзимда ҳеч қандай куч-қудрат ва имконият бўлмаган ҳолда бу либосни менга кийдирган ва ризқ қилиб берган Аллоҳга хосдир”.
10. Инсоннинг устида яъни либосида Аллоҳ неъматининг асари кўриниб туриши. Агар кимгадир Аллоҳ кенгчилик ва давлат ато этган бўлса, у инсон ўзининг имконияти ва мақомига мос равишда яхши кийимлардан кийиши, ташқи кўринишига эътибор бериши, покиза ва ораста кийиниши мақсадга мувофиқдир. Зеро, Аллоҳ таоло бирон кимсага неъмат ато этган бўлса, ўша инсонда мазкур неъматнинг асари ва аломати кўриниб туришини яхши кўради. Абул Аҳвас номли саҳобий ўз отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига паст (эскириб кетган, увада) кийимларда келдим. Шунда у киши менга “Сенинг мол-давлатинг борми?”, дедилар. Мен: “Бор!”, дедим. “Нималаринг бор?”, дедилар яна Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Мен: “Аллоҳ менга туя, қўй ва отлар ҳамда қуллар ато қилган”, дедим. Буни эшитгач, Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ сенга мол-дунё ато қилган бўлса, Унинг сенга берган неъмати ва икромининг асари кўриниб турсин!”, дедилар (Абу Довуд ривояти).
        Ёшларимизнинг мода кетидан кўр-кўрона қувишлари ва янги чиққан тор, очиқ, калта либосларни мода дея эътироф этишлари ва бу турдаги кийимлар албатта кийилиши керак деб фикрлашлари айни хақиқат. Бу кийимларнинг ўзбекона маданиятимизга менталитетимизга хос эмаслиги ҳақида эса ўйлаб кўришмаяпти. Афсуски мен бугунги йигит – қизларимизнинг кийиниш маданияти ҳақида ижобий фикр билдири олмайман. Чунки бугун кўча куйда, Европага тақлид қилиб кийинаётган ёшларимизда миллийлигимиз акс этган кийимлар тоборо камайиб бормоқда. Аслида кийиниш маданияти хам ўзбекона маданиятимизнинг ажралмас қисмидир. Бу масаланинг жиддий томони шундаки юзага келаётган ушбу муаммо бугунги куннинг мухим долзарб мавзусига айланди. Кўпчилик ёшларимиз Европа услубида кийинмасликни замондан ортда қолиш деб хисоблашмоқда. Бу фикрнинг мутлақо нотўғри эканлиги ҳақида фикр юритишмаяпти.
Европа модаси деб урф бўлган бемани кийимларни кийиб ўзини бугуннинг замонавий ёшлари деб хисоблайдиган хар бир йигит қиз қаттиқ адашади ва аксинча улар ўзларининг маънавияти тафаккури ва дунё қараши қанчалик саёз эканлигини “замонавий” либослари орқали намоён этишмоқда. Аслида инсоннинг маданиятга хос кийиниш услуби унинг маънавий олами қанчалик бой эканлигини намоён этувчи мухим омил хисобланади. Шу ўринда бир хақиқатни айтиш ўринли деб биламан. Йигит қизларимизнинг кийиниш маданиятида ота-оналарнинг алоҳида ўрни бор. Танасига ёпишиб турувчи ёки калта ва очиқ кийимларни ўз қизларига олиб бераётган айрим ота-оналар бунинг салбий оқибатларга олиб келишини билишармикан. Афсуски ота-оналар орасида қизларининг кийинишига бефарқ қарайдиганлар талайгина.
Кийиниш борасида нафақат қизларимиз балки йигитларимиз ҳам тобора “замонавийлашиб” боришяпти. Ҳар хил бемани ёзув ва расмлар туширилган футболка, калта шим ва шиппакларда кўчани тўлдириб юришгани айни ҳақиқат. Сигарет чекаётган одамнинг сурати туширилган ёки скелет расми солинган футболкаларни кийишга иштиёқманд ўзбек йигитларимизнинг бу ишлари ўзбекона маданиятимизга тўғри келмаслигини англай олишмаяпти. Тасаввур қилиб кўринг калта шим ёки футболка кийиб олган ота ёки тор ва очиқ либосга бурканган она ўз фарзандига ибрат бўлиш ўрнига шу муҳитда улғайиши учун замин яратаётгандек гўё. Ҳақиқатки бундай ота-оналар баъзи-баъзида учраб турибди.
          Либоснинг кенглиги борасида ўртачалик – меъёрга риоя қилиниши керак. Аъзолар сиқиладиган даражада тор, жисмга ноқулайлик келтирадиган ва ҳаракатланишга халал берадиган даражада кенг бўлмаслиги лозим. Ниҳоятда тор кийимлар организмнинг қон айланиш тизими бузилишига олиб келади..
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кийимнинг ораста, бежирим, камтаргина бўлишини тарғиб қилдилар. Эркакларни ҳарир, шойи, парча каби матолар, тилла каби матоҳлардан фойдаланишдан қайтарганлар.
Уламолардан бири кийиниш борасида шундай деган экан: “Кийим кийишда аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва шариат билимдонлари айбламайдиган кийимни кий”.
    Алишер Навоий “Маҳбубул-қулуб” асарида бундай ёзган: “Эркакларининг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безанишлари кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир”..
Биз инсонийлик ва маънавият бобида дунёга танилган улуғ зотларнинг авлодларимиз. Аллома Фаридиддин Аттор айтганларидек, навниҳол ўғил-қизларимиз хатолардан ўзларини узоқроқ тутсалар, оилалари обрўси учун ҳам, мамлакатимиз шаъни учун ҳам фойдадан холи бўлмайди. Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган, миллий қадриятлар даражасига кўтарилган кийиниш одобига доир ажойиб удумлари борки, бугунги авлод вакиллари уларни ҳар қанча ўрганса, ибрат олса, арзийди.
Энг аввало ота она ўз фарзандини кийинишига эътибор бериши, доимий назорат қилиши зарур. Шундагина юқорида келтирилган муаммолар ва салбий фикрлар юзага келмайди. Истардимки қизларимиз ибо ҳаёда барчага намуна бўлиб, йигитларимиз ҳақиқий ўзбек ўғлони сифатида қолишса ва кийиниш маданияти хам миллийлигимизни ўзида мужассам этган энг муҳим омил эканлигини ёдда сақлашса нур устига аъло нур бўлади

   ХАДИЧАИ КУБРО аёл қизлар ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Нурмухамедова Ирода

Другие новости

Аҳмад Ол Қосимий: “Юртингизда бўлиб ўтган конференцияни эзгулик анжумани, деб аташ мумкин”
17.10.2024 39
Аҳмад Ол Қосимий: “Юртингизда бўлиб ўтган конференцияни эзгулик анжумани, деб аташ мумкин”ЖамиятТанлашРўйхатдан ўтингЧоп этиш11:56 / 17.10.2024Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент ва Хива шаҳарларида ўтказилган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини”...
Подробнее
ИСЛОМ – ТИНЧЛИК ВА ЭЗГУЛИК ДИНИ
15.10.2024 42
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш бўй кўрсатади. Мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг тумуш ободлиги осойишталик туфайлидир.Шу нуқтаи назардан айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан...
Подробнее
Ислом – маърифат, тинчлик, эзгулик дини Жамият
14.10.2024 41
Шу йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик” дини мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтади. Ислом динининг пок ва маърифатга йўғрилган, тинчликпарвар ғояларини кенг тарғиб...
Подробнее
Мы в соц сетях

Наши контакты

Телефон: +998 (71) 248-47-52
E-mail: xadichai-kubro@umail.uz
Адрес: Toshkent shahar, Olmazor tumani, Fayziobod ko'chasi, 1-uy
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry