09.11.2022
276

Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдир

Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдир
Бугунги воқелик бизларни хотиржамлик, бепарволик ва лоқайдликка берилмасликка ундайди. Бугунги кунда тинчлик ва осойишталик тепасида раҳбарларимиз бор, кучимиз, салоҳиятимиз бор, хавотир қилишимиз керак эмас, деган фикрларга бормасдан, тинчлик – бу улуғ неъмат экани ва унинг қадрига етиш, унга шукрона айтиш ва ҳаммани шунга чорлаш лозим бўлади. Яқин атрофимизда, юз бераётган воқеалар ва у ерда бўлаётган ўзгаришлар бизга қандай таъсир кўрсатиши мумкин, деган саволга барчамиз жавоб топишимиз керак. Эҳтимол тутилган ҳар қандай хавф-хатар олдини олиш, зарур чораларни кўриш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи эканлигини кенг жамоатчиликка, хусусан, ёшларимизга англатишимиз лозим. 
Зеро, ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради.
Ўз кучимиз ва салоҳиятимизга таянган ҳолда муқаддас қадриятларимиз, тилимиз ва динимизни қайта тиклаб, бугунги кунда янги Ўзбекистон тараққиёт йўлидан барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган ҳур ва эркин юртга айландик. Айниқса, нафақат аҳолимиз, балки дунёдаги кўзга кўринган олим ва мутахассислар, нуфузли халқаро ташкилотларнинг мамлакатимизда мустақиллик йилларида илм-фан, тиббиёт, таълим-тарбия, шаҳарсозлик, қурилиш, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда қўлга киритилган улкан ютуқлар тўғрисидаги эътирофлари касбкори ва ёшидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимизни чексиз ғурурлантирмоқда. 
Албатта, мамлакатимизда рўй бераётган ривожланиш ва тараққиёт юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик эвазига бўлаётганини, тинчлик эса ўз-ўзидан, осонликча келиб чиқмаслигини унутмаслик керак. 
Кези келганда таъкидлаш жоизки, бу ютуқлар қандай қўлга киритилгани, халқимизга хос бўлган сабр-бардош, мамлакат келажагига қатъий ишонч, ҳамжиҳат-ҳамфикр бўлиб яшаш, тинчлик-тотувликни асраш, бағрикенг бўлиш, ўзаро меҳр-оқибат кўрсатиш каби улуғ фазилатлар ҳақида аҳолига, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлодга сўзлаб беришимиз лозим. Токи бугунги мураккаб шароитда тинчликни асраш учун огоҳлик, сезгирлик, ҳушёрлик ҳар қачонгидан кўра муҳимлигини тўлиқ тушуниб етсинлар. 
Бинобарин, маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллигига, тинч ва осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган кучларга қарши изчил кураш олиб бориш вазифаси ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди. 
Атрофга назар ташлайдиган бўлсак, юртимизда бўлаётган бунёдкорлик, ободончиликни ва кундан-кунга гўзаллашиб бораётган гўшаларни кўриб, кишининг кўзи қувонади, дили яйрайди. Шуларни ҳис этарканмиз, муҳтарам азизлар, фарзандларимиз, набираларимиз бахти учун суюниб яшайлик, уларнинг ёшлик йиллари саодатли, шукуҳли замонга тўғри келганини уларга англатайлик, буларнинг барчасига шукр қилайлик. Ёшларимиз ҳамманинг ҳавасини келтирадиган даражада билимли, истеъдодли бўлиб вояга етишяпти. Буларнинг бари тинчликдандир.
Маълумки, тинчлик Аллоҳ таоло томонидан бутун инсониятга инъом этилган улуғ неъматдир. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани ҳам бежиз эмас, албатта. Аллоҳ таоло Қуръони каримда баён қиладики: “Эй имон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ишига киришингиз” (Бақара, 208). 
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тинчлик ва хотиржамлик ҳақида шундай деганлар: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадир” (Имом Бухорий ривояти). 
Ҳақиқатан ҳам, Аллоҳ таолонинг бу улуғ неъматидан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмаслигини кўриб турибмиз. Чунки дунёнинг турли бурчакларида террорчилар томонидан ноҳақ қон тўкишлар содир этилмоқда. Шундай мудҳиш воқеаларни қабиҳ ниятли бузғунчи гуруҳлар юзага келтираётгани бутун дунё тинчликсевар халқлари қатори Ўзбекистон халқининг қалбини ҳам қаттиқ ларзага солади. 
Шунинг учун ҳам биз доимо тинчлик ва меҳр- оқибатни ўзида мужассам этган муқаддас Исломдинимизни пок сақлаш, турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилишни, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, Ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзарб вазифа сифатида биламиз. Шунингдек, Ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган ҳаракат ва кучларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туриш зарурлигини таъкидлаймиз. 
Зеро, Қуръони каримнинг Моида сураси 2-оятида “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз”, дейилган. Бу ояти каримадан маълум бўладики, эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида тинчлик барқарор бўлишига бош омилдир. 
Халқ орасида фитна қўзғатиш, туҳмат ва иғво тарқатиш йўлидаги уринишлар тинчлик ва хотиржамликни издан чиқарувчи ҳодисалардан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, бундай ҳаракатлар Исломнинг моҳиятига мутлақо зид экани Қуръони каримнинг Бақара сураси 191-оятидаги “...Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир...” деган кўрсатма ҳамда Нур сурасининг 11–21-оятларида миш-миш тарқатганлар учун бу дунё ва охиратда тайинланган жазолар ҳақида хабар берилиб, унга ишонганлар ҳам қаттиқ маломат қилингани тўғрисида қайдлар келгани юқоридаги фикрларнинг нақадар тўғри эканини тасдиқлайди. 
Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш тинчликни таъминлаш, турли хил кўнгилсизликлар ва хавфу хатарлар олдини олишнинг зарурий шарти ҳисобланади. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло тафаккур қилмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмайдиган, бугуннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида қайғурмайдиган, бепарво ва беғам кимсаларни Аъроф сурасининг 179-оятида бундай таърифлайди: 
“Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан «англамайдилар». Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан «кўрмайдилар». Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан «эшитмайдилар». Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”. 
Ислом оламининг эътиборли уламолари мўътабар манбалар асосида бераётган раддияларни тан олмаётган турли йўналиш ва фирқаларнинг аъзоларини ҳам юқоридаги оятда зикр этилган кимсаларга қиёслаш мумкин. Тинчликни улуғ неъмат деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: “Тили ва қўлидан мусулмон омонда (саломат) бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир”.

"Хадичаи Кубро"  аёл-қизлар ўрта махсус 
ислом таълим муассасаси  ахборот-ресурс маркази раҳбари  М. Саиджалолова

Другие новости

Bandalar jannatga Allohning fazli bilan kirishlari haqida
21.12.2024 1
Ma’lumki, Alloh taolo iymon keltirgan va solih amal qilib oʻtgan bandalari uchun goʻzal jannatlarni yaratib qoʻygan. Bu jannatlarning vasfi Qur’onda juda koʻp oyatlarda zikr qilinadi.Xususan, Niso surasi 57-oyatda:“Iymon keltirgan va...
Подробнее
Аҳмад Ол Қосимий: “Юртингизда бўлиб ўтган конференцияни эзгулик анжумани, деб аташ мумкин”
17.10.2024 54
Аҳмад Ол Қосимий: “Юртингизда бўлиб ўтган конференцияни эзгулик анжумани, деб аташ мумкин”ЖамиятТанлашРўйхатдан ўтингЧоп этиш11:56 / 17.10.2024Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент ва Хива шаҳарларида ўтказилган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини”...
Подробнее
ИСЛОМ – ТИНЧЛИК ВА ЭЗГУЛИК ДИНИ
15.10.2024 57
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш бўй кўрсатади. Мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг тумуш ободлиги осойишталик туфайлидир.Шу нуқтаи назардан айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан...
Подробнее
Мы в соц сетях

Наши контакты

Телефон: +998 (71) 248-47-52
E-mail: xadichai-kubro@umail.uz
Адрес: Toshkent shahar, Olmazor tumani, Fayziobod ko'chasi, 1-uy
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry