29.11.2022
231

ҲАЙРАТУЛ АБРОР ДОСТОНИДА АҚЛ ВА ҲИДОЯТ ТАРАННУМИ

Сўз мулкининг султони, машриқ ва мағрибни илму ирфон зиёси билан баҳраманд этган  Навоий ҳазратлари ўз асарларида комиллик, тасаввуф, Аллоҳга бўлган ҳақиқий ишқ, руҳиятни поклаш ва камолот чўққиларини забт этиш ҳамда жамият ҳаётида фаол бўлиш ва бошқа кўплаб мавзуларда сўз юритганлар. Шу жумладан, алломанинг “Ҳайратул аброр” (Яхши кишиларнинг ҳайратланиши) достони Ҳамсанинг биринчи достони бўлиб панд насиҳат руҳидаги таълимий-ахлоқий, фалсафий достон. У 3,988 байт, 64  боб, 20 мақолатдан ташкил топган. Асар мумтоз адабиёт анъаналарига мувофиқ  ҳамд, наъат ва муножот билан бошланади. Ҳамд қисмидан олдин Навоий ҳазратлари “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” лафзларини гўзал таъриф ва мукаммаал ташбеҳлар билан  сифатлаганлар. Мутафаккир ушбу лафзларни гўёки ипга тизилган маржон бўлиб Раҳмон билан боғлаб турувчи илоҳий бир ришта каби таърифлайди. Навоий ҳазратлари ҳамд қисмида ўқувчини коинот, инсоннинг яратилиши ҳақида чуқур тафаккур қилишга ундайдилар: 
Чун ясабон ҳужраи тори димоғ
Ақлдин ул ҳужрада ёқиб чироғ
Ришта анга тори иноят бўлуб,
Шуъла анга нури ҳидоят бўлуб.
Шарҳ: Аллоҳ таоло инсоннинг миясини бир ҳужра каби яратди. Унинг ичига ақлдан чироғ ёқди. Чироқнинг пилиги – Аллоҳнинг инояти, нури эса Аллоҳнинг ҳидоятидир. Зеро, инсондаги энг азиз ва бошқа мавжудотлардан ажратиб турувчи нарса унинг ақл заковати эмасми?! Аллоҳ таоло Қуръони каримда жуда кўплаб ўринларда أوْلو الألباب  (Ақл эгалари)ни мадҳ этган. Хусусан, Бақара сураси 269-оятида:
“ У хоҳлаганига ҳикмат беради, кимга ҳикмат берилган бўлса, унга кўп яхшиликлар берилгандир. Бундан фақат оқилларгина ибрат олишади”, - дея марҳамат қилган. 
Айнан, ақл эгалари أوْلو الألباب  лафзи  Қуръони Каримда йигирмага яқин ўринларда зикр қилинган. Муфассир (Қуръони каримни тафсир қилувчи) уламолар Қалб 4 қават бўлади дея таърифлаганлар. 
Содр. (Наас сураси 5-оятда зикр қилинган). Бу инсон қалбининг энг юза қисми бўлиб жину шайтонлар васваса қиладиган макондир. У гоҳида сиқилиши гоҳида кенгайиши мумкин. У ғиллу ғашликлар ва шубҳаю гумонлар ўрнидир.
Қалб. (Бақара сураси 204- оятида). Ақл, маърифат, хушуъ, тақво, муҳаббат, розилик, сабр, қаноат ўрни. Ўзгариб туришга моил макон. Содрнинг ички қисми. Содр уни устки қисмидаги ҳимоя қўрғони демакдир. Шайтон қалбга кириш учун даставвал содрга ҳамла қилади. Агар у ерда нафсу ҳаво, кибр каби иллатлар куртак отган бўлса  қалбни ишғол қилишга урина бошлайди. 
Фуад. (Нажм сураси 11-оятида зикр қилинган).  Бу қалбнинг ичидаги маскан бўлиб, кўра олиш, яъни  содир бўлаётган воқеъотларнинг ҳикматларини кўра олиш масканидир. Бу маконда шубҳалар, ва нафсу ҳавога мутлақо ўрин бўлмайди. 
Луб. Қалбнинг энг ички қисмидаги нур. Ҳеч бир нарса аралашмаган тоза ақл.  Қуръони Каримда қайси сураларда келганини юқорида зикр қилиб ўтдик. 
Юқорида Навоий ҳазратлари Ақлни ҳужра ичидаги нурга қиёслаган эдилар. Айнан шу нур тоза иймон ва бандани йўлини ёритиб турувчи зиё десак муболаға бўлмас. 
Навоий ҳазратларининг зикр қилинган тўрт қатор мисраларини таҳлил қилар эканмиз, мисралар маъноси Қуръони Карим оятларига тўлақонли мувофиқ эканини кўрдик.

Фойдаланилган адабиётлар:
“Ҳайрат-ул аброр матн, насрий баён, шарҳ, луғат” Акром Малик. —Т:., 2021.
“Ал-Футуҳату илоҳийя”. Имом Сулаймон ибн Умар. Даарул кутубул илмийя. Ливан – 1971. 8-жилд.
“Қуръони Карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси”. Шайх Усмонхон Темурхон ўғли Самарқандий. — Т:., 2021

Ахмедова Муаттар Абдулқаюм қизи
Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ
матншунослик ва адабий манбашунослик
2 курс магистранти

Другие новости

Аҳмад Ол Қосимий: “Юртингизда бўлиб ўтган конференцияни эзгулик анжумани, деб аташ мумкин”
17.10.2024 30
Аҳмад Ол Қосимий: “Юртингизда бўлиб ўтган конференцияни эзгулик анжумани, деб аташ мумкин”ЖамиятТанлашРўйхатдан ўтингЧоп этиш11:56 / 17.10.2024Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент ва Хива шаҳарларида ўтказилган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини”...
Подробнее
ИСЛОМ – ТИНЧЛИК ВА ЭЗГУЛИК ДИНИ
15.10.2024 33
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш бўй кўрсатади. Мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг тумуш ободлиги осойишталик туфайлидир.Шу нуқтаи назардан айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан...
Подробнее
Ислом – маърифат, тинчлик, эзгулик дини Жамият
14.10.2024 33
Шу йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик” дини мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтади. Ислом динининг пок ва маърифатга йўғрилган, тинчликпарвар ғояларини кенг тарғиб...
Подробнее
Мы в соц сетях

Наши контакты

Телефон: +998 (71) 248-47-52
E-mail: xadichai-kubro@umail.uz
Адрес: Toshkent shahar, Olmazor tumani, Fayziobod ko'chasi, 1-uy
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry